Қандай қилиб Финляндия университетларига ўқишга кириш мумкин?
Азизбек Аҳмаджонов ҳикояси
Азизбек Аҳмаджонов 2021 йили Финляндиянинг энг яхши ОТМларидан бири — Тампере университетида таҳсил олиш учун стипендия эгасига айланган эди. «Хориж дипломи» лойиҳасида у Европада ўқиш орзуси, хорижга кўчиб ўтиш ва фин талабаларининг анъаналари ҳақида гапириб берди.
Азизбек Аҳмаджонов 2021 йили Финляндиянинг энг яхши ОТМларидан бири — Тампере университетида таҳсил олиш учун стипендия эгасига айланган эди. «Хориж дипломи» лойиҳасида у Европада ўқиш орзуси, хорижга кўчиб ўтиш ва фин талабаларининг анъаналари ҳақида гапириб берди.
Хориж дипломи
«Хориж дипломи» — бу дунёнинг турли мамлакатларига ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳикояларидан иборат лойиҳа. Улар университет ва грантлар топиш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, ҳужжатлар топшириш, хорижда ўқиш ва яшашнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, хориждаги таълимнинг ўз ҳаётларига таъсири ҳақида сўзлаб беради.
Азизбек Аҳмаджонов 2015 йили Россиянинг Шимолий (Арктика) федерал университетига ўқишга киради. 2021 йилда эса Финляндиянинг Тампере университетида таҳсил олиш учун стипендия эгасига айланиб, менежмент ва бизнес йўналишида ўқишини давом эттира бошлади.
Университет танлаш ҳақида

Европада ўқиш болалик орзум эди. Европа маданияти ва тарихи мени ҳамиша қизиқтирган. Мактаб пайтиданоқ танишларимнинг хорижий саёҳат таассуротларини тинглашни ёқтирардим. Интернетдан фойдалана бошлагач, Европадаги ҳаёт, жумладан, чет элда ўқийдиган ўзбекистонлик талабалар ҳақидаги мақолаларни кўпроқ ўқий бошладим. Буларнинг бари мени чет эл университетида ўқиш ҳақида ўйлашга ундади.
Финляндиядаги Тампере шаҳрининг кўриниши
Мактабни тамомлагач, Тошкент транспорт университети қошидаги 5-академик лицейга ўқишга кирдим. Ўшанда Европа университетларининг чет тилини билиш талаби борлиги боис у ерда ўқишга ҳали тайёр эмаслигимни ҳис қилганман.

2015 йили дўстларим тавсияси билан Россиянинг Шимолий (Арктика) федерал университетига ҳужжат топширдим. Бу олийгоҳ Европа ОТМлари, хусусан, Арктика университети (Арктика минтақасидаги университетларни ягона тармоққа бирлаштирувчи халқаро лойиҳа — таҳр.) билан яқиндан ҳамкорлиги бор эди, қолаверса, «Шимолдан шимолга» (North2North) номли талабалар алмашинув дастури доирасида ҳам ишларди.
реклама
реклама
Шимолий Европага олти ойга бориш учун қаттиқ ўқиб, инглиз тилимни яхшиладим. Швеция ва Финляндия ўртасида танлов қилишга тўғри келди. Охири, тўртинчи курсда Швециянинг Умео шаҳарчасига учиб кетдим. Дастур нафақат таълим, балки фаол маданий ва кўнгилочар тадбирларни ҳам кўзда тутарди.

Олти ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетди ва мен Европага қайтишим кераклиги тушуниб етдим — бу сафар магистратурада ўқиш учун. Чет элликларга мос келадиган дастурларни излай бошладим. Ушбу жараёнда эътиборни хорижий талабалар учун яратилган шароитларга қаратдим.
Нега Финляндия?

Менга Финляндия, давлат тили сифатида расман фин ва швед тиллари тан олинган бўлса-да, маҳаллий аҳолининг инглизча гаплашиши билан ёқди. Финлар жуда дўстона халқ, бу ерда мультикултурализм (маданий бағрикенглик) ривожланган. Мамлакат аҳоли турмуш даражаси бўйича жаҳонда етакчилардан бири саналади. Университетни танлашимда стипендиянинг бор-йўқлиги ва ўқишни тамомлагач иш топишда ёрдам бериши ҳал қилувчи омил бўлди.
Европада таълим қиммат бўлгани боис бепул ўқишни истовчилар университетдан ёки мамлакат ҳукуматидан стипендия олиши керак. Мисол учун, Финляндия университетларида 2017 йилдан бошлаб инглиз тилидаги таълим дастурлари пуллик (10 минг евро ва ундан юқори) бўлди. Агар ариза топшираётган абитуриент фин ёки швед тилини B1 даражасида билса, у ҳар қандай давлат университетига бюджет асосида ўқишга кириши мумкин. Тил ўрганишни эса ўқишга ариза топширишдан икки-уч йил аввал бошлаган маъқул.
Мен фин тилини билмаганим сабабли инглиз тилидаги дастурлардан бирини танлаганман. Финляндияда бундай дастурлар 450 дан ортиқ бўлиб, улар олий таълимнинг барча босқичларини қамраб олади. Бир вақтнинг ўзида, устуворлик кетма-кетлигида келтирган ҳолда, олтита ОТМга ариза топшириш мумкин. Бакалавриат учун мутахассислик муҳим эмас ва асосий ҳужжатлар тўплами барча абитуриентлар учун бир хил. Лекин магистратурага ҳужжат топшираётганда бакалавриатдаги мутахассислик танланган йўналишга мос келиши керак. Яъни, тиббиёт дипломи билан филология магистратурасига кириб бўлмайди.

Магистрант сифатида кириш имтиҳонларида қатнашишимга зарурат бўлмаган. Ўқишга киришим учун дипломдаги ўртача баллнинг юқори экани ва 6,5 баллдан юқори IELTS сертификатига эга эканлигимнинг ўзи кифоя эди. Аммо бакалавр дастурларига қабул қилиниш учун суҳбатдан ўтиш ва, одатда, Финляндия ёки чет элда ўтказиладиган қўшимча кириш имтиҳонларини топшириш керак бўлади. Магистратура дастурларига ҳужжат топшираётганда баъзи университетлар иш тажрибаси ёки ижодий соҳалардаги ютуқлардан иборат портфолиони ҳам талаб қилади.
Финляндия университетларида қабул бир йилда икки марта — январда ва март ойининг ўрталаридан апрель ойининг бошигача бўлиб ўтади. Ушбу босқичларнинг ҳар бири маълум бир дастурларга мувофиқ бўлади. Инглиз тилидаги бакалавр ва магистратура дастурлари учун қабул январь ойида, фин ва швед тилидагилари учун эса мартда бўлади.

Қабул саналарини университетлар сайтидан аниқлаштирган маъқул. Шунингдек, сайтдан қабул учун зарур ҳужжатлар рўйхатини ҳам топиш мумкин. ОТМларнинг талаблари бир-биридан фарқ қилади. Мен cканерланган ҳужжатларни ягона сайт орқали топширганман. Дипломнинг қоғоз нусхасини эса DHL почта хизмати орқали университет манзилига юборганман. Ҳужжат топшириш билан боғлиқ бутун жараён учун бир ойдан кўпроқ вақт кетган.
Ўқишга топшириш учун керакли ҳужжатлар тўплами
Финляндия университетларига барча ҳужжатлар инглиз, фин ёки швед тилларига таржима қилиниб, нотариал тасдиқланган ҳолда тақдим этилиши керак.
1
Қабул учун ариза
Ариза нусхасининг файлини университет сайтидан олиш мумкин
2
Паспорт нусхаси
3
Диплом ёки аттестат
Ҳужжатлар таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши керак

Ўртача балл қанча юқори бўлса, ўқишга кириш имконияти ҳам шунча катта бўлади. Халқаро GPA тизимига кўра, менинг ўртача баллим 4,8 эди
4
Баҳоларнинг академик транскрипти
Аввалги ўқиш жойидан ўқитилган фанлар ва улар учун қўйилган баҳолар кўрсатилган ҳужжат
5
Чет тилини билиш даражаси бўйича сертификат
Инглиз тилида ўқиш учун IELTS ёки TOEFL сертификати, фин тилида эса YKI сертификати керак
6
Талаба резюмеси
Танланган таълим соҳасидаги асосий ютуқларнинг қисқача тавсифи. Ижодий мутахассисликка кириш учун портфолио талаб қилинади
7
Мотивацион эссе ва тавсияномалар
Эссе (иншо)да сиз «Танлов комиссияси нима учун айнан сизни танлаши керак?», деган саволга жавоб беришингиз керак. Мен ўз орзум, университетдаги давоматим, меҳнат фаолиятим ва Швецияга саёҳатим ҳақида ёзгандим
Комиссия абитуриентларнинг ҳужжатлари билан танишиб чиққач, танловдан ўтган талабаларнинг барига расмий хат билан ўқишга таклифнома юборади. Мен уч марта ҳужжат топширганман: 2020 йили стипендия ололмадим, 2021 йили пандемия Европага боришимга тўсқинлик қилди ва ниҳоят 2022 йилда жаҳондаги энг яхши 500 университетдан бири ҳисобланган Тампере университети (UTA)га ўқишга киришга муваффақ бўлдим.

Ўша вақтда бу Ўзбекистон фуқароларига стипендия ажратган Финляндиядаги ягона олий таълим муассасаси эди. Университетдан қабул хати апрель ойида келди. Уни олганимдан кейин ҳужжатдаги кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда рўйхатдан ўтганимни тасдиқлашим керак эди.
Университетга кириш — бу ҳали ишнинг ярми. Яшаш учун рухсатнома ёки «талабалик визаси»ни олиш мураккаб кечди. Ўзбекистонда Финляндия элчихонаси йўқлиги сабабли яшаш учун рухсатномага Қозоғистондан ариза юбордим.
Яшаш учун рухсатнома олиш учун керакли ҳужжатлар тўплами
1
Университетдан расмий таклифнома
2
Ҳисобда маблағ мавжудлиги тўғрисидаги банк кўчирмаси
Мен стипендия қўлга киритганим тўғрисидаги ҳужжатни илова қилдим
3
Суғурта
Тахминан 300 евро
4
Хорижга чиқиш паспорт
5
3х4 ўлчамдаги фотосурат
Июнь охирида курьерлик хизмати ҳужжатларимни менга олиб келиб берди. 5 август куни Финляндияга жўнаб кетдим.
Тампере шаҳридаги Тампелла маданият ва тадбиркорлик даҳаси
Финляндия таълим тизими ҳақида

Финляндияда олий ўқув юртларининг икки тури мавжуд: академик университетлар (Yliopisto) ва амалий фанлар университетлари (Ammattikorkeakoulu), уларни одатда политехникум деб аташади. Мамлакат бўйлаб 30 дан ортиқ университет мавжуд. Аксариятида фин тилида ҳам, инглиз тилида ҳам дастурлар бор.
Академик университетларда назарияга урғу берилади ва илмий мартабага эришмоқчи бўлган мутахассислар тайёрланади. Бундай олийгоҳлар тижорий ташкилотларда амалиёт ўташни назарда тутмайди — уларнинг иккинчи турдаги университетлардан асосий фарқи ҳам шунда.

Амалий фанлар университетларида компаниялар учун бўлажак ходимлар тайёрланади. Уларда амалий ёндашув рағбатлантирилади. Маърузалар кўплаб семинарлар ва компанияларга ташрифлар билан умумлаштирилади. Ҳар бир талабанинг бирон ташкилотда амалиёт ўташи таълимнинг муҳим бир қисми бўлиб, бусиз диплом олишнинг имкони йўқ.

Финляндиянинг баъзи университетлари қўшма дастурларни таклиф қилади. Улар беш йил — бакалавриатда уч ва магистратура босқичида икки йил давом этади. Бундан ташқари, ихтисосликлар бўйича таълим — айниқса тиббиёт соҳасида — 5 йилдан 6,5 йилгача давом этади.
реклама
реклама
Яна бир фарқ — бу таълимнинг давомийлиги. Академик университетлар икки йиллик магистратура ва тўрт йиллик аспирантура таълимини таклиф этади. Давомийлиги уч-тўрт йил бўлган деярли барча мавжуд бакалавр дастурлари политехникумларда ўқитилади. Улардаги магистратура аллақачон амалиётга эга мутахассисларнинг малакасини ошириш учун мўлжалланган бўлиб, бир ярим йил давом этади.

Ҳар йили университет раҳбарияти янги академик календарни тасдиқлайди. Одатда ўқув йили август ойи ўрталаридан бошланади ва май ойининг охирида тугайди. Талабалар йилига икки марта — қиш ва ёзда таътилга чиқади. Байрамлар дам олиш кунлари ҳисобланади.
Таълим тизими кредит-модуль тизими асосида ишлайди. Имтиҳон муваффақиятли топширилса, балл — кредитлар берилади. Битта фан учун 2 дан 5 гача кредит берилиши мумкин.
Бакалавриат учун уч йил ичида 210 та кредит тўплаш керак, шундан 30 таси компанияда ўталган амалиёт учун берилади. Йил учун балларнинг асосий миқдори 60 та кредитни ташкил қилади. Кредитлар миқдори 210 дан кам бўлса, диплом берилмайди. Имтиҳон муваффақиятсиз ўтган тақдирда, талаба уни уч мартагача қайта топширишга ҳақли. Янги йилдаги қайта топшириш пайтида олинган баллар янги кредит миқдорига қўшилади, шунинг учун маълум бир фан бўйича етмаётган балларни кейинроқ «тўплаш»нинг иложи бўлмайди.

Академик университетда магистр даражасини олиш учун 120 кредит керак. Шундан 90 балл фанлар бўйича, қолган 30 балл эса бу ерда «тезис» деб аталувчи илмий иш учун берилади. Техникумда магистрлик дастури камроқ давом этиши сабабли битириш учун 60−90 кредит етарли бўлади.

Дарс жадвалини мослаштириш мумкинлиги талабаларга ўқиш билан ишни умумлаштириш имконини беради. Шу билан бирга дарслар учун аниқ вақт йўқ. Жадвални барча талабаларнинг ўзи тузади.
реклама
реклама
Дарсларни қатнашиш мажбурий бўлган ва ўз хоҳишига кўра қатнашса бўладиган фанларга ажратиш мумкин. Дастлаб ҳар бир дастурда маълум фанлардан иборат мажбурий курс бириктирилади. Уларнинг бари жами 30−40 кредит беради. Ушбу тизимни «Лего» конструкторида ясалган уй кўринишида тасаввур қилиш мумкин. Яъни, пойдеворни университет тақдим этади, қолган қисмларни эса ўзингиз ўқиш давомида йиғишингиз керак.

Ўқув режасидан назарий ва амалий машғулотлар, мустақил лойиҳалар устида ишлаш, маҳорат дарслари ҳамда семинарларда қатнашиш кабилар ўрин олган. Дастлабки икки йил одатда мажбурий фанларни ўрганиш билан ўтса, учинчи ва тўртинчи йил қўшимча фанлар, хорижий ҳамкор университетларда ўқиш, стажировка ёки диссертация устида ишлашдан иборат бўлади. Баъзи университетларда академик кўрсаткичи яхши бўлган талабаларнинг ўқиш муддати қисқартирилиши ҳам мумкин. Яъни, қанча яхши ўқисангиз, университетни шунча тез тугатасиз ва шунга мувофиқ тарзда камроқ пул тўлайсиз.
Стипендия дастури фақат икки йилга мўлжалланган. Агар талаба шу вақт ичида диплом ололмаса, уёғига у ўз чўнтагидан тўлашига тўғри келади.
Академик эркинликни Финляндия ОТМларининг энг асосий устунлиги деб айтиш мумкин.

