Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг «Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш» шиори остидаги норасмий саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва ТДТ Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ушбу учрашув туркий дунёнинг маданият пойтахтларидан бири бўлган Шуша шаҳрида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассамлигини таъкидлаб, президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини юксак баҳолади.

«XX асрнинг буюк сиёсат ва жамоат арбоби, мустақил Озарбайжон давлатининг асосчиси, муҳтарам Ҳайдар Алиев таъбири билан айтадиган бўлсак, „Шушасиз — Қорабоғ, Қорабоғсиз Озарбайжон бўлмайди“», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев бундан 5 йил аввал Ўзбекистон Озарбайжонда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиб кирганини эслатди.

«Ушбу саммитимиз глобал хавф ва хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтмоқда. Бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик руҳидан куч олаётган алоқаларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни, умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу маънода, бугунги йиғилишимиз „Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш“ шиори остида ўтаётгани долзарб аҳамиятга эга», — Ўзбекистон раҳбари.

Шавкат Мирзиёев 3 та устувор масалага саммит иштирокчиларининг диққати қаратди.

Биринчиси — савдо ва транспорт йўлларини ривожлантириш.

«Мамлакатларимиз бугунги кунда дунёнинг асосий бозорларига чиқиш ҳамда Буюк ипак йўлини янги тарихий шароитда қайта тиклаш учун қаттиқ бел боғлаган. Албатта, сўнгги йилларда Ташкилот доирасида бу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда, рақамли тизимлар ишга туширилмоқда. Натижада Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда. Бизнес учун энг маъқул тарифларни жорий этиш ушбу йўлакнинг рақобатдошлиги ва жозибадорлигини кескин ошириши шубҳасиз», — деди президент.

Давлат раҳбари Ўзбекистон «Ягона ойна» тизими йўлга қўйилишидан, божхона-чегара ўтказиш пунктларининг узлуксиз ишлаши таъминланишидан манфаатдор эканини таъкидлади.

«Ўтган ҳафта Тошкентда ташкил этилган Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари альянсини Ташкилотимизнинг транспорт соҳасидаги кун тартибини шакллантириш ва устувор вазифаларини амалга оширишда кенг жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Ташкилотимиз доирасида Темир йўл маъмуриятлари кенгашини тузиш ва унинг дирекциясини Тошкент шаҳрида жойлаштириш ҳақидаги таклифимизни маъқуллайсизлар, деб ишонаман. Топшириқ берсак, навбатдаги саммитимизга қадар савдо ва транспорт вазирларимиз халқаро коридорлар имкониятларидан янада унумли фойдаланиш ва автоташувларни тўлиқ рақамлаштириш, „яшил“ йўлаклар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Иккинчиси — иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда курашиш.

«Ташкилотимиз ҳудуди иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири, десак, бу айни ҳақиқатдир. Мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун бизнинг ташаббусимиз асосида вазирлар даражасида Туркий экология кенгашини тузиш таклифини маъқуллайсизлар, деб ишонаман. Мазкур тузилма қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд — Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштириш айни муддао бўлар эди», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, президент 2024 йилнинг ноябрь ойида Бокуда ўтказиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XXIX Иқлим саммити (COP — 29) барча мамлакатлар учун улкан тарихий воқеа бўлишини қайд этди.

«Иқлим ўзгаришлари бўйича дунё етакчилари саммити муваффақиятли ўтишига чин дилдан тилакдошмиз. Биз мазкур нуфузли анжуманда фаол иштирок этишга ва бу борада Озарбайжонга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Учинчиси — муқобил энергетика.

«Биз 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия қувватларини кескин ошириш ва энергетика балансида уларнинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилганмиз. Шерикларимиз билан бирга йилига 2 гигаватт қувватдаги янги шамол ва қуёш электр станцияларини ишга туширмоқдамиз. Ушбу лойиҳалар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Қўшни Қирғизистонда гидроэлектр станцияларини Қозоғистон билан биргаликда қуриш ишларини ҳам бошлаяпмиз. Муқобил энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида „Яшил энергетика сари туркий ҳаракат“ концепциясини қабул қилишнинг вақти-соати келди, деб ўйлайман», — деди Ўзбекистон раҳбари.

«Биз замонавий «билимлар иқтисодиёти»ни қуриш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш учун рақамли технологиялар, блок-чейн, булутли, квант ҳисоблаш технологиялари, робототехника, «тўртинчи саноат» кадрларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдормиз. Бунинг учун Туркий давлатлар ташкилотининг Инсон капиталини ривожлантириш илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича ташаббусни илгари сурамиз ва уни юртимизда жойлаштиришга тайёрмиз. Ташкилот шафелигида аниқ фанлар бўйича Ёшлар туркий олимпиадаси ва Бутунжаҳон туркшунослар конгрессини ташкил этишни ҳамда уларни келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

саммит, туркий давлатлар ташкилоти, шавкат мирзиёев, шуша

Шавкат Мирзиёев нутқида яна бир бор Ғазо ва Афғонистонга эътибор қаратди.

«Тўққиз ойдан буён Ғазо секторида кечаётган қонли уруш оқибатлари бизни чуқур қайғу ва изтиробга солмоқда. Тўқнашувлар 40 мингга яқин аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар ҳаётига зомин бўлганини ҳеч бир сабаб ва баҳона билан оқлаб бўлмайди. Биз зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга, тинчлик жараёнларини тезроқ бошлашга чақирамиз. Мустақил ва озод Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда стратегик барқарорлик ва тинчликни таъминлашнинг энг асосий шартидир», — деди президент.

«Минг афсуски, жаҳоннинг бошқа минтақаларида уруш ва можаролар кучайиб бораётгани оқибатида ён қўшнимиз бўлган ва кўп миллионли туркий халқлар истиқомат қилаётган Афғонистондаги вазият халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Ўзбекистон афғон халқига зарур ёрдам кўрсатишни бундан буён ҳам давом эттиради», — деди Ўзбекистон раҳбари.

«Афғонистоннинг хориждаги „музлатилган“ молиявий активларини қайтариш мамлакатдаги ижтимоий вазиятни юмшатишга хизмат қилишига ишонамиз. Янги воқелик шароитида Афғонистон масаласи бўйича Ташкилотимиз аъзоларининг умумий ва якдил ёндашувларини ишлаб чиқиш масалалари ташқи ишлар вазирларимиз мулоқотларида асосий муҳокама мавзуси бўлиши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Нутқи якунида, Шавкат Мирзиёев, анжуман кун тартибига киритилган Қорабоғ декларациясининг имзоланишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.