27 июль куни соат 13:10 атрофида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Damas ҳайдовчиси вояга етмаган болани уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Тармоқларда тарқалган видеоларда йўл четида турган Cobalt машинасидан катта ёшдаги эркак ва вояга етмаган қиз тушиб, йўлнинг нариги бетига ўтганини кўриш мумкин. Шундан сўнг, 6 ёшли бола уларнинг ортидан эргашмоқчи бўлиб, йўлга қарамай, югуриб ўтмоқчи бўлади. Шу пайтда уни йўлнинг қарама-қарши йўналишидан келаётган 25 ёшли ҳайдовчи З.М. бошқарувидаги Damas уриб юборади.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бола турли хил тан жароҳатлари олиб, туман марказий шифохонасига ётқизилган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

ЙҲХБ ота-оналардан фарзандларини автомобиль йўлларида қаровсиз қолдирмасликларини эслатиб ўтди.

Аввалроқ Самарқандда Nexia 2022 йилги ШҲТ саммити олдидан кенгайтирилган йўлдан ўтаётган 7 ёшли болани уриб юборганди. «Пешеход»лар орасидаги масофа 1 км бўлгани учун аҳоли доимий равишда бу ердан йўлни кесиб ўтади. Ўшанда ҳам вилоят ЙҲХБ аҳолини болаларга эътиборли бўлишга, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга чақирганди.

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида юқори тезликдаги (тахминан 140 км/соат) BYD Song Plus Champion машинаси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 2-синф ўқувчисини босиб кетганди. Қиз воқеа жойида вафот этган.

Сенат йилнинг дастлабки беш ойида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани, 294 нафари жароҳатлангани ҳақида маълум қилганди. 2023 йилда йўлларда 263 нафар бола ҳалок бўлган, 1568 нафари жароҳатланган.