Ўқув дастурлари университетларнинг ўзидан келиб чиқиб бир-биридан кескин фарқ қилиши мумкин. Ҳар бир таълим муассасаси ўзига хос ўқитиш методлари, дарслик ва материаллар кетма-кетлигини қўллаш ҳуқуқига эга. Барча ўқитувчиларнинг ўз методологияси мавжуд, дастур ҳар йили янгиланади ва талабалар учун долзарблигига қараб, уларнинг талабларидан келиб чиқиб тузилади. Мана шу жиҳат Ўзбекистон университетларида ҳам жорий этилса яхши бўларди. Бундай тизим талабаларга кўплаб имконият ва имтиёз беради, профессорлар эса ўз ўқитиш усулини танлаши ва бир қолипли таълимдан узоқлашиши мумкин.
Тампередаги Ваприикки музей маркази
Финляндиядаги ҳаёт ва талабалик анъаналари ҳақида

Финляндияда талаба ҳаёти тадбирларга бой. Ўқишнинг биринчи кунидан бошлаб университетда талабаликка қабул қилиш маросими ўтказилади. Қизиғи, ҳар бир университетда бу тадбир ўзига хос тарзда ўтади. Факультетимиз анъаналари жуда оддий: биринчи курслар талабалар квартираларига боради, юқори курсдагилар эса улар учун ўйин ва мусобақалар тайёрлайди. Биз 10 та шундай квартирага кириб, турфа талабалар билан танишдик, бу бизнинг янги муҳитга мослашишимизга ёрдам берди.
реклама
реклама
Бундай тадбирларда иштирок этганлик учун талабаларга стикерлар берилади. Талабалар уни комбинезонларига тақиб олади. Бу жараён болалар нишонларни йиғиб, лентага йиғадиган скаутлик ҳаракатини ёдга солади. Бизда комбинезонлар ташриф қоғозга айланган бўлиб, у орқали талабалар сизнинг «мақомингиз»ни аниқлайди. Ҳар бир факультетнинг ўзига хос рангдаги комбинезонлари мавжуд бўлиб, талабалар уларни ўқув йилининг боши ва охирида кийишни яхши кўради.

Яна бир ўзгармас анъана — саунага бориш. Фин саунасининг донғи бутун дунёга таралган. Шунинг учун ҳам талабалар ўқишдан кейинги биринчи кунда у ерга бориш ва янгиларни ҳам ўзи билан олиб кетишни ўз бурчи деб билади.
Талабалар дарсдан бўш вақтларида чет тилларини ўрганади, ижодий тўгаракларга қатнайди, спорт билан шуғулланади, мусобақаларда қатнашади ва кутубхонада вақт ўтказишни яхши кўради. Дарслар 2,5 соатгача чўзилиши мумкинлиги боис талабалар университетдан ташқарига деярли чиқмайди. Шунинг учун ҳам университет талабаларни барча зарур нарсалар билан таъминлашга интилади.
Ётоқхона — Финляндия учун камёб ҳодиса. Камдан-кам университет ўз ҳудудида ётоқхона борлиги билан мақтана олади. Аксарият талабалар квартирани ижарага олишга одатланган. Вазият шу даражадаки, бутун мамлакат бўйлаб талабаларга мўлжалланган махсус апартаментлар қурилган — унда ҳар бир талабага алоҳида хона берилади, меҳмонхона, ошхона ва ҳаммом эса умумий. Ойига 200 евродан 1000 еврогача бўлган тўлов эвазига ҳар ким ўз дидига мос қўналға топиши мумкин.

Аммо уй-жой масаласини — айниқса, кузги семестрга ариза топшираётганда — имкон қадар вақтлироқ ҳал қилиб қўйиш керак, йўқса жой топилмай қолиши мумкин. Квартира топишга аризани ўқиш жойи маълум бўлгач дарҳол берган маъқул. Турар жойни ижарага олиш учун жойлашиш режалаштирилган вақтдан камида тўрт ой аввал таълим оладиган ҳудудингиздаги уй-жой ташкилотининг сайтига кириб, керакли шаклни тўлдириб, ариза бериб қўйиш керак.

Уй-жойни ижарага олиш таклифи келгач, тахминан 200−500 евро миқдорда депозит тўлаш керак бўлади. Кейин уй-жой ташкилотининг кўрсатмаларига қараб ижара шартномасини имзолаш лозим. Талабаларга квартира топишда, Финляндиянинг талабалар уй-жой ассоциацияси (SOA) ёрдам беради. Ташкилот квартира ва ётоқхоналар ҳақидаги маълумотларни, турли ҳудуддаги квартира олди-сотдиси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг ҳаволаларини бериб боради.
Финляндия университетларида стипендия дастурлари икки хил: фақат ўқиш тўловини ўз ичига оладиган ҳамда ўқиш ва яшашни қамраб оладиган. Ҳар ой талабаларга кунлик харажатлари учун 700 евро тўланади. Бунча пул амаллаб кун кечиришга етади. Аммо завқланиб яшашни истовчилар, иложи бўлса, иш топгани маъқул. Ишга жойлашиш масаласида талабаларга касаба уюшмалари ёрдам беради.

Финляндияда чет эллик талаба ўқиш вақтида ҳафтасига 25 соатдан кўп бўлмаган миқдорда, таътил пайтида эса тўлақонли ишлаши мумкин. Кўп талабалар ярим кунлик ишларда ёки факультетларда ишлайди. Таъкидлаш ўринлики, иш кўпроқ даромад олиш учун эмас, балки тажриба орттириш учун мўлжалланган. Агар бирламчи мақсадлар олдиндан тўғри қўйилиб, вақт тўғри тақсимланса, иш ҳеч қанақасига ўқишга халал бермайди.

Биринчи курсда мен университетимиз амбассадори эдим. Конференциялардаги ҳар бир иштироким учун рамзий миқдорда 50 евро бериларди. Ҳозир эса Финляндиянинг энг йирик ёғоч ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири — Stora Enso'да стажёр бўлиб ишлайман.
Финляндияда ҳаёт анча қиммат. Кундалик харажатларда тежамкорлик орқали молиявий барқарорликни сақлаб туриш мумкин. Мамлакатда нарх-навоси нисбатан паст ҳисобланган LIDL ва S-Market супермаркет тармоқлари бор. Аксарият талабалар университет ошхоналарида овқатланади — у ерда 2,95 еврога тўйиб овқатланиш мумкин, қолган (тахмина олти евро) пул давлат томонидан қопланади. Университет ошхонасига муқобил сифатида бу ерда анчагина машҳур саналган Шарқ ошхоналарини кўрсатиш мумкин. Транспорт, озиқ-овқат ва ўйин-кулги учун чегирма берадиган талаба карталари ҳам алоҳида эътиборга молик.
Тампере шаҳрида
Финляндияда ўқишга келиш истагида бўлган ватандошларга ўз молиявий аҳволлари ва ўқиш йўналишларини пухта режалаштиришни тавсия қиламан. Бу ерда талабалардан мустақил бўлиш ва тиришқоқлик талаб этилади. Ҳар қандай қийинчилик, ноодатий иқлим ва маданий тафовутга илк кунданоқ тайёр бўлиш лозим. Интеграция ва турмуш тарзини тўғри қабул қилиш оҳир-оқибат ўз самарасини беради ва сиз бу мамлакатни албатта ёқтириб қоласиз.
Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.
Рус тилидан Назарбек Назаров таржимаси.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Фотосуратлар Азизбек Аҳмаджоновнинг шахсий архивидан.

«Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг