Қозоғистонда ўзбекистонлик жиянларини васийликка олган ва уларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган эркак ушланди. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова хабар берди.

Қайд этилишича, 6 июнь куни болалар омбудсманига 24 ёшли А.А. (аёл)дан мурожаат келиб тушган. Унда онаси ва отаси вафот этгани, сингиллари — 2006 йилда туғилган И.А. ва 2012 йилда туғилган С.Р. учун энг яқин қариндош бўлса-да, унга эмас, балки амакиси Р.Р.нинг васийлигига берилгани қайд этилган.

Амакиси эса қизларни Қозоғистонга уйига олиб кетгани, қизларга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этаётгани билдирилган. Аёл ўз сингилларига жинсий зўравонлик содир этаётган амакисига нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда сингилларини Ўзбекистонга қайтариш ҳамда энг яқин қариндош экани сабабли қизларга уни қонуний вакил этиб тайинланишида амалий ёрдам сўраган.

8 июнь куни болалар омбудсманининг Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари орқали Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консулига юборган сўрови асосида қизлар амакисининг уйидан полиция ва васийлик органи томонидан олиб кетилиб, мураккаб ижтимоий вазиятларга тушиб қолган болаларни қўллаб-қувватлаш Олмаота шаҳри адаптация марказига жойлаштирилган.

Ҳозирда қизларга барча зарурий ижтимоий-психологик кўмак кўрсатилмоқда️, дейилади хабарда.

Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан А.А. процессуал тартибида ушланиб, унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодекси 121-моддаси, 3−1 қисми 1-банди (Жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари) билан жиноят иши қўзғатилган. 17 июнь куни суд томонидан эркакка нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Жиноят ишига жабрланувчи сифатида жалб қилинган вояга етмаган И.А. ва С.Р.нинг қонуний манфаатларини жиноят иши юритуви давомида ҳимоя қилиш мақсадида болалар омбудсмани ўзининг хорижий ҳамкасби, Қозоғистон болалар омбудсмани билан қизларга барча зарурий ҳимоя чораларини кўрсатиш юзасидан музокара олиб бориб, ҳозирда қизларга тегишли кўмак кўрсатиш жараёни бошланди, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Сурайё Раҳмонова, ИИВ ва ТИВ томонидан вояга етмаган қизларга нисбатан васий тайинлаш ва (тергов якунидан сўнг) Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.