Тошкент аэропортида маҳаллий вақт билан соат 19:44 да ноқулай об-ҳаво шароити (ёмғир, аэродром устида момақалдироқ) туфайли ҳаво кемаларининг қўниши ва учишига чекловлар жорий этилди, дея хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бир нечта рейслар муқобил аэродромларга йўналтирилди. Хусусан, бортида 183 йўловчи бўлган Санкт-Петербург — Тошкент йўналиши бўйича учган HY-634 рейси ва Мюнхен — Тошкент йўналиши бўйича учган ва бортида 116 йўловчи бўлган HY-236 рейси Самарқанд аэропортига қўнди.

Шунингдек, 3 та юк рейслари муқобил аэродромларга йўналтирилди. HY-3124 Будапешт-Тошкент рейси Навоийга, AZG-6941 Боку — Тошкент рейси Наманган аэропортига, MFX-656 Урумчи — Тошкент рейси Самарқандга қўнди.

Айни дамда — соат 21:00 ҳолатига кўра, Тошкент аэропортида об-ҳаво шароити барқарорлашди. Ўрнатилган чекловлар олинди, дейилади хабарда.