6 август куни эрта тонгда Украина қуролли кучлари (УҚК) Курск вилоятида Россия билан чегарани кесиб ўтиб, рус ҳарбийлари билан жангга киришди.

УҚКнинг Суджа ва Коренево туманларига ҳужуми ҳақида хабар берган биринчи россиялик расмий манба Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов бўлди. Унинг ёзишича, «ФСБ» чегарачилари ва ҳарбийлар «чегарани бузишга йўл қўймаган».

Бироқ сешанба куни кечқурун Россия Мудофаа вазирлиги чегарада жанглар давом этаётгани ҳақида хабар берди. Ҳарбий ташкилотнинг айтишича, УҚКнинг 300 га яқин ҳарбий хизматчилари Курск вилоятининг Николаево-Дарьино ва Олешня аҳоли пунктлари ҳудудларидаги россиялик чегарачилар позицияларига 11 танк ва 20 дан ортиқ зирҳли ҳабий машина ёрдамида ҳужум қилган.

7 август куни тушдан кейин Россия Мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар «ФСБ» билан биргаликда «Курск вилоятининг Россия-Украина чегарасига тўғридан-тўғри туташ ҳудудларида УҚКнинг қуролли тузилмаларини йўқ қилишда давом этаётган»ини маълум қилди. Вазирликнинг қўшимча қилишича, Украина армияси «260 га яқин ҳарбий ва 50 дона зирҳли техникасини» йўқотган. Ушбу маълумотни мустақил манбалар тасдиқлагани йўқ.

Шу билан бирга, россиялик ҳарбий мавзудаги блогерлар УҚК 10 километр олдинга силжиганини ёзмоқда. 7 август куни кечқурун блогерлар Украина ҳарбийлари икки шаҳар — Суджа ва Кореневога бостириб кирганини хабар қилди, дея аниқлик киритмоқда «Агентство».

Ҳудудда ўқ отиш ва дрон ҳужумларида камида 3 киши ҳалок бўлди, 18 киши яраланди.

Россия президенти Владимир Путин чоршанба куни ҳукумат аъзолари билан бўлиб ўтган йиғилишда УҚКнинг Курск вилоятига ҳужумини «кенг кўламли провокация» деб атади ва ҳудуд аҳолисига ёрдам кўрсатишни буюрди. Кейинроқ у ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан вазият юзасидан йиғилиш ҳам ўтказди.

Йиғилишда РФ Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов УҚКнинг Курск йўналишида олдинга сурилиши тўхтатилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, УҚКнинг йўқотишлари 315 кишини ташкил этган — камида 100 нафари ҳалок бўлган, қолганлари яраланган. Бундан ташқари, у Украинанинг 54 та зирҳли техникаси, жумладан, етти танки йўқ қилинганини айтди.

BBC рус хизмати Украина армиясининг Курск вилоятидаги ютуғи УҚК прокси тузилмалари — Россия кўнгиллилар корпуси ва «Россия озодлиги» легионининг 2023 йилда Брянск, Курск ва Белгород вилоятлари ҳудудида ўтказган аввалги рейдларига ўхшамаслигини таъкидлади. Нашр кўп сонли ҳарбий гуруҳлар, зирҳли машиналар ва ҳужум қўшинларининг ҳаракатлари «аниқ мувофиқлаштирилгани»ни таъкидлади.

Украина президенти Владимир Зеленский чегаранинг олдинги чизиқларида хизмат қилаётган ватандошларига миннатдорчилик билдирди.

«Душманни йўқ қилишда давом этиш муҳим… Украинага уруш олиб келган тажовузкор Россияга қанчалик кўп босим ўтказсак, тинчлик шунчалик яқин бўлади», — деб ёзди у X тармоғида.