11 июнь, сешанба куни Ўзбекистонга ташриф билан келган АҚШ Савдо вакили, элчи Кэтрин Тайнинг расмийлар билан учрашувлари бўлиб ўтди.

Хусусан, элчи Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашди, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳолатини муҳокама қилди ҳамда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнини фаоллаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилаб олдилар.

Америка томони АҚШ Конгрессининг Умумий имтиёзлар тизими дастурини жонлантириш ва янгилаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини қайд этди ва Ўзбекистон экспортини диверсификация қилишни қўллаб-қувватлашда GSP ролини эътироф этди. Элчи Кэтрин Тай ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлади.

Томонлар рақамли савдони ривожлантириш мақсадида қонунчиликни уйғунлаштириш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга ўзаро тайёрлигини билдирди.

Кэтрин Тай Америка томони Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича қатъият билан ҳаракат қилаётганлигини ҳамда Ўзбекистондаги савдо режимини ЖСТ қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Кэтрин Тай Ўзбекистонни интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги барқарор ижобий ўзгаришлар туфайли Махсус 301 кузатув рўйхатидан чиқарилгани билан табриклади. Томонлар бу борада яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

«Таъкидланганидек, ошкоралик ва ўзаро маслаҳатлашув янада самарали меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, нотариф тўсиқларнинг олдини олиш ва камайтириш, халқаро савдо мажбуриятларига риоя этилишини қўллаб-қувватлаш учун замин яратади, шунингдек, иқтисодиётнинг узоқ муддатли барқарорлигини ошириш ва инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Кэтрин Тай, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев билан ҳам учрашди.

Кэтрин Тай 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда меҳнат соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътироф этиб, Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича олиб борган ишлари АҚШ томонидан олқишланишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, меҳнат қонунчилигини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар учун Ўзбекистон томонини табриклаймиз, деди.

Мулоқотда 2019 йилда АҚШ Ўзбекистон пахтасини «Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолда етиштирилган маҳсулотлар рўйхати»дан чиқаргани, 2020 йилда АҚШ томонидан Ўзбекистонга нисбатан қўлланган 12 йиллик GSP мониторинги тугатилгани, шунингдек, 2022 йилда Cotton Campaign халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларига эълон қилинган бойкоти бекор қилингани катта мамнуният билан қабул қилинадиган воқелик эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, АҚШ Савдо вакили Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига тез фурсатларда қўшилишини Қўшма Штатлар ҳукумати тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Мулоқотда Ўзбекистон АҚШ Меҳнат вазирлиги, Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази (CIPE) ва Бирдамлик маркази (Solidarity Center) билан турли соҳаларда муносиб меҳнат шароитларини яратиш, қонунчиликни таъминлаш ва такомиллаштириш, шу орқали халқаро меҳнат стандартларини амалиётга жорий қилиш бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келаётгани қайд этилди.

Кэтрин Тай ҳозирда АҚШ ҳукумати ишчи-ходимлар ҳуқуқларига устуворлик берувчи янги савдо сиёсатини ишлаб чиқаётганини маълум қилди. Шундан келиб чиқиб, келажакда мажбурий меҳнатни келтириб чиқарувчи хавфларни эрта аниқлаш, касаба уюшмалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, меҳнат инспекторлари ҳуқуқларини кенгайтириш йўналишларида ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

Шу билан бирга, президент Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни Америка Қўшма Штатларининг савдо вакили Кэтрин Тайни қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Учрашувда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилингани қайд этилди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши, GSP тизимини қайта тиклаш, C5+1 формати ҳамда Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим доирасида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди, дейилади хабарда.

Саноат кооперацияси учун янги соҳаларни аниқлаш ва тегишли лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшма платформани ишга тушириш муҳим экани таъкидланди.