Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида ноқонуний усулда балиқ овлаганлар ушланди, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги.

Ташкилотнинг ҳудудий бошқармаси ва Миллий гвардия ходимлари томонидан Шўрчи туманида тезкор назорат тадбири ўтказилган. Унда Тамаддун маҳалласида яшовчи 4 нафар фуқаро Сурхондарёнинг маҳалладан оқиб ўтувчи қисмида ноқонуний балиқ овлагани аниқланган.

Ҳуқуқбузарлар томонидан 182 бош кумуш товон балиғи (карас), 37 бош орол мой балиғи, 2 бош Самарқанд храмуляси (тупак) балиқлари тақиқланган усул — электр қармоқ билан овланган.

Ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 1 миллиард 439 миллион 900 минг сўмни ташкил этди.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарар суммаларини ундириш мақсадида барча тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига юборилди.