Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Газета.uz»
Фотосессия саройига айланган амир қабулхонаси
Уни Абдулаҳадхон Россия императорини кутиб олиш учун қурдирган эди
Бухоронинг темирйўл вокзали йўқ — ушбу кўҳна шаҳарга поездда йўл олган киши унинг «йўлдош шаҳарчаси» ҳисобланган Когонга бориб тушади. Вокзалдан чиқишингиз билан, сизни бундан қарийб бир ярим аср аввал Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан қурдирилган, Шарқ ва Ғарб меъморчилиги анъаналарини ўзида мужассам қилган уч қаватли муҳташам мажмуа — Когон саройи қарши олади.
Бухоронинг темирйўл вокзали йўқ — ушбу кўҳна шаҳарга поездда йўл олган киши унинг «йўлдош шаҳарчаси» ҳисобланган Когонга бориб тушади. Вокзалидан чиқишингиз билан, сизни бундан қарийб бир ярим аср аввал Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан қурдирилган, Шарқ ва Ғарб меъморчилиги анъаналарини ўзида мужассам қилган уч қаватли муҳташам мажмуа — Когон саройи қарши олади.
Ўзим бухоролик бўлсам-да, Когоннинг ташриф қоғозчаси ҳисобланган бу тарихий саройни илк бор ўтган йили, Мустақиллик байрами нишонланган куннинг эртасига бориб, бафуржа томоша қилдим: кеча тантана жойи бўлган сарой олди бугун саҳардан тозалаб, йиғиштирилаётганди...
Тарих
Нафақат сарой, балки умуман Когоннинг бутун замонавий тарихи темирйўл билан боғлиқ. Бухоро амирлиги Россия протекторатига айланганидан 20 йил ўтиб — 1888 йили империянинг Каспийорти темирйўли Бухорогача, аниқроғи, ундан 12 километр масофадаги (ўша вақтда Янги Бухоро деб аталган) Когонгача тортиб келинади.

Бир томондан, бу чоризм Бухорони янада кучли қарамликда сақлаб туриш учун қилган навбатчи ишларидан бири эди — темирйўл Россияники, энг муҳими, унда нафақат юк ва йўловчи, зарурат туғилганда ҳатто армияни ҳам ташиш мумкин. Бошқа томондан, Бухорода ташқи дунё билан алоқа қилиш имконини берувчи ўз даврининг энг илғор транспорт воситаси пайдо бўлганди.
Бу воситадан биринчи галда амирнинг оиласи фаол фойдаланган: Бухорога «поезд неъмати» кириб келгач, амир Абдулаҳадхон оиласи ва аъёнлари билан бирга мунтазам равишда Петербург, Москва, Қримга саёҳат қилади, «дунёни кўргач» Ялта, Кисловодск, Пятигорск, Железноводск каби курортлардан ер олиб, қароргоҳлар қурдира бошлайди (уларнинг айримлари ҳозиргача сақланиб қолган).

«Россия, Кавказорти ва Қрим шаҳарларида бўлиб, у ердаги аслзодалар ҳаёти билан танишган амир барча қулайликларга эга, хорижий меҳмонларни кутиб олишга мўлжалланган миллий ва европача услубда сарой барпо этишга фармон беради», дейилади тадқиқотчи Зилола Ҳамидованинг 2017 йили «Мозийдан садо» журналида эълон қилинган мақоласида.

Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти Шавкат Бобожоновнинг қайд этишича, амир ушбу саройни Россия императори Николай Иккинчини Бухорога таклиф қилиш мақсадида қурдирган.
Амир Петербургда бўлиб қайтгач, рус подшоси Николай Иккинчини Бухорога таклиф этмоқчи бўлади. Шу мақсадда императорлар хонадонига тўла мос ва хос услубда, ўша давр архитектура талаблари асосида сарой қуриш режа қилинади. Амир саройни уч қават қилиб муҳташам ва улуғвор, бир қарашда кишини ўзига ром этадиган даражада чиройли қилиб қуриш талабини қўйган
Шавкат Бобожонов
Дарҳақиқат, XX аср бошида Россия императорининг Туркистон ўлкасига сафари режалаштирилган.
