Президент 6 август куни «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси маркази эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Марказ Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари томонидан 2023 йил 9 ноябрда имзоланган унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги битимга мувофиқ ташкил этилмоқда.

Уни ташкил этиш учун Сирдарё туманидаги 50 гектар суғориладиган ер участкаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокимлигига 2026 йил 1 январга қадар ер фонди тоифаси ўзгартирилаётган ер участкасининг икки баравари миқдорида янги ер участкалари ўзлаштириш ҳамда суғориладиган ерлар тоифасига ўтказиш топширилди.

Марказ фаолиятини бошқариш «Сирдарё» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" унитар корхонасига юклатилди.

Марказнинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йил ва ушбу муддат кейинчалик қонунга мувофиқ узайтирилиши мумкин. Фаолияти давомида унинг иштирокчиларига эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари учун белгиланган алоҳида солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар татбиқ этилади.

Марказ ҳудудида «ягона дарча», интерактив механизмларга асосланган божхона, сертификатлаштириш, фитосанитария, ветеринария, транспорт, банк ва валюта айирбошлаш, уяли алоқа, шунингдек, мижозлар учун тиббиёт, меҳмонхона, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа хизматлар йўлга қўйилади.

Марказда фақат Ўзбекистон ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш сертификати назорати остида сотилади.

Ўзбекистон ҳудудида бўлган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар унинг ҳудудига алоҳида назорат ўтказиш пункти орқали кириши мумкин бўлади.

Марказ ҳудудида шахслар, транспорт воситалари ва юклар эркин ҳаракатланади.

Қозоғистон ва у орқали ташриф буюрувчи чет эл фуқаролари учун марказ ҳудудига махсус назорат ўтказиш пункти орқали визасиз тартибда, шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан кириш, 15 кун мобайнида ҳудудда бўлиш ва кирган назорат пункти орқали чиқиш имконияти йўлга қўйилади.