Хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан давлат ОТМларига ўқишни кўчириш бўйича тест синовлари 19−20 август кунлари бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.
Тест икки сменада ташкил этилади:
- I сменада 08:00 дан 11:00 га қадар;
- II сменада 15:00 дан 18:00 га қадар.
Синовлар 2 та мутахассислик ва 3 та мажбурий фан бўйича ўтказилади ҳамда талабгорларга мутахассислик фанларида 30 тадан, мажбурий фанларда 10 тадан — жами 90 та тест топшириғи ва уларни ишлаш ҳамда жавоблар варақасига кўчириш учун 3 соат вақт берилади.
Талабгорлар тестда иштирок этиш учун рухсатномани Билимни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz сайтидан олишлари мумкин. Улар синов ўтказиладиган бинога рухсатномада белгиланган вақтдан кечикмасдан, паспорт (ID-карта) ва рухсатнома билан келишлари лозим.
Аввалроқ вазирлик ўтиш балларини тасдиқлаганди. Энг юқори ўтиш балли ҳуқуқ соҳаси учун белгиланган — 140 балл. Шунингдек, соғлиқни сақлаш йўналишида ўқишини кўчирмоқчи бўлганлар камида 129 балл тўплаши керак бўлади.