Ўтган ой сайёрада кузатувлар тарихидаги рекорд даражадаги иккинчи энг иссиқ июль бўлди, дея хабар беради Copernicus Европа иқлим ўзгариши хизмати.

2024 йил июль ойида глобал ўртача ҳаво ҳарорати 16,91 даражани ташкил этди. Бу 1991−2020 йилларнинг шу даврига нисбатан 0,68 даражага юқори ва 2023 йил июлида белгиланган аввалги максимал кўрсаткичдан атиги 0,4 даражага паст.

Шу тариқа кетма-кет 13 ой давомида қайд этилган энг юқори ҳароратлар бўйича рекордлар серияси бузилди, деб таъкидлади Copernicus.

«Рекорд ойлар қатори ниҳоясига етди, лекин жуда кичик муддатга. Глобал миқёсда 2024 йил июль ойи деярли 2023 йилнинг июли — тарихий рекорддагидек иссиқ бўлди… Умумий контекст ўзгармади: бизнинг иқлимимиз исишда давом этмоқда. Иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатлари 2023 йилдан анча олдин бошланган ва глобал иссиқхона газлари эмиссиялари нолга етгунгача давом этаверади», — деди Copernicus директори ўринбосари Саманта Бержесс.

Ўтган июль ойида ҳам тарихдаги энг иссиқ икки кун қайд этилди — 22 ва 23 июль. Дастлаб 21 июль энг иссиқ кун деб эълон қилинганди, лекин кейинги икки кун унинг рекордини янгилади.