Евро-2024`да кучли тўртлик сараланиб улгурди. Энди ким финалга чиқишини аниқлаш қолди. Тўрт терма жамоа ҳам фаворитлардан ҳисобланади. Бу турнирда «сюрприз» терма жамоаларнинг «пик»и чорак финал бўлди. Ўтган тўрт ўйиннинг фақат биттасида натижа асосий вақтда ҳал бўлиб улгурди. Улар кутилганидек қизиқарли бўлдими, таҳлил қиламиз.

Ёшлик тажрибадан устун келди

евро-2024, тактика

Интрига, афиша шундоқ ҳам зўр эди. Буни эса Хоселу ҳамда Крооснинг «сўз ўйини» янада қиздириб берди. Якуний натижа эса маълум — Крооснинг сўнгги ўйини бўлди ушбу баҳс.

Шубҳасиз, немислар тажриба ва класс жиҳатдан ҳар томонлама устун кўринган эди. Испания эса ўзининг нисбатан ёш таркиби билан ҳеч кимга имконият қолдирмаяпти. Ушбу учрашув статистикасига қарайдиган бўлсак, тўп назоратида деярли тенгликни кўришимиз мумкин — 52% га 48%. Стандарт вазиятлар ижро этиш бўйича немислар устун. Ҳатто голли вазият яратиш (xG) бўйича ҳам Нагельсман шогирдлари бир бош баланд — 1,46 — 2,03.

Ҳакамлик ҳақида ҳам саволлар талайгина. Жумладан, Крооснинг бир неча марта рақиб футболчиларига ишлатган қўполликлари огоҳлантириш билан кифояланди. Шу билан бирга, Германия мухлислари Мусиаланинг зарбасидан сўнг тўп Испания жарима майдончаси ичидаги Кукурельянинг қўлига тегган вазиятга эътироз билдирди. Гарчанд бош ҳакам ҳам, VAR ҳам бу вазиятга катта эътибор қаратмаган бўлса-да, мухлисларнинг асаблари таранглашди. Ўйиндан кейин кўриб чиқилгач, ушбу вазиятда ҳакамлар тўғри қарор қабул қилгани маълум бўлди.

Испания ушбу ўйиндаги натижа орқали ярим финалга йўл олди. Шу билан бирга, икки терма жамоа ўртасидаги ўйинларда ғалабалар сони ҳам тенглашди — 9:9. Кроос, Мюллер, Нойер эса терма жамоадаги фаолиятини якунлади. Сўнгги 10 йилликнинг барча футболчиларини келгуси турнирларда кўрмаймиз…

Пепе йиғлаган оқшом: Португалия ҳақлироқмиди ёки Франция?

евро-2024, тактика

Ҳа, ҳақиқатан ҳам, юқори даражадаги учрашув бўлди. Мазкур баҳсдан кутилмалар нисбатан кам, асосан эҳтиёткор учрашув бўлиши айтилганди. Аммо Роналду етакчилигидаги терма жамоа ажойиб ўйин ўтказди. xG’да ҳатто 1,68 кўрсаткичга эга бўлди португалияликлар. Французларда эса бу кўрсаткич 0,92 ни ташкил этди. Тўп назорати бўйича ҳам устунлик Мартинес шогирдларида — 63% га 37%.

Португалия қанотлардан кўплаб ҳужумлар уюштирди, узоқ масофадан зарбалар берди. Шу билан бирга, Франция ҳам яхши ҳужумларни амалга оширди. Бир сўз билан айтганда, номдор футболчилардан кўра бутун бошли жамоа зўр ўйнади иккисида ҳам. Лотерея эса, хоҳлайсизми, йўқми, барибир омад.

Пепенинг кўп эҳтимол Португалия терма жамоасидаги охирги учрашуви бўлди. Роналду эса келгуси Еврода иштирок этмаслиги таъкидланмоқда. Германияда бўлгани каби Португалияда ҳам бир авлод тугамоқда. Янги авлод сифатида 6−8 йилдан буён кўриниб келаётган французлар эса финал сари дадил қадам ташламоқда.

Саутгейт Англия мухлисларини яна хавотирга солди

евро-2024, тактика

Учрашувнинг 76-дақиқасидан сўнг кўпчилик кутган Англияни кўришни бошладик. Гол ўтказиб юборгач, қатор етакчиларни захирадан майдонга туширди, ҳужумга ўтди, натижа эса ўзини кўп куттирмади. Аслида, мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам англияликдан шундай ўйинни кутмоқда. Саутгейт эса буни фақат мағлубиятга учраётганда амалга оширадигандек.

Швейцария ҳам яхши ўйин кўрсатди. Гарчанд кўпчилик баҳсда Италия билан бўлгани каби ҳужумкор футбол ва тезликни кутган бўлса ҳам, ё Англия бунга имкон бермади, ёки швейцарияликлар бироз ҳайиқди. Шунга қарамай, статистикага эътибор берилса, xG бобида устунлик Якин шогирдларида — 1,31. Тўп назорати бўйича ҳам (51% га 49%), дарвоза томон зарбаларда (13 — 12) эса деярли тенглик.

Зерикарли ўтди, дея баҳоланаётган учрашув пенальтилар сериясига қадар борди. Аканжининг адашиши эса терма жамоасини ярим финал йўлланмасидан маҳрум этди. Айтганча, Пикфорднинг сув ичадиган идишида рақиб терма жамоа футболчиларининг пенальтиларни қайси томонга тепиши мумкинлиги ёзилган рўйхат мавжудлиги маълум бўлди.

«Туркия эртаги» чорак финалгача давом этди

евро-2024, тактика

Шахсан Ражаб Тоййиб Эрдоған ташриф буюрган учрашувни туркияликлар яхши бошлади. Натижа эса ўзини кўп куттирмади, Гюлердан пас, Акайдиндан гол. Шундан сўнг ўйин янада «қизиди». Навбати билан ҳужумлар, очиқ футбол мухлисларга ёққани аниқ. Иккинчи бўлимда ҳам шу зайл давом этган учрашув 70- ва 76-дақиқада урилган голлардан сўнг анча ўзгарди.

Статистикага эътибор берилса, голли вазиятлар яратишда ҳам (0,87 — 1,37), дарвоза томон зарбаларда (11 — 15) ҳам Туркия устун. Якуний натижа эса ўзгармай қолди. Нидерландия ҳимояси бироз суст ўйнаганида ҳам, ҳозир умуман бошқа нарсалар ўқиётган бўлишингиз, бутун дунё «Туркия эртаги» ҳақида гапириб юрган бўларди. Ҳатто футбол ватани мухлисларида ҳам титроқ пайдо бўлармиди, ким билсин.

Дарвоқе, чорак финалнинг тўртала учрашувида ҳам мағлуб бўлган терма жамоалар рақибига қараганда голли вазият яратиш бўйича устун бўлди. Тушуниш мумкинки, натижага қаратилган ўйин > ҳужумлар қаратилган ўйин.

Материал «Тактика» билан ҳамкорликда тайёрланди.