Фото: Холида Мусулмон / «Газета.uz»
Қишлоқларда Янги йил
қандай кутиб олинди?
Қишлоқдаги Янги йил шаҳардаги, айниқса пойтахтдаги байрамга ўхшамайди. Унда арча атрофида сайл, концерт деган нарсалар йўқ. «Газета.uz» мухбирлари Мадина Аъзам ва Холида Мусулмон 2024 йилни Андижон ва Жиззахдаги қадрдон қишлоқларида кутиб олди ва қишлоқдаги байрам тароватини кадрларга муҳрлади.
Қишлоқдаги Янги йил шаҳардаги, айниқса пойтахтдаги байрамга ўхшамайди. Унда арча атрофида сайл, концерт деган нарсалар йўқ. «Газета.uz» мухбирлари Мадина Аъзам ва Холида Мусулмон 2024 йилни Андижон ва Жиззахдаги қадрдон қишлоқларида кутиб олди ва қишлоқдаги байрам тароватини кадрларга муҳрлади.
Янги йил кайфияти ва шукуҳи — инсон қўли билан яратиладиган бир мўъжиза. Пойтахтда кўчалардаги ёрқин иллюминация, кафе ва дўконларнинг безатилган ойналари, хонадонларнинг деразаларига илинган гирляндларнинг милтиллаган чироқчалари байрам муҳитини юзага келтиришга ёрдам беради. Жамоат транспорти, таксилар ҳам бундан четда қолмасликка интилади. Янги йил дастурхонига тортиш мумкин бўлган тансиқ таомлар, уйни байрамона безатиш учун анжомларнинг кўплигидан бош яхши маънода гангийди.

Аммо қишлоқда байрам бошқачароқ ўтади, дея ҳикоя қилади «Газета.uz» фотомухбирлари Мадина Аъзам ва Холида Мусулмон. Улар, мос равишда, Андижон ва Жиззах вилоятларидаги қишлоқларда вояга етган. Шаҳардан фарқли ўлароқ, бу ерларда концертларга борилмайди, қишлоқларда бош арча ўрнатиш деган гап йўқ. Шунга қарамай, байрам таровати шаҳардагидан кам эмас.
Эски Ҳаққулобод қишлоғи, Андижон вилояти
Мадина Аъзам ҳикояси
Йилнинг сўнгги тонги, аммо қишлоқда бугун қандайдир ўзгача кун кириб келганини билдирувчи бирор белги йўқ — ҳаммаси одатдагидек. Атрофни туман қоплаган. Мактаб хоналарини қиш шамолидан ҳимоялаш учун қоқилган целлофан шовуллайди. Челакдаги сув музлаган. Печдаги кўмир чўғи ярим тундаёқ ўчган. Остонада қолган пойабзалларга қиров тушган. Аста-секин қўшниларнинг хўрозлари қичқириб, кучуклари вовуллай бошлайди.
Қишлоқ уйғоняпти. 31 декабрь! Қишлоқ аҳли иссиққина ўринларидан эринибгина туриб, ўз юмушларига киришади. Бугун ҳаммага иш топилади.
Эркаклар катакдан энг семиз хўрозни тутиб, сўяди. Қишлоқда байрам дастурхони учун ҳар ким ўзи боққан чорва ё паррандани сўйиш одати бор. «Энг ишончли ва фойдали гўшт — ўзинг етиштирганинг», дейди қишлоқ аҳли.

Байрам дастурхонига оила катталари, дўстлар, қариндошу қўшнилар таклиф қилинади. Байрам арафаси бекаларнинг куни ошхонада ўтади: улар ўзлари тайёрлаган тансиқ таомлар, қўлбола байрам торти ва ширинликлар билан меҳмонларнинг кўнглини олишга уринади.
реклама
реклама
Жаҳду жадали катталарникидан кам бўлмаган кичкинтойлар ҳам уйларини байромона ясатиб, қўшни болаларни лол қолдиргиси келади.
Қуёш ботиши билан кўчадан болаларнинг: «Қорбобо! Қорбобо!», деган овозлари эшитила бошлайди. Қизалоқларига ширинлик олиш учун дўконга югурган ота қотмадан келган «Қорбобо»га ширинликларни бериб: «Буларни бизнинг уйга олиб кир» дея, олдиндан унинг чуқургина чўнтагига хизмат ҳақини ҳам солиб қўяди.
реклама
реклама
Кечки овқат — байрамнинг энг кутилган қисми. Бутун оила бир дастурхон атрофида тўпланади. Келаётган йил учун эзгу тилаклар билдирилган хабарлар юборилади, мобил телефонлар қўнғироқлардан тинмайди. Байрамона либосдаги болакайлар эса Янги йил совғаларини очади — улар байрам мўъжизасига ишонади.
Чувиллоқ қишлоғи,
Жиззах вилояти
Холида Мусулмон фотоҳикояси
31 декабрь — йилнинг энг беҳаловат куни. Янги йил дастурхони учун бозорлик қилгани бутун қишлоқ кўчага чиққандек гўё
реклама
реклама
Энг чиройли халталарда болалар учун ширин совғалар
Бу халталар ичида йўқ ширинликнинг ўзи йўқ!
Уйда эса саҳарданоқ иш қайнайди
Кимдир ўз дастурхони учун, бошқа биров эса буюртмага пишириқ тайёрлаш билан банд
Энг катта талаб — гуллар билан безатилган ёзувли тортларга
Бутун оила Янги йил дастурхони атрофида тўпланади. Улар ўзаро егуликлар ва эзгу тилаклар билан бўлишади
Ярим тунга яқин кичкинтойлари бор хонадонларга Қорбобо мўралай бошлайди
Меҳмонлар қаторидан жой олган Қорбобога таому ширинликлар улашилади
Мўъжиза ҳисси — Қорбобо бериши мумкин бўлган энг асосий совға, аксарият болалар ва катталар ҳам бу байрамни айнан шунинг учун яхши кўради. Зотан, мўъжиза бор экан, имконсиз нарсанинг ўзи йўқдек гўё.
Ғелон қишлоғи,
Қашқадарё вилояти
Холида Мусулмоннинг фотоҳикояси
Холида Янги йил арафаси навбатдаги этнографик саёҳати доирасида Қашқадарё вилоятининг машҳур Ғелон қишлоғида бўлиб қайтди. У вақтда мактабда иккинчи чорак ҳали тугамаган, ўқувчилар таътилга чиқмаган, шунга қарамай, яқинлашиб келаётган байрам шукуҳи сезилиб турганди.
1 сонли мактабда қишки таътил олдидан сўнгги ўқув кунлари
Деразаларга бўёқ билан (нима учундир) рус тилида «Янги йил билан!» ёзуви, қорли арча япроқлари, Қорбобо ва қор парчаларининг расмлари туширилган
Эшикларга зар, тасма ва турфа ранг арча ўйинчоқларидан қўлбола ясалган чамбарлар илинган
Синф хоналарининг шифтларига ёпиштирилган пуфак ва гирляндалар байрам яқинлигидан дарак. Хона совуқ — шу боис болалар устки кийимларини ечмай ўтиради
реклама
реклама
Спорт залида бошланғич синф ўқувчилари учун уюштирилган байрамдан бир лавҳа
Байрамнинг асосий қаҳрамонлари — Санта Клаус кийимидаги болалар
Шифтга ранг-баранг пуфакларни ёпиштириш — бу ҳам байрам муҳитини юзага келтириш йўлидаги синалган усул. Пуфакларни, яхшиси, бутун оила биргаликда шиширгани маъқул. Шу тариқа нафақат байрам шукуҳи юзага келади, балки завқли бир оилавий анъана ҳам пайдо бўлади.
Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам ва Холида Мусулмон.
Барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.

«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг