8 август куни Парижда бўлиб ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларининг 13-кунида Ўзбекистондан саккиз нафар спортчи каноэда эшкак эшиш, эркин кураш, бокс, замонавий бешкураш, таэквондо ва бадиий гимнастика бўйича мусобақаларда иштирок этади, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси.
Бадиий гимнастика
Соат 13:00 дан сўнг кўп карра Осиё чемпиони ва икки карра Осиё ўйинлари чемпиони 20 ёшли Тахмина Икромова яккалик баҳсларида кўпкураш дастури бўйича саралашда иштирок этади.
Таэквондо
Соат 13:35 дан сўнг Токио Олимпиадасининг Ўзбекистон тарихидаги энг ёш чемпиони, жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори, 68 килограмм вазн тоифасида жанг қилувчи 22 ёшли Улуғбек Рашитов 1/8 финал баҳсларини бошлайди. Унинг рақиби кейинроқ маълум бўлади.
Каноэда эшкак эшиш
Соат 13:50 дан сўнг 2017 йилги Осиё чемпиони, 2019 йилги жаҳон чемпионати ва 2023 йилги Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори 27 ёшли Нилуфар Зокирова Канада, Нигерия, Испания, Сенегал, Россия ва Молдова вакиллари билан бирга 200 метрга каноэда эшкак эшиш баҳсида стартга чиқади.
Эркин кураш
Соат 14:35 дан сўнг 1/8 финал босқичида 2017 йилдан буён Ўзбекистон номидан курашадиган, Доғистонда туғилган 27 ёшли россиялик Жавраил Шапиев (-86 кг) 23 ёшли грузиялик Владимир Гамкрелидзега қарши гиламга чиқади. Рақиб вице-жаҳон чемпиони ва Европа бронза медали совриндори. Шапиев Осиё вице-чемпиони ва Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори бўлиб, Токиодаги Олимпия ўйинларида бешинчи ўринни эгаллаган.
Соат 15:00 дан сўнг 1/8 финал босқичида 25 ёшли Ғуломжон Абдуллаев (-57 кг) 2023 йилги Европа чемпиони, 2021 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони озарбайжонлик Алиаббас Рзазодага қарши курашади.
Ғуломжон Абдуллаев 1998 йил 11 ноябрда Хоразм вилоятида туғилган. Мураббийи — Бахтиёр Собиров. 2016 йилдан ёшлар терма жамоаси вакили, 2018 йилдан эса терма жамоа аъзоси. 18 ёшида курашчи U-20 жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳибига айланган. Ёшлар ўртасида икки карра Осиё чемпиони. У Коня-2021 Ислом бирдамлик ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритди. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси.
Замонавий бешкураш
Соат 17:30 дан кейин 34 ёшли Алисе Фахрутдинова замонавий бешкурашнинг саралаш босқичида (сакраш, қиличбозлик, отиш, югуриш, сузиш) иштирок этади.
Алисе Фахрутдинова 1990 йил 23 февралда Москвада туғилган. У мураббий Муҳаммад Окаши қўл остида Олимпиадага тайёргарлик кўрди. 2009 йил ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган. Эстафета бўйича 2013 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори. 2019 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўша йили аралаш дастур бўйича Осиё чемпионатида бронза медалини ҳам қўлга киритган. Токио-2020 Олимпиадаси иштирокчиси.
Бокс
9 августга ўтар кечаси соат 00:30 да Ўзбекистоннинг 24 ёшли байроқдори, жаҳон, Осиё ва Осиё ўйинлари чемпиони Абдумалик Халоков ярим финалда австралиялик 22 ёшли Чарли Сениор билан куч синашади.
Соат 01:34 дан сўнг 2016 йилги Олимпиада чемпиони, жаҳон чемпиони, уч карра Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг) финалда жаҳоннинг икки карра бронза медали соҳиби, франциялик 26 ёшли Билал Беннама билан жанг қилади. У Европа ўйинлари ҳамда Европа чемпионидир. Бу рақиблар шу вақтгача ўзаро тўқнаш келмаган.