9 август куни Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида иштирок этгани ҳақида ёзгандик. Қуйида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган таклифларни келтирамиз.
- Маслаҳат учрашуви форматини янада такомиллаштириш.
- Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш.
- Иқтисодий шерикликни ривожлантиришнинг янги моделини ишлаб чиқиш.
- Тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва регламентларни унификация қилиш, божхона операциялари ва фитосанитария тартиб-таомилларини рақамлаштириш, давлат харидлари жараёнида ўзаро иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқиш.
- Бош вазирлар ўринбосарлари даражасида Иқтисодий кенгаш — мунтазам равишда учрашувларни йўлга қўйиш.
- Марказий Осиё бизнес ҳамкорлиги ҳафталигини ўтказиш.
- Қисқа қўшилган қиймат занжирларини яратиш, етакчи халқаро компаниялардан инвестиция ва технологияларни жалб қилиш, кооперациянинг янги шаклларини жорий этиш.
- Марказий Осиё инвестиция кенгаши ва минтақа мамлакатлари Инновацион ривожланиш банкини ташкил этиш, қўшма инвестиция форумларини мунтазам ўтказиб бориш.
- Транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш.
- Транспорт вазирликлари, ташувчилар ва экспедиторлар, логистика компаниялари ва мутахассислар иштирокида Экспертлик конференциясини ўтказиш.
- Аграр ишлаб чиқаришнинг инновацион усуллари, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш, чуқур қайта ишлашни ривожлантириш, селекция соҳасида илмий ишларни кучайтириш, кластерлар ва «ақлли фермалар»ни яратиш.
- Сентябрь ойида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро форум ва унинг доирасида Минтақавий стратегия ишлаб чиқиш учун қишлоқ хўжалиги вазирларининг алоҳида учрашувини ўтказиш.
- Орол фожиасига ечим топишга қаратиш мақсадида минтақадаги экологик вазият ҳақида қўшма тақдимот ўтказиш.
- Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш комплекс дастури, Трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг минтақавий стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.
- Минтақавий ўзига хосликни шакллантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган илмий форум ўтказиш.
- Инновацион ғоялар ва лойиҳалар минтақавий ёшлар танловини ўтказиш.
- Марказий Осиё таълим ва академик алмашув дастурини қабул қилиш ва мамлакатлардаги етакчи олий ўқув юртларининг дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш.
- Минтақа давлатларининг иқтидорли талабалари ўқиши учун ўзаро келишувлар асосида стипендиялар ажратиш.
- «Битта тур — бутун минтақа» тамойили бўйича миллий ID карталарни ўзаро тан олиш ва оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш.
- Марказий Осиёда стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида кўп томонлама битимни имзолаш.