Бангладешда бош вазир Шайх Ҳасина оммавий тартибсизликларга айланиб кетган талабалар норозиликлари ортидан истеъфога чиқиб, чет элга қочиб кетганидан кейин тузилган муваққат ҳукуматга тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус раҳбарлик қилади.

84 ёшли Юнус Парижда даволаниб, 8 август куни Даккага қайтди, дея хабар бермоқда Reuters. «Уйга қайтганимдан ўзимни яхши ҳис қиляпман», — деди иқтисодчи аэропортда. Унинг қўшимча қилишича, намойишга чиққан талабалар мамлакатни сақлаб қолган ва эркинлик ҳимоя қилиниши керак.

Юнус президент Муҳаммад Шаҳобиддиннинг расмий қароргоҳида муваққат ҳукумат маслаҳатчилари гуруҳи раҳбари сифатида қасамёд қилиши кутилмоқда.

Муҳаммад Юнус ким?

Муҳаммад Юнус «камбағаллар банкири» сифатида танилган. У, шунингдек, собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани узоқ вақтдан бери танқид қилиб келади.

Юнус 1940 йилда Читтагонгда туғилган. Пойтахтдаги Дакка университетининг иқтисод факультетини тамомлаган, сўнгра Fulbright стипендиясини қўлга киритиб, Теннесси штатидаги (АҚШ) Вандербилт университетида ўқишни давом эттирган ва у ерда иқтисод фанлари доктори илмий даражасини олган.

1971 йилда Бангладеш мустақилликка эришгач, ватанига қайтиб, Читтагонг университетининг иқтисод факультетини бошқарган.

1974 йилда Бангладешда 1,5 миллион одам ҳалок бўлган оғир очарчилик пайтида Юнус қашшоқликка қарши курашда қатнашган.

«Менга Бангладешдаги даҳшатли очарчилик фонида университет дарсларида нафис иқтисод назарияларини ўргатиш қийин кечди. Тўсатдан мен юз бераётган очлик ва қашшоқлик олдида бу назарияларда бўшлиқ ҳис қилдим», — деган Юнус Нобель мукофотини олгандан кейинги маърузасида.

«Атрофимдаги одамларга ёрдам бериш учун зудлик билан нимадир қилишни хоҳлардим, ҳатто бир кишига бўлса ҳам», — деган у.

Юнус камбағал аҳолига ўз чўнтагидан кичик кредитлар беришни бошлаган ва 1983 йилда у Grameen Bank’ка («Қишлоқ банки») асос солган, бу кейинчалик микрокредитлар орқали қашшоқликка қарши курашда жаҳон етакчисига айланган. Банк тезда ўсиб борган ва бутун дунё бўйлаб шу модель остида ишлайдиган филиалларини очган.

2006 йилда Юнус қашшоқликка қарши курашга қўшган ҳиссаси учун Тинчлик мукофоти билан тақдирланган. Ўшанда банк 6 миллиард долларга яқин маблағни уй-жой, талабалар ва кичик тадбиркорлик учун кредитлар сифатида ажратган эди.

Нега норозилик намойишлари бошланди?

Бангладешда норозилик намойишлари июль бошида бошланганди. Мамлакатнинг элита университетлари талабалари 1971 йилда Покистондан мустақиллик учун урушда қатнашган фахрийларнинг қариндошларига давлат секторидаги иш ўринларининг учдан бир қисмини захиралаш тизимини ўзгартиришни талаб қилиб кўчаларга чиққан. Уларнинг айтишича, тизим адолатсиз ва ишчилар лавозимларга хизмати асосида танланиши керак.

Расмийлар намойишларни куч билан бостирди. Полиция билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 10 мингга яқин одам ҳибсга олинди. Бу намойишчиларни вақтинча тарқатиб юборишга ёрдам берди, аммо ўлимларнинг кўплиги халқ норозилигини кучайтирди, дея таъкидлайди The New York Times. Натижада ҳафта охирида намойишлар мамлакат бўйлаб тарқалди ва тартибсизликларга айланиб кетди, намойишчилар Ҳасинанинг истеъфосини талаб қилди.

Армия намойишларни бостиришдан бош тортди

Шайх Ҳасинанинг Бангладешдан тўсатдан қочиб кетиши арафасида армия штаби бошлиғи генерал Вакер-Уз-Замон генераллар билан учрашув ўтказди ва норозилик намойишлари фонида қўшинлар мамлакатда комендантлик соати жорий этиш учун тинч аҳолига қарата ўт очмаслиги ҳақида қарор қилди, деб ёзади Reuters манбаларга таяниб.

Шундан сўнг Замон Ҳасинанинг идораси билан боғланиб, бош вазирга аскарлари буйруққа риоя қилмаслигини маълум қилди. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, хабар жуда тушунарли эди: армия энди Ҳасинани қўллаб-қувватламайди.

Reuters’нинг қайд этишича, бу Ҳасинанинг 15 йиллик бошқаруви нега бунчалик тартибсиз якунига етгани ва мамлакатдан қочиб кетганини изоҳлайди.

Замон нега собиқ бош вазирни қўллаб-қувватламасликка қарор қилганини очиқчасига тушунтирмади. Аммо Бангладеш армиясининг уч собиқ зобитига кўра, намойишлар кўлами ва қурбонлар сони Ҳасинани ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлашни имконсиз қилиб қўйган.

«Қўшинлар орасида ташвиш кўп эди, — деди истеъфодаги бригада генерали М. Саҳоват Ҳуссайн Reuters’га. — Эҳтимол, айнан шу армия штаб бошлиғига босим ўтказган, чунки қўшинлар кўчада эди ва нима бўлаётганини кўрди».