Аммо 1905 йил 9 (22) январда юз берган «Қонли якшанба» воқеалари, бу воқеалар туртки берган 1905 йилги рус инқилоби сабаб Николай подшонинг Туркистонга сафари амалга ошмай қолади. Бобожоновнинг қайд этишича, саройда императорнинг тоғаси, князь Константин меҳмон бўлган.
Дастлабки режа бўйича, сарой шаҳар ичида қурилиши керак эди. Аммо, Зилола Ҳамидованинг ёзишича, Бухоро уламолари шаҳарга ғайридинларнинг киришига норозилик билдиргани боис, саройни Бухородан 12 километр узоқликда, ўша вақтда Янги Бухоро, кейинчалик эса Когон деб атала бошлаган манзилда қуришга қарор қилинади.
Сарой лойиҳаси ўз даврининг кўзга кўринган архитекторларидан бири Алексей Леонтьевич Бенуа томонидан икки йил давомида тайёрланган. Қурилиш ишларига муҳандис Дубровин раҳбарлик қилган. Қурилишга маҳаллий усталар билан бирга Россия, Болтиқбўйидан келган мутахассислар ҳам жалб этилган. Аксарият манбаларда сарой қурилиши 1895 йил августда бошланиб, 1898 йилда тугатилгани айтилади. Шавкат Бобожонов эса, бошқа манбаларга таяниб, қурилиш 1903 йилгача давом этганини таъкидлайди.
Сарой узунлиги 65, кенглиги эса 34 метр бўлган тўртбурчак шаклдаги майдонда қурилган. Унинг пойдеворини кавлашнинг ўзига бир йил вақт сарфланиб, қазиб олинган қум араваларда олиб чиқилган.

Амирнинг «ташриф қоғозчаси»га айланиши лозим бўлган сарой намлик ва зах кўрмаслиги, атрофидаги ботқоқликни йўқотиш учун мукаммал ирригация-дренаж тизими қурилган. Остидан туз кўтарилмаслиги учун пойдеворга дастлаб уч қатор тоғ харсангтошлари терилган.
Шавкат Бобожоновнинг қайд этишича, лойиҳада сарой қурилиши 300 минг рубль (ҳозирги кун қиймати бўйича тахминан 272 млрд сўм)га тушиши кўрсатилган бўлса-да, амалда 50 минг рубль кўпроқ — 350 минг рубль (тахминан 318 млрд сўм) сарфланган.
Сарой
Саройга унинг уч томонидан жойлашган учта дарвоза орқали кириш мумкин бўлган. Шавкат Бобожоновнинг қайд этишича, зинали кириш йўлакларини тунда икки томондан машъалалар ёритиб турган. «Бенуа бино лойиҳасини шу қадар маҳорат билан ишлаганки, бир эшикдан кирган киши бутун саройни айланиб, мутлақ бошқа эшикдан чиқиб кетиши мумкин бўлган», деб ёзади Зилола Ҳамидова.
Саройнинг биринчи қаватида 17 та хона бўлиб, улар орасида тўртта ётоқхона, йирик кутубхона (бу хона ҳозир ҳам кутубхона ва у ишлаяпти), Ғарб услубида қурилган ошхона, қабул заллари, шунингдек, балл зали ва маэстро хонаси ҳам бўлган. Айнан балл зали — узунлиги 17 метрга чўзилган бўлма — саройнинг энг маҳобатли хонаси ҳисобланади.
Кенг ва ёруғ зал деворларига табиат манзаралари акс этган овал шаклдаги картиналар солинган.
