Ўзбекистондан Россияга меҳнат муҳожирлари оқими қисқаришда давом этиши мумкин, дея маълум қилди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бўлим бошлиғи Алишер Рўзиев. Унинг сўзларини «Коммерсант» нашри «РИА Новости»га таяниб келтираркан, ҳозирда Ўзбекистонда қурилиш саноати фаол ривожланаётгани ва айрим объектлардаги иш ҳақи Россиядаги иш ҳақи билан рақобатлаша олиши ҳақида гап борган.
«Ҳозирда Ўзбекистонда қурилиш жадаллиги кузатилмоқда ва, табиийки, биздаги иш ҳақи Россия Федерациясидаги айрим объектлардаги билан тенг… Шунинг учун ҳам шундай вазиятда фуқароларимизда (кетаётганлар — таҳр.) камайиш тенденцияси бўлиши мумкин», — деди Алишер Рўзиев.
Ўзбекистондаги айрим йирик қурилиш объектларида бугунги кунда қурувчилар ойига тахминан 500−600 АҚШ доллари миқдорида маош олишади, «бундай маош учун энди Россия Федерациясига бориш шартмас», — дея қўшимча қилди у.
Агентлик вакили, шунингдек, сўнгги икки йил ичида агентлик фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш географиясини, хусусан, Европада ишчи кучига бўлган талаб туфайли сезиларли даражада кенгайтирганини қайд этди.
Июнь ойи бошида Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Sevimli телеканалига берган интервьюсида 2016 йилгача Россияда 4 миллиондан 6 миллионгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бўлгани, ҳозир эса уларнинг сони 1 миллионгача камайганини таъкидлаган эди. «Бу маълумотни Ўзбекистон ва Россия президентлари ҳам айтиб ўтишди, аксарият таҳлилчиларимиз эса уни эътибордан четда қолдиришди», — деганди у.
Россия президенти Владимир Путин май ойи охирида Тошкентга ташрифи чоғида Россияда 1 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси яшаб, меҳнат қилаётганини айтганди. У Россия ҳукумати Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирлари учун муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояни таъминлашда ҳамма шароитни қилишига ишонтирган.
Май ойида Шавкат Мирзиёев йил бошидан буён Ўзбекистонга 115 мингга яқин меҳнат муҳожири қайтганини, йил охиригача яна 250−300 минг фуқаронинг қайтиши кутилаётганини таъкидлаганди. Уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилган.
Апрель ойида давлат раҳбари меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди, унга кўра, касбий ва тил сертификатлари, меҳнат визалари, чипталар сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар қопланади, хорижда оғир аҳволга тушиб қолганларга ёрдам кўрсатилади.