Тошкент халқаро аэропорти учиш залининг «стерил» ҳудуди яна 2000 квадрат метрга кенгайтирилди, деб хабар берди Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати.

uzbekistan airports, тошкент аэропорти реконструкцияси

Янги майдон кутиш залидаги Art bazar савдо нуқталарининг чап томонида очилди. Лойиҳага кўра, ушбу ҳудудда ўриндиқлар билан жиҳозланган кенг кутиш майдони ҳамда фудкорт ташкил этиш кўзда тутилган.

Айни пайтда E-auksion платформасидаги савдолар натижаларига кўра иккита компания билан шартномалар тузилди, улардан бири аэропортда The Border by Teriyaki ресторанини, иккинчиси ўз ҳудудида тўртта брендни: Hardee’s, Pizza Hut, La Croissanterie ва Pinkberry’ни бирлаштиради.

uzbekistan airports, тошкент аэропорти реконструкцияси

Тез орада ресторанларнинг қурилиши бошланади. Ҳозирча фудкортга мўлжалланган жойлар тез орада иш бошлайдиган брендларнинг логотиплари туширилган баннерлар ортида яширинган.

Ҳозирда янги залда ўзбек Caffelito тармоғининг қаҳва бурчаги жойлашган бўлиб, у ерда йўловчилар учун иссиқ ва совуқ ичимликлар, ширинликлар ва янги пишириқлар тақдим этилади.

uzbekistan airports, тошкент аэропорти реконструкцияси

Қўшимча залнинг қурилиши умумий жўнаш залини B5-B6-B7 чиқиш йўлаклари билан улаш имконини берди. Бундан ташқари, келажакда келаётган ва кетаётган йўловчилар оқимини ажратиб турувчи алоҳида галерея ва пастки залдан бортга чиқиш йўлакларини очиш мумкин бўлади, дея қайд этди аэропорт матбуот хизмати.

uzbekistan airports, тошкент аэропорти реконструкцияси

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Тошкент аэропортида 2025 йил охиригача давом этадиган реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Халқаро авиақатновлар терминали майдони икки баробар кенгаяди, жўнаб кетиш ҳудудига кириш йўллари ўзгаради, учиб келиш ва учиб кетиш заллари ягона мажмуага бирлаштирилади, терминалнинг иккинчи қаватида очиқ терраса пайдо бўлади.