Балл зали
Фото: Беҳзод Болтаев / «Газета.uz»
Тантаналарга мўлжалланган бу хона икки қаватли бўлиб, иккинчи қаватида оркестр ва хор жамоаси учун ўринлар бўлган. «Хонанинг мусиқа товушларига мослангани, қурилишда овоз частоталарининг барча жиҳатлари инобатга олингани тенгсиз муҳандислик иши ҳисобланади», – дейди Шавкат Бобожонов.
Иккинчи қаватда, ашула ва хор хоналаридан ташқари, назоратчи соқчилар хонаси ҳам жойлашган. Учинчи қаватдаги хоначалардан ҳам асосан хавфсизлик мақсадида фойдаланилган — масалан, у ердан туриб ажнабийларнинг суҳбатларини махфий тарзда тинглаш мумкин бўлган.
Шу билан бирга, иккинчи қаватда ҳам, учинчи қаватда ҳам махсус томоша майдончалари ташкил этилган. Ўз вақтида, Когонда ундан-да баланд бирор бино бўлмаган замонларда, саройнинг учинчи қаватидан бутун Когон шаҳри кафтдагидек кўриниб турган.
Том қисми
Фото: Беҳзод Болтаев / «Газета.uz»
Саройни безатишда меъморчиликнинг классицизм, мавритан, готика, барокко, ампир услубларидан фойдаланилган. Масалан, Шавкат Бобожоновнинг таъкидлашича, устунлар тўлиқ итальянча услубда ишланган. Бир қатор равоқ ва кичик минораларда мавритан услубига хос белгиларни кўриш мумкин.
«Шарқона услубни эса гириҳлар, ислимий нақшлар орқали теран англаш мумкин», — дейди тарихчи. Саройнинг иккинчи қават айвонида Қуръон оятлари араб имлосида ганчкори безаклар билан гулкори қилиб битилган. Худди шундай бадиий безакни саройнинг ғарбий кириш жойидаги айвоннинг ёғоч устунларида ҳам кўриш мумкин.
Сарой хоналари ганчдан ишланган голланд печлари ёрдамида иситилган. Зилола Ҳамидованинг ёзишича, деворлар орасида махсус йўлакчалар қолдирилган, печлардан чиққан иссиқлик эса мана шу йўлакчалари орқали «сузиб», бутун бинони бир маромда иситган. Ёзда эса, уч метр чуқурликдаги ертўланинг туйнуги очилиб, яна бояги йўлакчалар бўйлаб салқин ҳаво «югуртирилган».
«Бенуа лойиҳасининг ушбу таҳсинга сазовор қисми ёрдамида сарой қишда иссиқ ва ёзда салқин ҳарорат билан мунтазам таъминланган», дея қайд этади Зилола Ҳамидова. Тарихчи Шавкат Бобожонов ҳам хоналардаги девор устунлари (колонналар) нафақат безак, балки, замонавий тил билан айтганда, кондиционер вазифасини ўтаганини таъкидлайди. «Устунлар ичидаги сув тўлдирилган қувурлар хоналарга салқинлик улашган», — дейди у.
Амир Абдулаҳадхон даврида сарой ҳовлисининг шарқий ва жанубий қисмида фавворалар бўлган, аммо бугунги кунгача сақланиб қолмаган. Саройнинг 4 гектарлик боғига Бразилия каталпаси, рус акацияси, каштан, қараған, эман каби хилма-хил манзаралари дарахтлар экилган.
Шавкат Бобожоновнинг манбаларга таяниб маълум қилишича, боғдаги дарахтларни кўкартириш учун аввал ерга саксовул экилиб, шўрланиш йўқотилган. «Боғни барпо этиш учун етти йил меҳнат сарфланган», — дея қўшимча қилди тарихчи.
Гид Меҳринисо Қодированинг сўзларига кўра, сарой ҳовлисида Бухородаги Арккача бориш мумкин бўлган 12 километрлик ерости йўлининг кириш қисми бор — унда от-арава билан ҳам эркин ҳаракатланиш мумкин бўлиши учун ерости йўлининг кенглиги 5 метр қилиб қурилган. «Лекин бу ертўлага ўзимиз кириб кўрмаганмиз, аниқ қандай жойлигини ҳам билмаймиз. Эшитишимча, ярми ахлат ва сув билан тўлган, шунинг учун кириб кўришнинг имкони йўқ», — дея қўшимча қилди гид.
Ерости йўлига кириш қисми
Фото: Беҳзод Болтаев / «Газета.uz»
Бугун
2009 йили Маданий мерос объектлари рўйхатига киритилгани тарихий иншоот 1947 йилдан бошлаб Темирйўлчилар маданият саройига айланган. «Сарой темирйўлчилар ҳудудида — Темирйўлчилар боғи, депо, вокзал, ҳаммаси шу ерда — жойлашгани учун темирйўлчиларга маданият уйи сифатида фойдаланишга берилган. Бинони сақлаш харажатлари ҳам темирйўлчилар ҳисобидан амалга оширилган», — дея тушунтиради Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси бош мутахассиси Шоҳаббос Шарофиддинов.
Сарой 2024 йил январида Когон шаҳар ҳокимлиги, кўп ўтмай шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфига ўтказилди. Шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммадали Нарзиллоевнинг сўзларига кўра, «Бухоро минтақавий темирйўл узели» саройни реставрация қила олмагани сабаб бино ҳокимлик ихтиёрига қайтарилган.
Реставрация ҳақида камида 2021 йилдан бери гапирилади. 2022 йил январида эса вилоят Маданий мерос бошқармаси мутахассислари Когон саройини реставрация қилиш лойиҳаси ишлаб чиқиш учун танлов эълон қилингани, лойиҳа тегишли давлат ташкилотлари билан келишилгач, сарой 2022−2023 йилларда Жаҳон банки ажратган маблағлар ҳисобидан тўлиқ реставрациядан чиқишини маълум қилганди.
Шоҳаббос Шарофиддинов 2023 йилда якунланиши лозим бўлган реставрация нима учун 2024 йилда ҳам бошланмаганининг сабабларини тушунтираркан, бунга реставрация лойиҳасининг кечикканини сабаб қилиб кўрсатди. Реставрация учун Жаҳон банки ажратган пулни тақсимловчи миллий тузилма — Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш гуруҳи реставрация лойиҳасини фақат 2023 йил охирида тақдим этган.
«Маданий мерос агентлиги илмий-экспертлар кенгаши лойиҳани маъқуллади. Лойиҳа ҳозирда Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси давлат унитар корхонасига экспертиза учун киритилган. Экспертизадан ўтгач, тендер эълон қилинади. Тендерда пудратчи аниқлангач, вазирликдаги Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш гуруҳи реставрацияни бошлаш учун дастлабки авансни тўлайди», — дейди мутахассис…
Саройнинг 200 кишини сиғдира оладиган мажлислар зали бор. Ўз вақтида ундан кинотеатр сифатида ҳам фойдаланилган. Ҳозир эса бу ерда Бухоро вилояти ва Когон шаҳар ҳокимлигининг турли йиғилишлари ўтказилади. Балл залидан яқин-яқингача никоҳни қайд этиш жойи сифатида фойдаланилаётган эди, ҳозир эса у фотосессиялар макони. Саройнинг бир неча хонаси спорт тўгаракларига берилган.
Мажлислар зали
Фото: Беҳзод Болтаев / «Газета.uz»
Масъулларнинг таъкидлашича, реставрация қилингач, саройдан музей, кутубхона ва юқори мартабали меҳмонларни кутиб олиш учун мўлжалланган қабуллар уйи сифатида фойдаланиш режалаштирилган.
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифлари — Беҳзод Болтаев, Шоҳруҳ Ҳайдаров

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.