Бир ойнинг ўзида ҳам кўклам, ҳам қаҳратон
Чувиллоқдан Xолида Мусулмон фотоҳикояси
Бир ойнинг ўзида ҳам кўклам, ҳам қаҳратон
Чувиллоқдан Холида Мусулмон фотоҳикояси
Ўзбекистонда февраль баҳорий илиқлик билан бошланиб, ярим ойда қишлигини эслаб қолди. Хусусан, Жиззахнинг Чувиллоқ қишлоғида ҳам яшилликка бурканган қирларни яна қор босди. «Газета.uz» фотомухбири Холида Мусулмон қадрдон қишлоғида бир ойда кузатилган икки фасл тароватини кадрларга муҳрлади.
Ўзбекистонда февраль баҳорий илиқлик билан бошланиб, ярим ойда қишлигини эканини эслаб қолди. Хусусан, Жиззахнинг Чувиллоқ қишлоғида ҳам яшилликка бурканган қирларни яна қор босди. «Газета.uz» фотомухбири Холида Мусулмон қадрдон қишлоғида бир ойда кузатилган икки фасл тароватини кадрларга муҳрлади.
Кўклам
Февраль ўрталари. Қиш ҳали ҳукмронлигини тугатганича йўқ. Аммо бу йил Чувиллоққа баҳор эрта келди. Майин шабада гуллаган бодом ифорини димоққа элтади, танга хуш ёқувчи қуёшнинг илиқ нурлари эндигина ниш ураётган куртаклар узра товланади.
Майсалар ниш урган қир узра чўпоннинг «ҳайт-ҳуйт»и ва қўзичоқларнинг маъраши эшитилади. Қиш бўйи кўкламга энтиккан қишлоқ аҳолиси далаю қирда баҳорги юмушларини бошлаб юборган.
Қишлоқ болалари ҳам баҳорий ўйинлар билан банд.

Тутзор ҳам баҳор элчиси бойчечакка бурканган. Қишлоқ болалари кафтларини бойчечак билан тўлдирган.
Қишлоқда бойчечак билан боғлиқ бир одат бор: одамлар биринчи кўрган бойчечагини оёғи билан янчади. Бу одат халқ тилида: «Бойчечак инсонга узоқ умр тиламас экан, «бир йил олдин ҳам сени кўрган эдим, ҳали ҳам тирикмисан?», дея ёмон ният қиларкан», — дея изоҳланади.
реклама
реклама
Бу одат халқ қўшиқларида ҳам куйланади:

Бойчечакни тутдилар,
Тут ёғочга осдилар.
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.
Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак.

Мен авваллари бу одатни тушунмасдим. Эзилган ва эзилаётган бойчечакларга жуда раҳмим келар ва йиғлардим. Ҳозир эса бу одат мантиғини тушунгандекман. Қиш — машаққат, баҳор — омонлик, бойчечак эса машаққат ва омонлик ўртасидаги восита, қишдан чиққан одамлар яхши кунларга етиш учун совуқ ният қилувчи гулни янчиб, ўзига умр тилайди. Зеро, халқ ҳамиша тўкин-сочин, ёруғ кунларда узоқ умр кўришни орзу қилган.
Кўкламда қишлоқ мана шундай гўзал манзара касб этади.
Қаҳратон
Февраль ўрталари. Атрофни баҳор ифори қоплаган. Аммо қиш ҳали кўч-кўронини йиғгани йўқ.
Осмонни қора қарғалар қоплади. Қушлар совуқ об-ҳаводан дарак бераётгандек. Табиат тўнини тескари кийди. Кутилмаганда кўклам ўрнини қаҳратонга бўшатди.
«Қишнинг бир куни қолса ҳам қўрқ» деганларидек, қишлоқ аҳли уй иситиш учун яна ўтин ғамлай бошлади.
Эндигина гуллаган бойчечаку бодом гулларини, атиргул куртакларини қор босди. Бу йил ҳосил мўл бўлишидан умидвор бўлган боғбон қорда қолган бодомидан умидини узди, чоғи.
24 йиллик тажрибага эга боғбон Аслиддин Гулмуродов бунақанги об-ҳаво ўзгариши ҳар йили ҳам кузатилиши, аммо яқин орада баҳор бунчалик эрта келганини ҳам, унинг кетидан бундай қаҳратон бўлганини эслай олмаслигини таъкидлайди.
«Бодом гуллаб қўйганди. Гулкосачасига муз тегмаса, ҳосилдан умид қилса бўларди. Бу сафар совуқ ростмана урди, ҳеч қандай умид йўқ», — дейди 61 ёшли боғбон.
реклама
реклама
Бутун қишлоқ қор билан қопланди. Уй томларию тарновлардан, дарахт новдаларидан сумалаклар осилди. Манзара гўзал. Аммо деҳқону боғбонга бу гўзалликдан заррача енгил эмас — йиллик 30 млн сўмлик фойдани совуқ уриб турганида манзара кўнгилга сиғадими.
Кечагина яшиллик касб этган қирларни қўй-қўзи овози эмас, энди чана учаётган болалар қий-чуви тутди.

Болалар қишнинг сўнгги ойларидагина унинг асл завқини туяётгандек эди.
Табиат шундай гўзалликка эга, замин шундай мўъжизага бой. Биз уларни пайқасак ва асрай олсак кифоя.
Фотоҳикоя муаллифи: Холида Мусулмон.
График материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.

«Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг