Спортчилар тайёрлаган, ҳакамлик ва назоратчилик фаолияти билан ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшган Сайфиддин Эрматов вафот этди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Сайфиддин Газиевич Эрматов 1953 йил 22 февраль куни Тошкентда туғилган. Болалигидан футбол билан шуғулланиб келган, жумладан, ёшлик даврларида «Пахтакор», «Спартак» ва «Автомобилчи» жамоаларида тўп сурган.
Шундан сўнг «Пахтакор» болалар-ўсмирлар спорт мактаби ва халқ орасида «Чиғатой» номи билан машҳур бўлган футбол бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактабида ёшларга футболдан сабоқ берган. Кейинчалик футбол ҳаками ва инспектори сифатида меҳнат қилган.
Сайфиддин Эрматов фаолияти давомида кўплаб истеъдодли ёш ҳакамларни тарбиялашда катта ҳисса қўшган. Шогирдлари орасида ўзининг ўғли, ФИФА рефериси, футбол мундиалларини бошқариш бўйича жаҳоннинг мутлақ рекордчиси, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, шунингдек, Абдуҳамидулло Расулов каби таниқли ҳакамларни учратиш мумкин.
Шунингдек, у таркибида Сервер Жепаров, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Ярослав Крушелниский, Юрий Никитов каби иқтидорларни жамлаган 1982 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи бўлган.
Марҳум 2022 йилда «Ўзбекистон спорт фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган.