Қандай қилиб Жанубий Корея университетига ўқишга кириш мумкин?
Шаҳноза Бурҳонова ҳикояси
2018 йили Жанубий Корея университетларидан бирига ўқишга кирган Шаҳноза Бурҳонова Ульсандаги уч йиллик таҳсил давомида саёҳат қилиш билан бирга ўзи учун корейс маданиятини ҳам кашф этди. «Хориж дипломи» лойиҳасида у Жанубий Кореядаги ҳаёти ва ушбу мамлакат таълим тизими ҳақида ҳикоя қилди.
2018 йили Жанубий Корея университетларидан бирига ўқишга кирган Шаҳноза Бурҳонова Ульсандаги уч йиллик таҳсил давомида саёҳат қилиш билан бирга ўзи учун корейс маданиятини ҳам кашф этди. «Хориж дипломи» лойиҳасида у Жанубий Кореядаги ҳаёти ва ушбу мамлакат таълим тизими ҳақида ҳикоя қилди.
Хориж дипломи
«Хориж дипломи» — бу дунёнинг турли мамлакатларига ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳикояларидан иборат лойиҳа. Улар университет ва грантлар топиш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, ҳужжатлар топшириш, хорижда ўқиш ва яшашнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, хориждаги таълимнинг ўз ҳаётларига таъсири ҳақида сўзлаб беради.
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони — Шаҳноза Бурҳонова. У 2018 йили Ульсан университетининг Тошкент филиалига 1+3 дастури бўйича ўқишга кирган — Тошкентдаги бир йиллик таҳсилдан сўнг ўқишини Жанубий Кореяда давом эттирган.
Корея маданиятига бўлган қизиқиш ҳақида
Яшнобод политехника касб-ҳунар коллежида иккинчи курсда ўқиётганимда, корейс маданиятига қизиқиб қолганман. Тарихий фильм ва дорамаларни (Шарқий Осиё телесериалларнинг умумий номи — таҳр.) томоша қилиб, k-pop (Жанубий Корея эстрадаси жанри — таҳр.) мусиқасини тинглар, корейс миллий таомларини тайёрлашга ҳаракат қилардим. Кейинроқ корейс тили курсларига қатнаб, университетга ўқишга киргунча тилни базавий даражада ўзлаштирдим.
Сеулдаги машҳур Gangnam тумани
Чет элда таълим олиш мақсадида 1+3 дастури асосидаги ўқишга киришга қарор қилдим. Бундай дастур Корея университетларининг Ўзбекистонда фаолият юритувчи филиалларида бир йил, сўнг уч йил Жанубий Кореяда ўқишни назарда тутади. Шунингдек, Корея университетларининг Тошкентдаги филиалларида 2+2 ва 3+1 дастурлари ҳам мавжуд. Университет танлаш бўйича менда учта вариант бор эди: Ёджу техника институти, Пучон университети ва Ульсан университети. Мени қизиқтирган «Дастурлаш ва робототехника» йўналиши эса уларнинг фақат биттаси — Ульсан университети (University of Ulsan)да ўқитиларди.
реклама
реклама
Корея университетларига ҳужжатлар қабули йилига икки марта: баҳор ва кузги семестрларда, ўқиш бошланишидан бир-икки ой аввал очилади. Мисол учун, ўқиш сентябрда бошланадиган университетларга ариза июлда, энг яхши университетларга эса умуман олти ой олдин топширилиши керак. Ҳали очилганига кўп бўлмагани боис, менинг университетимда таълим октябрь ойида бошланди.

2018 йил ёзининг охирида ариза топшириб, суҳбатдан муваффақиятли ўтдим — тил ва информатикани билишим фойда берди.
Биринчи йили Ульсан университетининг Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи (ТПКИТ)да жойлашган филиалида ўқидик. Бизга дастурлаш ва корейс тили асосларидан таълим беришди. Иккинчи семестр охирида талабаларнинг билимини текшириш учун Кореядан профессорлар таклиф этилди. Улар дарсларда ишимизни кузатиб, суҳбатлар ўтказиб, энг яхши талабаларни саралаб олди.
Суҳбатда, аввало, ўқишга нима учун айнан шу университетни танлаганингиз ва орттирган тажрибангизни келгусида қандай қўллашни режалаштираётганингизни тушунтириб бера олишингиз керак. Мен Корея олий ўқув юртларида дастурлаш юқори даражада ўқитилиши, олган билимларимни Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун қўлламоқчи эканимга кўпроқ урғу берганман.
Суҳбатдан ўтган талабалар рўйхати июлда университет сайтида эълон қилди . Шундан сўнг виза олиш учун икки ҳафта ҳужжат тўпладим.
Қабул учун ҳужжатлар тўплами
1
Ўрта мактабнинг 11-синфини тамомлаганлик тўғрисида аттестат ёки коллеж дипломи
2
Корейс тилини билиш даражаси тўғрисида сертификат
Нуфузли университетга ўқишга кириш учун 3 ва ундан юқори даражадаги TOPIK керак. Имтиҳон Жанубий Корея элчихонаси ҳузуридаги Таълим марказида топширилади.
3
Инглиз тилини билиш тўғрисидаги сертификат
IELTS 5.5 ва ундан юқори ёки TOEFL 75 баллдан кам бўлмаслиги керак.
4
Мотивацион хат ва тавсиянома
Tавсиянома ўқитувчилар томонидан инглиз ёки корейс тилларида ёзилиши керак. Менга хатни университет раҳбарияти ёзиб берган.
5
Портфолио
Унда шахсий маълумотлар ва танланган таълим соҳасидаги ютуқлар акс этиши керак. Портфолиога барча мукофотлар, сертификатлар, илмий мақола ва ҳоказолар киритилади.
6
Таълим режаси
Университет ўқув режаси билан танишиб чиқиб, курсингиз учун дарс жадвали тузишингиз керак. Шунда комиссия сизни потенциал талаба сифатида кўради.
7
Банк ҳисобварағидан кўчирма
Бу ўқиш учун тўлов қила олишингизни тасдиқловчи ҳужжат. Менинг ҳолатимда ҳисобимда 10 минг доллар бўлса кифоя эди. Агар ўзингиз ишламасангиз, университет ота-онангизнинг рухсати ва уларнинг йиллик даромади кўрсатилган хат сўрайди.
Жанубий Корея элчихонасида бизни қайта суҳбатдан ва тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказишди. Баъзилар суҳбат натижаси ёки саломатлиги туфайли виза олишда муаммоларга дуч келди. Ҳужжатларим Жанубий Кореяга кетишимга бор-йўғи бир ҳафта қолганида тайёр бўлди. Шундай қилиб, 2019 йил 9 сентябрь куни Сеулга учиб кетдим.
Аэропортда бизни кўнгилли талабалар билан тўла автобус кутиб олди. Бу ерга келган биринчи курс талабаларнинг ҳар бирига иккинчи ё учинчи курс талабаларидан «мураббий» бириктирилади. «Мураббий»лар янги келганларнинг мослашишига ёрдам бериш билан бирга биринчи семестрдаги ўзлаштиришни ҳам кузатиб боради. Бунинг учун уларга таълим бонуслари берилади. Менга бириктирилган иккинчи курс талабаси кампус бўйлаб экскурсия уюштириб, турар жойим билан таништирган.

Ётоқхонада қулай яшаш учун барча шароит бор. Ҳар бир хонада ҳаммом, ҳожатхона, барча қаватларда кир ювиш хоналари ва умумий ошхона мавжуд. Биринчи қават талабалар учун ажратилган бўлиб, у ерда дарс қилиш мумкин.
реклама
реклама
Бизни хоналарга икки кишидан жойлаштиришди. Менга омад кулиб боқиб, ўзбекистонлик дугонам билан бир хонага тушдим. Кўп ҳолларда маҳаллий талаба хонадош бўлади — чет эллик талаба янги мамлакатга тезроқ кўникиб кетиши ва корейс тили билан мунтазам шуғулланиши учун шундай қилинади.

Бир бутун гуруҳ бўлиб борганимиз учун бизни ажратиб ўтиришмади. Биз дарсларга худди Ўзбекистондагидек таркибда қатнайвердик ва бошида Кореяда эканимиз ҳам унчалик сезилмади. Дарслар келганимизнинг эртасигаёқ бошланган эди.
Сеулдаги Starfield Library кутубхонаси
Корея таълим тизими ҳақида
Корея таълим тизими Европа стандартларига тўлиқ мос келади. Аксарият университетлар хусусий. Улар ўртасидаги рақобат худди таълим сифати каби юксак даражада. Талаблари қатъий экани туфайли ҳам корейс университетларининг дипломлари бутун дунёда тан олинади.

Бакалавриат одатда тўрт йил давом этади. Ўқув йилини шартли равишда икки семестрга бўлиш мумкин — улар март ва сентябрда бошланади. Қишки таътил уч ой давом этса-да, кўпинча декабрь ойида имтиҳонлар бўлиб ўтади. Ёзги таътил икки ой — одатда июль ва августга тўғри келади.

