24 август куни Бухорода учинчи бор Bukhara Night Race халқаро тунги пойгаси бўлиб ўтади. Samarkand Marathon хайрия пойгалари доирасидаги мусобақа Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилмоқда.

Қуёш ботиши билан ёритилган трек бўйлаб пойга бошланади. Йўналишлар шаҳарнинг тарихий қисмидан ўтади. Рўйхатдан ўтиш учун 5 ва 10 километрли масофалар, шимолий (скандинавча) 2 километр юриш, шунингдек, 300 ва 600 метрли болалар пойгалари мавжуд.

Пойгалар Zaamin Ultra 2024 пойгасидан буён анъанага айланган плоггинг — югуриш асносида майдонни чиқиндилардан тозалаш тадбири билан ҳам бойитилади.

Ўтган йили Bukhara Night Race`да дунёнинг 20 давлатидан 1600 нафардан ортиқ спортчи қатнашганди. Бу сафар иштирокчилар сони қарийб икки баравар ошиши кутилмоқда.

Тадбирнинг маданий дастури доирасида хорижлик диджей иштирокида концерт дастури ҳам режалаштирилган.