Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев Остона шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалини очиб берди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
«Буюк файласуф ва инсопарвар шоир Алишер Навоийнинг ижодий мероси нафақат ўзбек халқига, балки бутун дунёга тегишли ноёб бойликдир. Навоий асарлари XVI асрдаёқ итальян ва немис тилларига таржима қилинган бўлса, бугунги кунда дунёнинг деярли барча тилларида янграмоқда. Асрлар давомида ҳаётнинг ўзига хос энциклопедияси бўлган унинг ижоди миллионлаб инсонларни ҳайратга солиб, руҳлантириб келмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Ҳайкали Тошкентнинг марказий майдонларидан бирини безаб турган қозоқ халқининг буюк фарзанди, қозоқ адабиётининг мумтоз намояндаси Абай Қўнонбоев Шарқнинг бошқа буюк шоирлари қатори Алишер Навоийни ҳам ўзининг устози деб билган», — дея таъкидланади матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, 2020 йилда марҳум қозоқ шоири Несипбек Айтули Алишер Навоийнинг энг муҳим асари — «Хамса»ни қозоқ тилига таржима қилиб, нашр этди ва ушбу китобга сўзбоши Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев томонидан ёзилган.
«Ишончим комилки, Алишер Навоий ҳайкали икки халқ ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарининг яна бир ёрқин рамзига айланади, унинг мероси эса яна кўплаб авлодларни буюк ютуқларга илҳомлантиради», — деди Ўзбекистон президенти.
Қозоғистон президенти эса пойтахтда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилгани қозоқ халқининг ўзбек халқига бўлган алоҳида ҳурмати рамзи эканини таъкидлади.
Биз азалдан халқларимизни бирлаштирган умумий қадриятларга эга қардош давлатлар бўлганмиз. Бизни тарих, тил ва дин бирлаштириб туради. Икки давлат ўртасида анъанавий қардошлик муносабатларини йўлга қўйишда Алишер Навоий шахси алоҳида ўрин тутаётганини таъкидламоқчиман. Ўз вақтида Мухтор Ауэзов «Алишер Навоий мероси нафақат ўзбек адабиёти учун қимматли, балки Шарқ мамлакатлари адибларига ҳам катта таъсир кўрсатган», деб таъкидлаган эди. Буюк шоир асарлари бутун туркий халқнинг маънавий хазинаси бўлиб хизмат қилади", — деди Қозоғистон президенти.