Реклама қонунчилиги юзасидан барча давлат ва нодавлат телеканалларга кўрсатма хати юборилди, деб хабар берди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Қўмита хабарида айтилишича, сўнгги вақтларда ОАВ (хусусан, телеканаллар) орқали рекламаларни тарқатиш ва жойлаштиришда қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда, қўмита томонидан рақамли телевидение хизматларини кўрсатувчи провайдерларга (телерадиоканаллар) кўрсатма хати юборилган. Кўрсатмада телеканаллардан бир ойлик муддатда рекламага оид фаолиятини амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб мувофиқлаштириш ва қайта кўриб чиқиш сўралган.

Қўмита ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда соҳага оид мониторинг таҳлиллари ўтказишда давом этишини маълум қилди. Ўрганишларда қонун бузилишига йўл қўйган субъектларга нисбатан қатъий таъсирчан чоралар, шу жумладан, молиявий санкциялар қўлланади, дейилади хабарда.