Эзгу ниятлар таоми
Қишлоқда пиширилган сумалак ҳақида Холида Мусулмон фотоҳикояси
Сумалак — ўзига хос маросимлари бор, пиширилиши осон бўлмаган таом. Шу боис қишлоқларда уни бир неча оила бир бўлиб тайёрлади. Ва фарзандлари ўқишга кириши, уйида газ, юртда эса тинчлик бўлишини ният қилиб, қозон кавлайди. Холида Мусулмон навбатдаги фотоҳикояси — қишлоқда тайёрланган сумалак ҳақида.
Сумалак — ўзига хос маросимлари бор, пиширилиши осон бўлмаган таом. Шу боис қишлоқларда уни бир неча оила бир бўлиб тайёрлади. Ва фарзандлари ўқишга кириши, уйида газ, юртда эса тинчлик бўлишини ният қилиб, қозон кавлайди. Холида Мусулмон навбатдаги фотоҳикояси — қишлоқда тайёрланган сумалак ҳақида.
«Менинг қўлим эмас, момоларимнинг қўли» — дея пичирлайди Марҳабо Жумабоева сап-сариқ буғдой доналарини дастурхонга сочаркан. Бу билан у сумалак тайёрлаш сир-асрорларини ўргатган бувиларини ёдга олади.

Атрофда хотин-халаж. Бари — қўшнилар. Улар бу ҳафта Наврўз тимсолини тайёрлашда Марҳабо опага ёрдам беради. Харажатлар аввалдан тақсимлаб олинган: бир аёл буғдойни олиб келган, бошқаси — ёғ, учинчиси — ун.

Одатга кўра, сумалакни бир неча хонадон биргаликда пиширади. Бу таом одамларни уюштиради — чунки уни тайёрлаш яхшигина машаққат. Бунда ҳар кимнинг ўз вазифаси бор. Кексалар сумалак қандай пиширилишини эринмай ўргатади. Эркаклар сув ташиб, ўтин ёради. Қизиқувчан болаларга ҳам ҳар хил майда-чуйда юмушлар топилади. Қолган заҳмат — аёллар зиммасида.
Сумалакнинг фурсати келгани ҳақида нафақат тақвим, балки табиатнинг ўзи ҳам хабар беради. Масалан, Ғаллаоролнинг тоғолди ҳудудларида жойлашган Чувиллоқ қишлоғида муздек шамол эсаётганига қарамай, қуёшнинг баҳорий тафтини ҳис қила бошлаганинг ондан — бошқача айтганда, устингдаги камзулни ечиб қўйиш мумкин бўлганидан бошлаб — сумалак тайёрлашга киришиш мумкин. Баъзида баҳор нисбатан эрта, февралдаёқ эшик қоқиб қолади — қишлоқ аҳли табиатнинг бу чорловига бўйсунмай иложи йўқ, чунки сумалак жазирамани ёқтирмайди.
реклама
реклама
Иш сумалакнинг асоси бўлган буғдойни тозалашдан бошланади. Сумалак мазали бўлиши учун буғдойнинг нави аҳамиятсиз, муҳими — синган, бурдаланган дон-дун, улар орасидаги тошлар териб, олиб ташланиши керак. Синиқ дон унмайди, чириб, сумалак таъмига ёмон таъсир қилиши мумкин.
Тозаланган буғдой сувда бир ярим кун ивитилиб, сўнг халталарга солинади. Куртак отгунча сув сепиб, халта ўнгдан чапга ағдариб турилади. Одатда икки кунда ниш урадиган буғдой хонтахта устига ўртача қалинликда ёйиб чиқилади. Сепилган ортиқча сув оқиб кетиши учун хонтахта устига олдиндан плёнка ҳам ёзилади — буғдойнинг қалин ва сифатли илдиз олишининг сири ҳам шунда.
Буғдой илиқ ҳароратли хонада, кунига уч маҳал — доим бир вақтларда — сув сепиб ўстирилади. Марҳабо опа «Бисмиллоҳ!» дея ишга киришаркан, яна: «Менинг қўлим эмас, момоларимнинг қўли!», деганича буғдойга илиқ сув сепади. Буғдойнинг қуриб қолмаслиги ва ортиқча ўсиб кетмаслигига эътибор бериш лозим. Йўқса таом тахир бўлиб қолади.
Етарлича ўсган буғдой гўштқиймалагичда майдаланиб, янчилади. Эзилган буғдой бир неча маротаба ювилгач, ширали сувни ажратиб олиш босқичи бошланади.
Тайёргарлик босқичлари ортда қолгач, аёллар ўчоққа ўт ёқиб, қозонга обдон ёғ суркаб чиқади. Қозонга дастлаб, сумалакни пишириш вақтида у тагига олмаслиги учун, шарақлатиб тошлар ташланади. Тош йиғишдек масъулиятли ишни болалар бажаради. Ҳеч бир «сеҳрли» вазифаси бўлмаса-да, тошни қозонга ихлос ва яхши ният билан солишнинг гашти ўзгача, болалар эса уларнинг мўъжизавийлигига ишонади.

Нуронийларнинг дуои фотиҳалари билан қозонга масаллиқлар — аввалига ёғ, сўнг ундирилган буғдойнинг шираси ва ун солинади. Сумалак қайнайвергач, аста-секин қуюқлашади. Сарғиш тусга кириб, танга ташлагач (сумалакнинг пуфакча ҳосил қилиб, биқир-биқир қайнаши шундай дейилади — таҳр.), яна тўрт челак буғдой шираси қўшилади. Ширали сув тахминан тўққиз марта — ҳар биқирлаб, қайнаб чиққанида қўшилаверади.
Сумалак ярим тунгача қайнатилади. Бу вақт давомида кексалар болаларга кўз-қулоқ бўлиб туради. Болаларнинг оналари эса ўчоқ бошида қишлоқ янгиликлари, латифалар, хотиралар билан бўлишади. Илгари бундай базмлар ашулаю лапарларсиз ўтмаган. Аммо уларни биладиган момоларнинг кўпи дунёдан ўтиб кетди — ҳозир маҳалла ёшлари овозини баланд қилиб замонавий мусиқа қўяди.
Наврўз таоми ҳақида халқ орасида оғиздан-оғизга кўчиб юрувчи бир талай ривоятлар бор. Эмишки, одамлар сумалакни ундирилган буғдойнинг фойдаси ва тўйимлилиги маълум бўлишидан анча аввал пишира бошлаган экан.

Ривоятлардан бирига кўра, сумалакни биринчи бўлиб Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Биби Фотимаи Заҳро пиширган экан. «Бурунги замонда оналар оч қолган фарзандларига ҳатто нон ҳам топиб бера олмаган вақтлар бўлган экан. Шунда энди ниш урган ёш майсалардан териб келган Фотима момомиз унга сув қўшиб қозонга солибди. Очлигидан хархаша қилаётган эгизак ўғиллари овқат тайёрлаётганига ишонтириш учун қозонга тош ташлаб, уни тинимсиз аралаштираверибди. Фарзандлари йиғлайвериб ухлаб қолибди. Тинимсиз қозон кавлашдан чарчаган момомизнинг ўзлари ҳам уйқуга кетибдилар. Ниятлари шунчалик эзгу бўлган эканки, ўша тунда осмондан етти фаришта тушиб, тонгга қадар тўйимли таом тайёрлабди. Она ва болалар уйғониб қарашса, қозон тўла ширин ва тотли егулик — шу тариқа улар очликдан қутилиб қолган экан», — дея ҳикоя қилади Марҳабо опа.
реклама
реклама
Бошқа бир афсонага кўра, «сумалак» сўзи форс тилидан 30 фаришта деб таржима қилинади. Ривоят қилишларича, сумалак тайёрланаётган хонадонга фаришталар тушиб, ҳар бири қозонга одамлар учун соғлиқ, бойлик, фарзанд неъмати каби бирор наф қўшиб кетаркан. Ҳар хил ёмон хаёллардан йироқлашиб, соф қалб билан, чин кўнгилдан, ихлос билан дошқозон устида қилинган эзгу ниятлар албатта рўёбга чиқишига одамлар ишонади.
Хусусан, чувиллоқликлар ҳам мўъжизага ишонади. Эзгу ниятлар билан сумалакни кавларкан, улар Яратгандан болаларининг доим тўқ бўлишини, университетларга грант асосида ўқишга киришини, қишлоққа газ келишини, юртда тинчлик-тотувлик бўлишини, машина ололмаётганлар, Америкага кетолмаётганлар, ўғил фарзандли бўлишни хоҳлаётганлар ҳам ўз ниятларига етишини сўрайди.
Фотосуратлар муаллифи: Холида Мусулмон / «Газета.uz»

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг