Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида қуёш энергиясидан фойдаланадиган янги томчилатиб суғориш тизимини ишга туширди, деб хабар қилди БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.
Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида кўплаб оилалар ўз томорқаларида сабзавот етиштиради, аммо сув тақчиллиги ортиб бораётгани сабаб сабзавот экинларидан барқарор ҳосил олиш қийинлашиб бормоқда.
Оққўрғон тумани сув таъминоти ҳолати оғирлиги билан танилган, шунинг учун у ер томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш учун танланди. Ушбу тизим учун 180 метр чуқурликдан сув чиқарадиган вертикал суғориш қудуғининг сув насослари қуёш панелларидан қувватланади.
Лойиҳа доирасида бугунги кунда мазкур тизим 10 та хонадоннинг 0,8 гектар ерини томчилатиб суғориши орқали эгатлаб суғоришга нисбатан 60 фоизга яқин сув тежаб қолинмоқда. Шу билан бирга, ушбу суғориш тизимининг умумий қуввати унинг фойдасини яна 20 дан ортиқ хонадонга кенгайтириб, жами 3 гектар ерни суғориш учун ҳам етади.
Қуёш панеллари қувватидан ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергияси давлат электр тизимига сотилади, олинган даромад эса суғориш қудуғи ва томчилатиб суғориш тизимини сақлаш ва бошқариш учун сарфланади.
ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риэпманинг таъкидлашича, «қуёш энергияси билан ишлайдиган ушбу томчилатиб суғориш тизими нафақат сув танқислигини бартараф этади, балки Ўзбекистонда янада барқарор қишлоқ хўжалигига йўл очади. Энг муҳими, маҳаллий томорқа ер эгалари муқобил электр энергия ва суғориш тизимидан самарали фойдаланиш имкониятини қўлга киритмоқда, бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг даромадларини оширишга хизмат қилади».
БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии таъкидлади: «Бугун қуёш энергияси ёрдамида ишлайдиган томчилатиб суғориш тизимининг ишга туширилиши бутун Ўзбекистон аҳолиси ҳаётини яхшилаш йўлидаги муҳим воқеа бўлди. Бугун технологик инновациялар қашшоқликни қисқартириш, очликка барҳам бериш, сув ва энергия хавфсизлиги таъминлаш ҳамда ерларни муҳофаза қилиш бўйича бир нечта Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ёрдам бераётганига гувоҳ бўляпмиз».
Очилиш маросимида сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Бутунбоев, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров, Оққўрғон тумани ҳокими Тўра Боболов, шунингдек, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ходимлари ҳамда маҳаллий аҳоли иштирок этди.
Ташаббус Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, Сабзавот, полиз экинлари ва картошка илмий-тадқиқот институти, Қишлоқ озиқ-овқат маҳсулотларини ривожлантириш халқаро стратегик маркази (ISCAD) етук мутахассислари, Тошкент вилояти Агрохизматлар маркази (AKIS) ҳамда Қўштепа маҳалласи вакилларидан иборат Инновацион гуруҳ томонидан амалга оширилди.
«Июнь ойида қурғоқчилик бўлиб қолар эди. Томчилатиб суғориш келиб, ҳатто ёзнинг кунида ҳам, боғимиз ям-яшил, янги помидор, бақлажон ва булғор қалампирларимиз пишиб турибди. Маза қилиб боғдорчилик қиляпмиз», — дейди хонадонлардан бирида яшовчи Мафтуна Ахмедова.
Янги томчилатиб суғориш тизими ва Инновацион гуруҳни ишга тушириш «Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг «яшил иқтисодиёт»га инклюзив ўтишини қўллаб қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш» (EU-AGRIN) лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Лойиҳа БМТТД томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда йўлга қўйилади ва ЕИ томонидан молиялаштирилади.