Қандай қилиб БАА университетларига ўқишга кириш мумкин?
Диёра Аҳророва ҳикояси

Тошкентдаги Вестминстер университети талабаси Диёра Аҳророва 2018 йили Дубайдаги SP Jain глобал менежмент мактабига ўқишга кирган. У «Хориж дипломи» лойиҳаси учун Амирликлардаги қабул жараёни, таълим тизими ва талабалик ҳаёти ҳақида гапириб берди.
Тошкентдаги Вестминстер университети талабаси Диёра Аҳророва 2018 йили Дубайдаги SP Jain глобал менежмент мактабига ўқишга кирган. У «Хориж дипломи» лойиҳаси учун Амирликлардаги қабул жараёни, таълим тизими ва талабалик ҳаёти ҳақида гапириб берди.
Хориж дипломи
«Хориж дипломи» — бу дунёнинг турли мамлакатларига ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳикояларидан иборат лойиҳа. Улар университет ва грантлар топиш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, ҳужжатлар топшириш, хорижда ўқиш ва яшашнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, хориждаги таълимнинг ўз ҳаётларига таъсири ҳақида сўзлаб беради.
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони 2018 йилда Дубайдаги SP Jain бизнес-мактабидан (БААдан ташқари Сингапур ва Австралияда ҳам ушбу олийгоҳ филиаллари бор) грант ютиб олган Диёра Аҳророва бўлди. Диёра ҳозирда Дубайдаги AWJ Investment компаниясида ижрочи директори сифатида фаолият олиб бормоқда.
Чет элга бориш истаги ҳақида

Менга ҳар доим Ўзбекистондан кўра хориждаги ҳаёт қизиқарлироқ бўлган. Мен оилам амал қиладиган анъаналардан йироқман. Мен ҳеч қачон асосий мақсади муваффақиятли эрга тегиш бўлган анъанавий оилалардан чиққан қизлардек йўл тутишни хоҳламаганман. Мен ҳар доим карьера қилишни истаганман ва хорижда ўз салоҳиятимни яхшироқ намоён қила оламан, деб ҳисоблаганман.
Dubai World Trade Centre бизнес-мажмуаси
ЎзДЖТУ қошидаги лицейда ўқиб юрган кезларим, чет элда таълим олишни шунчаки орзу билиб, бу орзуни рўёбга чиқаришга кўп ҳам ҳаракат қилмасдим. Хорижий ОТМга ўқишга киришнинг иложи йўқдек туюларди менга. Бу борадаги фикрим қариндошим талабалар алмашинуви дастури бўйича АҚШга ўқиш учун жўнаб кетгач ўзгарди. «Қариндошимки буни уддалаган бўлса, нега мен қила олмас эканман?», деб ўйлаганман ўшанда.

Кетиш-кетмаслигим ота-онамнинг қарорига боғлиқ эди. Аммо улар мени уйдан узоққа қўйиб юборишга тайёр эмасди. Шу боис лицейни тамомлагач, чет эл таълими ва маданиятини яхшироқ билишга уриниш истагини қандайдир тарзда компенсация қилиш мақсадида, 2017 йили Халқаро Вестминстер университетига ўқишга кирдим.
реклама
реклама
Университетда чакки билим олмадим, талабалик ҳаётим қизғин ва мазмунли эди. Аммо орадан бир йил ўтиб, шартнома нархи 10 млн сўмга ошиб, қарийб 3000 долларга етди. Бунча пулга чет элда ҳам ўқиш мумкин эди. Айнан шу ҳолат кўчиш учун асос бўлди, бироқ мен ўқишни давом эттириш учун бирор бир мамлакатни танлай олмаётгандим. Кейин танишим Дубай, Сингапур ва Сиднейда филиаллари бўлган SP Jain глобал менежмент мактабининг бакалавриат босқичига ҳужжат топширишни тавсия қилди. Таълим муассасаси БААга тегишли.

