Париждаги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар юнон-рум курашчилари: Рустам Ассакалов (-97 кг), Арам Варданян (-77 кг) ва Ислом Баҳромов (-60 кг) омадли стартга қарамай, мусобақани медалларсиз якунлади.

Бронза медаль учун баҳсгача етиб келган 40 ёшли Рустам Ассакалов якунда 2023 йилги жаҳон чемпиони, Панамерика ўйинлари ғолиби, кубалик 25 ёшли Габриэль Росильога мағлуб бўлди.

Учрашув бошида спортчи ўнг елкасидан жароҳат олди. Бу вақтда Ассакалов рақиб огоҳлантириш олгани ҳисобига 2 баллга эга эди. Бироқ, тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, Ассакалов курашни давом эттира олмади ва мазкур олимпиадани бешинчи поғонада тугатди. Мазкур мусобақадан сўнг у профессионал спортдаги фаолиятини ҳам якунлади.

Унинг бронзагача йўли:

олимпия ўйинлари, париж 2024, спорт

Рустам Ассакалов Ўзбекистон терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионатларида 1 тадан олтин ва кумуш, Осиё ўйинларида 1 тадан олтин, кумуш ва бронза, қитъа биринчиликларида эса 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлган. Шунингдек, Рио-2016, Токио-2020 ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида мамлакат шарафини ҳимоя қилган.

Яна бир курашчи Арам Варданян (-77 кг) ҳам бронза медали учун ўтиш баҳсида омадли қатнашди ва бронза медаль учун гиламга чиқди. У 2021 йилги жаҳон чемпиони, арманистонлик Малхас Амоянга имкониятни бой берди ва Олимпиадани бешинчи поғонада якунлади.

олимпия ўйинлари, париж 2024, спорт

Арам Варданяннинг мусобақадаги йўли.

5 август куни -60 кг вазн тоифасида Ислом Баҳромов чорак финалгача етиб борди. «Классик» курашчи ¼ финалда КХДР вакили Се Унг Рига мағлуб бўлди. Унинг рақиби ярим финалда Хитой вакилига мағлуб бўлгани сабаб Ислом бронза медали учун курашиш имкониятидан маҳрум бўлди. Бронза медали Шимолий Корея вакилининг ўзига насиб қилди. 29 ёшли Ислом Баҳромов эса 7-ўринда мусобақани якунлади.

олимпия ўйинлари, париж 2024, спорт

Ислом Баҳромовнинг мусобақадаги йўли.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ҳозиргача фақат дзюдо бўйича беллашувларда медалларга эришди: 1 олтин ва 2 бронза.