Сиёсат
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг келажаги учун алоҳида масъулиятни ўз зиммасига олган — Абдулазиз Комилов
Ўзбекистон Марказий Осиё келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олган, дейилади президент махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг мақоласида. Ўзбекистон тараққиётининг барча ҳаётий масалалари чегарадошлар билан яхши қўшничилик ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган муносабатларга боғлиқ, деди у.
Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятидаги мутасаддилар ишини танқид қилди
Бухоро вилоятида 160 та давлат муассасасида 5 минг нафар раҳбар ходим ишлайди, уларнинг иш ҳақи учун ҳар йили бюджетдан 455 млрд сўм (ҳар бир ходимга ўртача 7,58 млн сўм) ажратилади, деди президенти. Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимига улар учун KPI белгилашни топширди.
Сенат ҳуқуқ-тартибот ходимлари видеоларини «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатишни тақиқловчи ўзгартиришни кўриб чиқади
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси 15 август куни бўлиб ўтади. Унда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятига оид тасвирларни «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатганлик учун жазони назарда тутувчи ўзгартириш ҳам кўриб чиқилади. Юқори палата мазкур ҳужжатни ҳалигача кўриб чиқмаганди.
Иқтисодиёт
Омонатларнинг кафолатланган миқдорини 200 млн сўмгача камайтириш режалаштирилмоқда. Бу нима учун керак?
Ўзбекистон дунёда 100 фоиз омонат кафолати ҳали ҳам амал қиладиган кам сонли давлатлардан биридир. Марказий банк кафолат чегарасини 200 млн сўм этиб белгилашни, компенсация бериш муддатини қисқартиришни ва бошқаларни таклиф қилмоқда. Тўлиқ кафолат аввал очилган депозитлар учун сақланиб қолади.
Камбағаллик даражасини 3 йил ичида 7 фоизга тушириш кўзда тутилмоқда. Чора-тадбирлар режаси
Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизими қайта кўриб чиқилади. Ҳар йили 50 та маҳалла танлаб олиниб, камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади. Шунингдек, бу ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифасига айланади. Эҳтиёжмандларни ишга олган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади.
Президент 100 дан ортиқ ишбилармонни «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирлади
Шавкат Мирзиёев Тадбиркорлар куни олдидан 104 нафар ишбилармонни «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича фармойиш чиқарди (рўйхат).
Қирққа яқин тадбиркор орден ва медаллар билан тақдирланди
Президент Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини, жумладан, 37 кишини мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади. Уларга «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик» орденлари ва «Келажак бунёдкори» ҳамда «Шуҳрат» медаллари берилди (рўйхат).
Президент Кореядан юқори тезликдаги 6 та электропоездни харид қилиш бўйича қарор имзолади
Ўзбекистон Корея Эксимбанки иштирокида 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилади. «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Темирйўлэкспресс» лойиҳани ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш, шунингдек, қарзлардан самарали фойдаланишга масъул бўлади.
Orient Group Management ва UzOman компанияларига нисбатан монополияга қарши иш очилди
Рақобат қўмитаси Orient Group Management ва Ўзбекистон-Ўмон инвестиция компаниясига (UzOman) қарши иш қўзғатди, уларнинг ҳар бири Highway Logistics Center акцияларининг 45 фоиздан ортиғига эгалик қилиши аниқланди. Компаниялар монополияга қарши қонунчиликни бузгани учун жаримага тортилди.
Ўзбекистонда факторинг хизматларини ривожлантириш бўйича фармон имзоланди. Асосий маълумотлар
Президент факторинг хизматлари бозорини ривожлантиришга оид фармон имзолади. 2025 йилдан кредит ташкилотлари факторинг шартномалари бўйича сотиб олинган пул талабномаларини қайта сота (рефакторинг) олади, мижоз контрагенти норезидент бўлса, операцияларни хорижий валютада қилишга рухсат этилади.
Жамият
Наманганда мулкий низо сабаб қариндоши ва унинг икки боласини ўлдирган эркак ушланди
Наманган вилояти Поп туманида мулкий низо келиб чиққан жанжалда қариндош аёл ва унинг икки нафар ёш боласини пичоқлаб ўлдирган эркак қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Фирибгарликда айбланиб қидирувда бўлган яна бир аёл Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди
Фирибгарликда айбланиб 2022 йилдан буён қидирувда бўлган Дилафруз Мадиева Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди. Ундан жабр кўрганлар Бош консулхонага ёки ИИВга мурожаат қилиши мумкин.
Хизмат кўрсатиш жойларини сотиб олиш учун «хизмат ипотекаси» жорий қилинади — президент
Президент хизмат кўрсатиш жойларини сотиб олиш учун алоҳида кредит тури йўлга қўйилишини айтди. У мутасаддиларга «хизмат ипотекаси»ни жорий қилиб, кредит ажратишни бошлашни топширди.
Адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил этилди
Президент топшириғига асосан, ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб қилиш мақсадида шу йўналишдаги федерацияларни ўз ичига олган Адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил этилди. ИҲМА директорининг ўринбосарлари ташкилот тузилмаларидаги масъул лавозимларга сайланди.