Бизнес мактаби молия, маркетинг, ахборот технологиялари, халқаро логистика, инсон ресурсларини бошқариш каби йўналишлар бўйича бакалавр ёки магистр даражасини таклиф қилди. Бакалавриат таълим тизими шундай тузилганки, талаба биринчи йилни Сингапурда ўтказади, иккинчи йил БААда ва охирги икки йилни Австралияда ўтказади. Магистратура ҳам худди шу тартибда, фақат ўқиш икки йил давом этади. Учта давлатда ўқиш истиқболи мени ўзига жалб қилди ва бир ярим ой ичида барча ҳужжатларни тўпладим.
Қабул учун зарур ҳужжатлар тўплами
1
Паспорт нусхаси
2
Баҳолар транскрипти келтирилган диплом ёки аттестат
Аъло баҳоли аттестат бошқа номзодлар орасидан ажралиб туриш имконини беради. Лицейни қизил диплом билан тугатганим ўқишга киришда менга устунлик берди.
3
Умумий таълим ва тил сертификатлари
Имтиҳонлар сони сертификатнинг мавжудлигига боғлиқ. IELTS дан 7 балл олганим учун инглиз тилидан имтиҳон топширмадим. TOEFL бўйича шунга эквивалент ҳисобланувчи балга эга абитуриентлар бошқа фанлардан имтиҳон топширганди. SAT ва GMAT сертификатларининг борлиги бир қатор умумий таълим фанлари имтиҳонидан озод қилади.
4
Тавсияномалар
Мен лицейдаги ўқитувчилар, 2015 йилда амалиёт ўтаган жойим — Young Leaders Development Project лойиҳаси етакчилари ва SP Jain бизнес-мактабида ўқиган дўстимнинг тавсияномаларини илова қилганман.
5
Мотивацион эссе
Эсседа мен аёлнинг ижтимоий роли фақат никоҳ ва болалар тарбияси билан чекланган консерватив жамиятда ўсганимни ёздим. Мен ўз тақдиримни ўзим танламоқчилигим, бунинг учун менга университетнинг ёрдами кераклигини таъкидладим. Комиссия талабанинг молиявий имкониятларига ҳам эътибор беради, шунинг учун грант кераклигини билдириб ўтиш керак.
Ҳужжатларни апрель охирида университет сайти орқали топширдим. Бир ярим ой ўтгач улар менга олти фан: мантиқ, абстракт фикрлаш, математика, ўқиш, умумий билимлар синови ва IQ тести бўйича имтиҳон варақаларини юборди.
Кириш имтиҳонлари Ўзбекистонда абитуриентлар топширадиган
имтиҳонлардан тубдан фарқ қилиши мени ҳайратлантирди. Асосий эътибор фанларни билиш эмас, балки ҳозиржавоб фикрлаш ва ахборотни қайта ишлаш қобилиятига қаратилади. Вариантлар кўрсатиладиган одатий тестлар ўрнига жавоблар қаторини ўзингиз тўлдиришингиз керак. Мен имтиҳонларни камера қаршисида онлайн топширдим.
Охири дўстона муҳитда бир онлайн интервью бўлди. У кўпроқ ишга кириш учун ўтказиладиган суҳбатга ўхшарди. Менга нега айнан шу университетни танлаганим, шахсий ютуқларим, келажак режаларим ва ихтисослаштирилган фанлар бўйича билимларим ҳақида саволлар берилди.
реклама
реклама
Июлда университетга кирганим ҳақида хат олдим — мен таълим харажатлари тўлиқ қопланадиган грантни ютиб олгандим. Хатга энди нима қилиш кераклиги ҳақидаги йўриқнома, бир йиллик тахминий харажатлар рўйхати илова қилинган эди. Қувонч ва фахрга тўлиб, ютуғимни оиламга кўрсатдим. Оилада фикри ҳал қилувчи аҳамиятга эга бобом ва бувим мени қўллаб-қувватлашди, шундан сўнг ота-онам хорижга кетишимга рози бўлди. Қўллаб-қувватлашгани учун мен оила аъзоларимдан жуда миннатдорман.

Сафар тараддудига тахминан бир ойча вақт кетди. Олийгоҳ визани расмийлаштириб, суғурта беришдан ташқари, уй топишга ҳам ёрдам берди. Менга уларнинг бу хизматлари учун пул тўлаш қолганди, холос. 2018 йил 29 август куни Сингапурга учиб кетдим. У ерда талабаларни волонтёрлар автобус билан қаршилайдиган амалиёт йўқлиги боис, мени дўстим кутиб олиб, шаҳар билан таништирди. Эртаси кундан дарслар бошланиб кетди.

