ДХХ ҳудудларда пул эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи ва инглиз тили бўйича сертификат олиб бермоқчи бўлган шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда «Хавфсизлик» Telegram канали хабар қилди.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Қўштепа туманидаги мактаб ўқитувчиси Ёзёвон туманида яшовчи 3 нафар фуқарони Қирғиз давлат университетининг Қадамжой филиалига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 6600 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўқитувчиси Амударё туманида яшовчи фуқарони Урганч давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган унинг шериги — Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мутахассиси ҳам ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Термиз шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахс ўзининг ҳамшаҳарига инглиз тили бўйича «С1» даражадаги тил билиш сертификатини олиб бериш эвазига 2400 АҚШ доллари ва 1 250 000 сўм олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.