Остона шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.
«Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказмоқдамиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида тарихий воқеа ҳисобланади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Икки мамлакат раҳбарлари «Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларида янги сифат босқичи бошланганини» англатадиган 2024−2034 йилларга мўлжалланган тарихий стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастурининг қабул қилинишини олқишлади.
Мажлис давомида Шавкат Мирзиёев бир қатор устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди.
У халқаро тузилмалар доирасида позицияларни мувофиқлаштириш ва умумий манфаатларни самарали илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
Томонлар мулоқотлар натижадорлигини ошириш, Парламентлараро форумни таъсис этиш, Экспертлар кенгашининг қизғин ишини давом эттириш бўйича келишувга эришди.
Шавкат Мирзиёев саноат кооперациясининг янги стратегиясини қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Томонлар бир кун аввал бўлиб ўтган бизнес форуми ва ишбилармонлик учрашувлари якунлари бўйича 7 млрд долларлик салмоқли келишувлар имзоланганини ижобий баҳолади. Гап энергетика, логистика, қурилиш, кимё, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида бормоқда.
Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга туширишни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қўшма жамғарма ташкил этиш масаласини ўрганишга келишиб олинди.
«Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, энергетика, алоқа ва рақамлаштириш каби истиқболли тармоқларда ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳим. Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида „Марказий Осиё“ халқаро саноат кооперацияси марказини имкон қадар тезроқ ишга тушириш зарур», — деди Қосим-Жомарт Тўқаев.
«Биз саноат кооперациясига катта умид боғлаймиз. Бугунги кунда 3 мрд доллардан ортиқ 70 га яқин қўшма лойиҳамиз мавжуд бўлиб, уларда 14 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Биз бу борадаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга, бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёрмиз», — деди у.
Иқтисодий ҳамкорликнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ҳудудлар ўртасидаги алоқалар стратегик шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Энергетика қувватлари ва инфратузилмасини қуриш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлик билдирилди.
Транспорт ва транзит соҳасида ишбилармон доираларни жалб этган ҳолда икки мамлакат ўртасида янги транспорт йўлакларини қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Бундан ташқари, замонавий логистика инфратузилмасини яратиш ишларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Кенгаш мажлисида трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Минтақада сувдан фойдаланиш масалаларига ягона ёндашув мавжудлиги қайд этилди. Ишончли ҳуқуқий базани шакллантириш, сув хўжалиги объектларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш ишлари давом эттирилади.
Таълим соҳасида бугундан икки мамлакатдаги етакчи олий таълим муассасалари — Олмаотада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқда Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети филиаллари фаолияти йўлга қўйилади.
Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга Остона шаҳрида шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.
Томонлар Марказий Осиёда интеграция ва ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканликларини тасдиқлади. Маслаҳат учрашуви минтақа олдида турган вазифаларни биргаликда ҳал этиш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган минтақавий кун тартибини ишлаб чиқишнинг самарали механизмига айланди, дейилади хабарда.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаевни Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлисини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.