Шавкат Мирзиёев 12 август куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда профессионал кадрлар тайёрлаш чора-тадбирларини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, касбга ўқитиш меҳнат бозоридаги талаб ва ёшлар қизиқишини ҳисобга олмасдан, мавжуд ўқитувчилар доирасида амалга оширилмоқда.
Ёшларнинг атиги 2 фоизи дуал таълим шаклида ўқитилади, Бухоро вилоятидаги 30 минг корхонадан 350 таси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Натижада қуввати 28 минг ўқувчи бўлган коллеж ва техникумларга қабул 50 фоизга етмайди.
Шу муносабат билан қувватидан тўлиқ фойдаланмаётган ўқув бинолари ва хоналари тадбиркорларга тўғридан-тўғри ижарага берилади, деди президент. Тушган маблағлар биноларни таъмирлаш ва ускуналар харид қилишга сарфланади. Бу ерда ёшларни касбга ўқитиб, ишли қилиш ягона шарт экани таъкидланди.
Давлат раҳбари мутасаддиларга имкониятдан фойдаланиб, бу йил 30 та коллеж ва техникумда хусусий ўқув курсларини бошлашни топширди.
Президент мактаб, коллеж, техникум ва олийгоҳларда ёшлар ишлаб чиқараётган товарларни давлат хариди платформаларида сотишдаги чекловни олиб ташлаш вазифасини ҳам қўйди.