Ўқишдан ташқари шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига сайрлар, тоғларга сафарлар, ўрмон саёҳатлари уюштирилди, фестиваль ва концертларда иштирок этдик. Сингапурда бир йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетди.
Кейинги йилнинг сентябрида БААга учдим. Сингапурдаги нам ва ёмғирли об-ҳаводан сўнг Дубайнинг қуруқ ва иссиқ иқлимига мослашишга қийналганим эсимда. Аввалига Сингапурнинг табиати, одамлари ва атмосферасини жуда соғиндим. Янги шароитларга кўникиш, дўстлар топиш ва мегаполис ритмига тушиб кетиш учун ярим йил керак бўлди.

Ўқиш пайтида мен ва дўстларим Дубайдан 15 километр узоқликда жойлашган Silicon Oasis номли жойдан квартира ижарага олдик. Ижара ва транспортнинг хамёнбоплиги, шунингдек, турфа уйларни — бир хоналидан тортиб студиягача ижарага олиш мумкинлиги боис бу ерда кўплаб талабалар яшайди. Деярли барча университетлар, шу жумладан бизнинг бизнес мактабимиз ҳам Академик шаҳарчада жойлашган бўлиб, биз уйимиздан у ерга атиги беш дақиқада етиб олардик.
Caesars Palace Dubai меҳмонхонаси

БААдаги таълим тизими ҳақида

БААда ўқиш қиммат. Олий таълим ҳамма учун пуллик — нарх, университетга қараб, йилига 3 мингдан 30 минг долларгача бўлиши мумкин. Бироқ аксарият университетлар талабаларни қўллаб-қувватлашга ва миқдори катта стипендиялар таклиф қилишга интилади. Университет ўқишнинг 100 фоиз харажатини қоплай олади, аммо одатда қоплаб бериладиган миқдор 30−50 фоизни ташкил қилади. Шу тариқа, олийгоҳ менга бепул ўқиш имкониятини берди — аслида тўрт йиллик шартнома пули 100 минг долларга яқин бўларди.
Агар молиявий ёрдам олишдан умидвор бўлсангиз, университетни танлашда стипендия ҳажми ва шартларига эътибор беринг. Грантлар учун аризалар одатда ҳужжат топшириш вақтида қабул қилинади. Мотивацион эсседа молиявий аҳволни ҳам эслатиб ўтган маъқул.
Ҳар ўқув йилининг охирида маъмурият бюджетда ўқиётган талабанинг ўқиш ва унда ташқари ютуқларини баҳолайди ҳамда молиялаштиришни давом эттириш-эттирмаслик ҳақида қарор чиқаради. Агар сиз дарсларни ўтказиб юборсангиз ва давоматга эътибор бермасангиз, кўмакдан маҳрум бўлишингиз мумкин. Баъзида стипендияни ўқиш давомида, ўтган семестрдаги ютуқлар билан раҳбариятни ҳайратда қолдириш орқали ҳам олиш мумкин.
реклама
реклама
БААда олий таълим бакалавриат, магистратура ва аспирантура босқичларидан иборат. Мамлакатда ўнлаб халқаро университетлар бор, таълим тизими АҚШ, Канада ва Европа тажрибасига асосланган. Университетларда чет элликлар дарс бериши ва ўқигани боис асосий ўқитиш тили инглизча. Абитуриентларга қўйиладиган талаблар университетга қараб фарқ қилади. Одатда университетлар ҳужжатларни йилига икки марта — куз ва баҳорги семестрларда қабул қилади. Ҳар эҳтимолга қарши, маълумотларни университетлар сайтидан текшириш лозим.
Dubai Design District даҳаси
Бакалавриатда ўқиш муддати тўрт йил. Муҳандислик ва архитектура дастурлари бир йил кўпроқ давом этиши мумкин. Магистратура дастури ўртача икки йил давом этади, аммо бор-йўғи бир йил ичида тезлаштирилган курсни ўташ, лойиҳани ҳимоя қилиш ва диплом олиш мумкин.
Талабалар кредит-модуль тизими бўйича ўқийди, бунда ҳар бир фан маълум миқдордаги балл беради. Мутахассисликка қараб, барча ўқиш йиллари учун ўртача 120−140 кредит балл тўплаш керак бўлади. Ҳар семестрда фанлар рўйхати янгиланади. Мен университет эмас, олий мактабда ўқиганим учун бизга жадвални маъмурият тузиб берган.
Ўқув режаси умумтаълим ва ихтисослик фанларидан, шунингдек, мустақил танланадиган факультативлардан иборат. Оралиқ назоратлар семестр ўртасида, якуний назоратлар эса семестр охирида ўтказилади. Қишки таътилнинг давомийлиги бир ҳафта, ёзгиси эса тўрт ой — майдан августгача.
реклама
реклама
Бизнес-мактабдаги ўқиш давомида мен пайқаган ўзига хослик — дарс жараёни ва ундан ташқари машғулотларда ҳам жамоа бўлиб ишлашдир. Уй вазифаси сифатида кўпинча (биргаликда бажариладиган) қўшма лойиҳалар берилади. Курсдошларингиз билан икки семестр давомида бирга ўқиш эҳтимоли жуда кам. Гуруҳ таркиби ҳар олти ойда ўзгариб туради. Гендер мувозанати ва миллий хилма-хиллик — муҳим мезонлардан бири. Ушбу ёндашув ижтимоий кўникмаларни ривожлантиради ва турли одамлар билан самарали ишлашни ўргатади.

Дарслар интерактив шаклда олиб борилади. Аксарият профессор-ўқитувчилар ўзи дарс берадиган соҳада иш тажрибасига эга. Шундай экан, талабалар ҳам назарий, ҳам амалий билим олади. Университет ишбилармон ва тадбиркорларни маърузачи сифатида таклиф қилади, дарслардан сўнг эса талабалар кўпинча турли компанияларда амалиёт ўтайди. Магистратура дастурлари мажбурий амалиётни ўз ичига олади. Масалан, биз диплом ишини ёзиш вақтида мавзумизга мос ташкилотни излаб, тадқиқот ўтказишда ёрдам сўраб, хатлар ёзганмиз.
2020 йилдан ўқишни Сиднейда давом эттиришим керак эди. Аммо пандемия туфайли чегаралар ёпилиб, Австралияга учолмадим. Учинчи йилни тўлиқ Ўзбекистондан, масофадан туриб ўқидим. Тўртинчи йилдан эса яна Дубайга қайтдим. Охирги семестрни диплом ишимга бағишладим. Ҳимоя май ойида бўлиб ўтди, кейин эса университет талабалар ва уларнинг ота-оналари учун битирув кечаси уюштирди.
Абу Дабидаги Шайх Зайд масжиди
Талабалик ҳаёти ҳақида

БААдаги талабалар ҳаёти соат-соатигача режалаштирилган. Талабалар ҳаёти воқеаларга шу қадар бойки, дам олишга деярли вақт қолмайди. Машғулотлардан сўнг талабалар кутубхона, спорт секциялари, ижодий тўгарак, тил курси ва бошқа факультативларга боради. Агар ўзингизга мос машғулот тополмасангиз, раҳбарият билан боғланиб, ўз талабалар уюшмангизни очишингиз ҳам мумкин. Масалан, биз йога машғулотларини ташкил қилишни сўрадик, маъмурият махсус мураббий топиб, спорт майдончаси ажратди.
реклама
реклама
Менинг бизнес мактабим дастурига шаҳар ташқарисига доимий саёҳатлар ва мамлакатнинг тарихий обидаларига сафарлар ҳам киритилган эди. Шу сабабли гуруҳ билан Абу-Даби, Шаржа, Ажман ва Рас ал-Хаймага бордик. Дубайда Marina Beach, Global Village тематик боғлари, Expo-2020 ва мусиқий фавворалари бор Dubai Mall менинг севимли масканларимга айланди. Агар раҳбарият ташаббус кўрсатмаганида, ўзимиз шаҳарни бунчалик ўрганиб чиқолмасдик. Шундай бўлса-да, барча ўйин-кулги учун ўз чўнтагингиздан пул сарфлашингизга тўғри келади.
Бирлашган Араб Амирликларида ҳаёт сезиларли қиммат. Агар пулни тежашни истасангиз, турар-жойдан бошланг, чунки Дубайда жамоат транспорти фақат метро кўринишида бор, холос — агар метро бекати сизга керакли манзилдан узоқ бўлса, таксига ўтиришга тўғри келиши мумкин. Шу сабаб университетга яқинроқ жойдан квартира излаган маъқул. Шаҳар чеккасида эса автобусда ҳаракатланиш мумкин. Шунингдек, жамоат транспорти ва умумий овқатланиш муассасаларида чегирма берадиган талабалик картасини олишни ҳам маслаҳат бераман. Маҳсулотларни Carrefour дўконларидан онлайн тарзда харид қилиш арзонроқ тушади.
Расман талабаларнинг ишлаши мумкин эмас, шу боис кўпчилик ноқонуний тарзда ишлайди. Энг ишончли ва истиқболли вариант — университетнинг ҳамкор ташкилотларида амалиёт ўташ. Талаба ойига камида 300 доллар ёки ундан кўп пул топиши мумкин. Бу резюмени мустаҳкамлаш ва ўқишни тугатгач мамлакатда қолиш учун ажойиб имкониятдир.
Яшаш нархи ҳисобга олинмаса, шуни айтишим мумкинки, БАА ўқиш ва ишлаш учун аъло жой. Шахсан мен учун Дубай бир неча сабабларга кўра идеал шаҳарга айланди.
Дубайда ўқиш учун бешта сабаб
1
Хавфсизлик
Хавфдан холилик ҳисси — бу БААга келганимдан кейин ҳис қилганим биринчи нарса. БАА дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири. Сиз тунда шаҳар бўйлаб юриб, хавфсизлигингиз ва мол-мулкингиздан хавотирга тушмасангиз ҳам бўлади. Биз баъзида квартиранинг эшигини қулфламасдик ҳам, чунки ҳеч нарса ўғирланмаслигига ишончимиз комил эди — ҳамма мамлакатлар ҳам бундай хавфсизлик даражаси билан мақтана олмайди.
2
Иш имкониятлари
Ўқишни тугатгач, чет эллик талабаларга вақтинчалик виза берилади. Бу вақт, одатда, уй-жой ва муносиб иш топиш учун етарли. Мен ҳозирда AWJ Investment компаниясида ижрочи директор бўлиб ишлаяпман ва келажакда ўз бизнесимни очиш ниятидаман.
3
Карьера томонлама тез ўсиш имконияти
Дубай дунёнинг асосий туристик, савдо ва молиявий марказларидан бири. Кўплаб битирувчилар нуфузли иш жойларига эга бўлади ва кейинчалик иқтисодиёти ривожланаётган ҳар қандай мамлакатда керакли мутахассисга айланади. Мен ҳам келажакда қадрдон Тошкентга қайтиб, унинг ривожига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.
4
Мультикултурализм
Бу ерда сиз турли миллат вакилларини учратишингиз мумкин, ташриф буюрувчилар орасида айниқса рус тилида сўзлашувчилар кўп. Улар билан мулоқот қилиш дунёқарашни кенгайтиради ва одатий фикрлашни ўзгартиради. Шунингдек, янги дўстлар орттирасиз.
5
Иқлим
Бирлашган Араб Амирликларининг жазирамасига тез кўникасиз. Кондиционер ва вентиляторлар туфайли йил бўйи қиздирадиган офтобдан хавотирга тушмаса ҳам бўлади. Дубай — кенг кўламли кўнгилочар масканларига эга курорт шаҳар. Мен пляжда вақт ўтказишни яхши кўраман. Доим денгиз бўйида яшашни орзу қилардим, ҳозир эса уйим сувдан атиги 1 км масофада жойлашган.
БААда ўқиш менга дипломдан ташқари янги муҳитда яшаш учун тажриба, фойдали алоқалар ўрнатиш ва, албатта, мустақил бўлишимга ёрдам берди. Чет элда таълим ҳақиқатан ҳам онгни ўзгартиради, сизни турли маданият ва менталитетга эга кишилар билан мулоқот қилишга ўргатади ва дунёнинг янги қирраларини кўрсатади.
Чет элда ўқишни орзу қилсангиз, ўзингизга ишонинг ва ҳеч нарсадан қўрқманг. Турли гап-сўзларга қарамай, чет эл университетига ўқишга кириш қийин нарса эмас, асосийси — тайёргарликни эрта бошлаш керак. Ўқишга бормоқчи бўлаётганингиз мамлакат талабалари билан боғланиб, қабул жараёни, таълим тизими ва яшаш харажатлари ҳақида сўранг. Бир вақтнинг ўзида бир неча университетга ҳужжат топширинг — бу ҳам ўқишга кириш имкониятини оширади. Рад жавоби келган тақдирда ҳам, камида тажриба орттирасиз ва келаси сафар нимага эътибор бериш кераклигини билиб оласиз. Чет элда ўқиш — келажак учун киритилган сармоядир ва бунда мақсад барча воситаларни оқлайди.
Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.
Рус тилидан Назарбек Назаров таржимаси.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Фотосуратлар Диёра Аҳророванинг шахсий архивидан.

«Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг