Тошкент шаҳрида ИИВ тезкор-қидирув департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан кучли таъсир этувчи дори воситаларини «закладка» усулида ноқонуний тарқатишда гумон қилинган икки нафар шахс қўлга олинди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Қўшма тадбир давомида чакана нархи 35,692 миллиард сўм (2,8 миллион доллар) бўлган 42,8 килограмм кучли таъсир этувчи дори воситалари мусодара қилинди.

«Аптека наркотиклари»нинг бир қисми қўлга олинганлардан бирининг Chevrolet Spark автомашинаси юкхонасидан топилган — у 36 кг «прегабалин» дори воситасини кир ювиш кукунлари ўрамлари ва бошқа идишларга яшириб қўйган.

Гиёҳванд моддалар сақлаш учун қадоқланган хонадондан қолган «товарлар», шунингдек, дори воситаларини қадоқлаш учун идишлар ва жиҳозлар олиб қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.