Дарслар тонг соат 10:00 дан бошланиб — орада тушлик учун бир соатлик танаффус билан — кеч 18:00 гача давом этиши мумкин.
Жанубий Корея университетларида кредит-модуль тизими амал қилади. Ҳар бир фан учун 1 баллдан 3 баллгача берилади. Ўқиш якунида баллар жамланади. Ҳар бир курсда маълум миқдорда кредит бор. Бу ҳар бир университетда ҳар хил бўлади. Махсус фанлардан ўртача 64 балл, корейс тилидан 24 балл, қўшимча фанлардан 15 балл тўплаш керак. Қолган кредитлар талаба мустақил танлаган фанлардан олинади.
Ўқишни муваффақиятли тамомлаб, диплом олиш учун камида 130 кредит тўплаш керак. Агар талаба уларни тўплай олмаса, у ё таътил пайти керакли фанлар бўйича ўқийди, ёки яна бир семестр учун қайтадан тўлов қилади. Битта фан нархи 55 доллардан бошланади. Бунақаси — семестрни қайта ўқиш — камдан-кам бўлади, чунки университетда талабаларнинг ўзлаштиришини назорат қилувчи махсус бўлим бор. Агар кимдир бирор курс бўйича етарлича балл тўплай олмагани аниқланса, у чақирилиб, баллни қандай олиши мумкинлиги тушунтирилади.
Дарсларда қатнашиш ҳам ўзлаштиришга таъсир қилади. Ҳар бир талабанинг телефонига махсус мобил дастур ўрнатилади, бу дастур орқали ўқитувчи дарсга келган-келмаганлар ҳақида автоматик тарзда хабар топади. Раҳбарият давоматни шу тариқа назорат қилади. Уй вазифасини бажариш ҳам шунга ўхшаш тизим бўйича ишлайди — сиз уни ўз вақтида топширмасангиз, сизга имтиҳонларни топшириш учун рухсат берилмаслиги мумкин — бунда ҳеч қандай баҳона сизни қутқармайди.
Семестр давомида талабалар оралиқ ва якуний имтиҳонлар топширади. Баҳолар жаҳон миқёсида тан олинган GPA (Grade Point Average) тизими бўйича қўйилади, бунда энг паст балл 1,0 — D, энг юқори балл эса 4,5 — A+ ҳисобланади, баҳо ололмаганларга F қўйилади.
Қанчалик яхши ўқисангиз, шунча кам тўлайсиз. Масалан, менинг семестр учун шартномам 2000 доллар эди, лекин баҳоларим яхши бўлгани учун иккинчи ярим йилликда 1500 доллар тўладим. Кейинчалик шартнома суммаси 800 долларгача пасайди. Агар сиз барча фанларни А+ баҳога ёполсангиз, текинга ўқийсиз.
Чет эллик талабалар университетнинг стипендия ва грантларига даъвогарлик қилиши мумкин. Аълочи талабаларга ҳар ойда 300−400 доллар стипендия берилади. Бу сумма кундалик харажатлар учун бемалол етади.

Мамлакат ҳукумати Global Korea Scholarship дастури доирасида тўрт йил давомида барча ўқиш ва яшаш харажатлари тўлиқ қопланадиган стипендияларни тақдим этади. Ушбу стипендияни олиш учун нафақат яхши ўқиш, балки университет ҳаётида ҳам фаол иштирок этиш керак.
реклама
реклама
Ҳамма дарслар корейс тилида олиб борилса-да,инглиз тилидаги дастур ҳам бор. Ўқитувчилар жиддий саралашдан ўтади ва энг яхшиларгина университетларда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритади. Семестр давомида уларни раҳбарият назорат қилиб туради. Мисол учун, талаба семестр учун якуний баҳосини кўришдан аввал ўз ўқитувчиси ва у дарс берадиган фан ҳақида аноним шарҳ қолдириши лозим . Билдирилган фикр-мулоҳазалар эътиборсиз қолдирилмайди. Университет сайтида эълон қилинадиган ушбу баҳолар асосида кейинчалик бошқа талабалар ўзига ўқитувчи танлаши мумкин.

Ўзбекистон университетларда ҳам шундай тизим жорий қилинса ёмон бўлмасди, деб ўйлайман. Ўзбекистон таълим тизимидаги жиддий муаммолардан бири бу — малакали кадрларнинг етишмаслиги. Кўпинча ўқитувчи етарли даражада малакали эмас ёки ўзи яхши билмайдиган фанни ўқитади. Оқибатда ўқувчилар мавзуни тушунишга қийналди, иштиёқ пасаяди.

Жанубий Кореяда ҳар бир ўқитувчи талабаларга ўз фанини сидқидилдан етказиб беришга интилади, ўтилган мавзуни тушунтириш ва уйга вазифани қабул қилиб олиш учун дарсдан кейин қолишга ҳам доим тайёр.
Сеулдаги Lotte World Tower осмонўпар биноси
Талабалик ҳақида
Кореядаги университетлар жуда катта ҳудудни эгаллайди. Улар кампусларда жойлашган бўлиб, у ерда ошхона, кутубхона ва ётоқхонадан тортиб, боғ ва ёпиқ муз майдончасигача ҳамма нарса бор. Қолаверса, турли хил спорт тўгараклари, ҳоббилар бўйича клублар ҳам бор. Университет ёқимли — ўқишга шўнғиш учун идеал муