Икки томонлама музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Олмаота шаҳрида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқ шаҳрида Мухтар Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетининг филиалларини тантанали равишда очиб берди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур таълим муассасаларида талаб юқори бўлган техник йўналишлар бўйича кадрлар тайёрланади.

Икки мамлакат етакчилари «Сиань-Хорғос-Олмаота-Сариёғоч-Тошкент» йўналиши бўйича биринчи юк поездининг етиб келишига бағишланган маросимда ҳам қатнашди.

Юк поезди Сиань шаҳридаги Қозоғистон-Хитой терминалидан «Хорғос» қуруқ портига йўл олган. У ерда контейнерлар қайта ортилган ва Қозоғистон темир йўллари бўйлаб «Сариёғоч» станцияси орқали сўнгги манзилга — «Тошкент» станциясига жўнатилган.

Ушбу йўналиш юк ташиш вақтини қисқартириб, савдо ҳажмини оширишга кучли туртки беради, дейилади хабарда.