8 август куни бўлиб ўтган жанг якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси боксчиси Баҳодир Жалолов Париждаги Олимпия ўйинлари финалига чиқди.
92 кг дан юқори ўта оғир вазн тоифаси ярим финалида 2020 йилги жаҳон ва Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов 2022 йилги Европа чемпиони ва 2023 йилги жаҳон чемпионатида бронза медали соҳиби бўлган келиб чиқиши камерунлик немис боксчиси Нелви Тиафак билан жанг қилди.
Жалолов узун қўллари ва баланд бўйи туфайли масофани назорат қилди ва ўнг қўли билан аниқ зарбалар берди. Ўзбекистонлик уч раунднинг барчасида 5:0 ҳисобини қайд этди.
Финалда у Жамили-Дини Абуду (Франция) — Айюб Гадфа (Испания) жуфтлиги ғолибига қарши баҳс олиб боради. «Олтин» учун жанг 11 августга ўтар кечаси соат 1:51 да бўлиб ўтади.
Шу тариқа Баҳодир Жалолов Ҳасанбой Дўсматов (51 килограммгача), Лазизбек Мулложонов (92 килограммгача) ва Асадхўжа Мўйдинхўжаевдан (71 килограммгача) кейин финалга чиққан тўртинчи ўзбекистонлик боксчи бўлди. Ҳали яна бир боксчи Абдумалик Халоков ярим финал жангини ўтказиши керак.