Навоий шаҳрида бир нечта ёш йигит ва ички ишлар бўлими терговчиси 16 ёшга тўлмаган қиз билан жинсий алоқада бўлди, дея хабар бермоқда Kun.uz.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг декабр ойида Навоий шаҳрида жойлашган музқаймоқ шохобчаси ертўласида бир нечта йигит 2008 йилда туғилган қиз билан навбати билан жинсий алоқа қилган. Айбланган йигитларнинг энг каттаси 23, энг кичиги эса 18 ёшда бўлган.

Ҳолат юзасидан 6 нафар йигитга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2024 йил 7 июндаги ҳукми билан йигитларнинг учтаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми «а» бандида (Такроран, хавфли рецидивист томонидан ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), иккитаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган.

Суд ҳукми билан судланувчиларнинг икки нафарига 3,5 йил, бир нафарига 4,5 йил ва бир нафарига 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Нашрнинг ёзишича, Навоий шаҳар ИИБ терговчиси мазкур ишни тергов қилиш жараёнида, яъни 2024 йилнинг январ ойида Тошкентда малака ошириш ўқув курсида бўлиб турган вақтда, ушбу вояга етмаган қизни Тошкент шаҳрига чақириб, у билан жинсий алоқа қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилоят прокуратураси томонидан иш очилиб, терговчи ҳам қамоққа олинган.

Шунингдек, ҳозирда яна уч йигитнинг вояга етмаган қиз билан жинсий алоқада бўлгани ҳолати бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 128−1-моддаси (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши доирасида 1 нафар шахс қамоққа олинган.

Иш юзасидан болалар омбудсмани «Газета.uz»га ўз ваколатлари доирасида кузатув олиб бораётганини билдирди. Шунингдек, бола манфаатлари нуқтаи назаридан ишнинг судда кўрилишида ҳам ўз кузатувини давом эттиради.