«Андижон» клуби футболчиси «Бунёдкор» стадионида Миллий гвардия ходими билан муштлашди
«Андижон» футбол клуби аъзоси Марлен Чобанов «Бунёдкор» стадионида Миллий гвардия ходими талабига бўйсунмай, у билан жанжаллашди. Футболчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қашқадарёда бассейнда чўмилишга борган 18 ёшли йигит ток уриши оқибатида вафот этди
Қарши туманида 18 ёшли йигитни сузиш ҳавзаси ҳудудида ток урди. Оқибатда у шифохонага етмасдан вафот этди. Очилганига 2 ой бўлган бассейн фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Ўқишни кўчириш бўйича тест 19−20 августда бўлиб ўтади
Хорижий ва хусусий олийгоҳлардан давлат ОТМларига ўқишни кўчириш бўйича тест синовлари 19−20 август кунлари бўлиб ўтади. Синовлар 2 та мутахассислик ва 3 та мажбурий фан бўйича ўтказилади.
Самарқандда ЙТҲ оқибатида 4 ёшли бола ҳалок бўлди
Жомбой туманида Gentra ҳайдовчиси йўл четидаги 4 ёшли пиёдани уриб юборди. Оқибатда бола тан жароҳатлари билан воқеа жойида ҳалок бўлди.
Мактаб сумкасини танлашда нималарга эътибор бериш керак?
ССВ янги ўқув йили олдидан мактаб сумкаларини танлашда нималарга эътиборли бўлиш ва улардан қандай фойдаланиш бўйича тавсиялар берди. «Нотўғри танланган ва фойдаланилган рюкзаклар умуртқа поғонаси ва мушаклар учун ортиқча юкламани келтириб чиқаради, бу сколиоз ривожланиши хавфини оширади».
Оёқяланг юришнинг қандай фойдалари бор?
Мия фаолияти ва уйқуни яхшилайди, яллиғланишлар ва сурункали касалликлар ривожланиш хавфини камайтиради, иммунитетни ошириб, стрессни камайтиради, инфекцияларнинг олдини олади — ялангоёқ юришнинг 6 та энг муҳим фойдаси ҳақида.
Андижонда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директори жаримага тортилди
Асакадаги 37-мактабда ўқитувчилар оғир қурилиш ишларига жалб қилингани, иш жараёнида ўқитувчилардан бири жароҳатлангани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, ўқитувчилар дарс соатлари қисқариб кетишидан қўрқиб, мажбурий меҳнатга рози бўлган. Мактаб директори 35 млн сўм жаримага тортилди.
Наманганда фуқаро уни тўхтатишга келган икки ИИБ ходимини пичоқлади
Наманганда аҳоли тинчлигини бузиб, безорилик қилаётган фуқаро ҳолатнинг олдини олишга келган икки нафар ИИБ ходимини пичоқ ва ёғоч билан жароҳатлади. У қўлга олинди, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Спорт
Олимпиадачи Ситора Турдибековага 1 хонали уй совға қилинди
Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашган боксчи Ситора Турдибековага 1 хонали уй совға қилинди. Ҳокимликнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, хонадон тадбиркор томонидан берилган. Спортчи жинси баҳс-мунозараларга сабаб бўлган тайванлик боксчи Лин Ю Тинг билан жанг қилиб, ютқазганди.
Спорт фахрийси Сайфиддин Эрматов 71 ёшида вафот этди
ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг отаси, ҳакамлик ва назоратчилик фаолияти билан ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшган Сайфиддин Эрматов 71 ёшида вафот этди. У 1982 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи ҳам бўлган.
Жаҳон
Олимлар Марс юзаси остида суюқ сув борлигини аниқлади
Марс сатҳидан пастда (11,5 дан 20 километргача) жуда катта суюқ сув захираси бўлиши мумкин. Америкалик олимлар NASA’нинг InSight Lander зонди таҳлили асосида шундай хулосага келди.
Дональд Трамп Х тармоғида Илон Маскка интервью берди
АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп миллиардер Илон Маскка интервью берди. Суҳбат Маскнинг Х платформасида бўлиб ўтди ва техник муаммолар туфайли 40 дақиқа кечикиш билан бошланди. Сиёсатчи ва бизнесмен турли мавзуларни муҳокама қилди, шунингдек, «бир-бирларига мақтов ёғдирди».
Россия йил охирида янги сафарбарлик амалга ошириши мумкин — Bloomberg
Россия ҳукумати оғир йўқотишлар фонида аскарлар етишмаслиги сабабли жорий йилнинг охирларидаёқ янги сафарбарлик ўтказиши мумкин, деб ёзди Bloomberg. Армияга қўшилганлик учун бонусларни ошириш ёрдам бермаяпти.
Япония бош вазири янги муддат учун номзодини кўрсатмайди
Япония бош вазири Фумио Кишида 2024 йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган ҳукмрон партия раиси сайловларида иккинчи муддатга номзодини кўрсатмайди ва шу тариқа ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этади. Бундай қарорни у қатор сиёсий можаролар фонида қабул қилди.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!