7 август куни Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Остонага етиб борди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Остона халқаро аэропортида Ўзбекистон раҳбарини Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тоқаев кутиб олди.
Эртага икки мамлакат раҳбарлари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилган.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Дастурга мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва «Марказий Осиё + Япония» форматидаги мулоқотда иштирок этиш ҳам режалаштирилган.