Душанба кечаси Uzbekistan Airways’нинг Париждан тўғридан-тўғри рейси билан етиб келган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Тошкент аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.
Трапда уларни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева, бош вазир Абдулла Арипов, Спорт вазирлиги раҳбарияти, пойтахт ҳокими ва бошқа мутасаддилар кутиб олди.
Аэропортнинг маҳаллий терминалида спортчиларни қариндошлари қарши олди. Кўплаб журналистлар, жумладан, «Газета.uz» мухбирлари терминал биносига кира олмади.
Расмий маросимдан сўнг спорт делегацияси икки қаватли автобусларда Миллий олимпия қўмитасига олиб борилди.
Мухлислар делегация маршрути бўйлаб Ўзбекистон байроқлари ва 2024 йилги Олимпиада совриндорларининг юзлари туширилган плакатларни кўтариб турди.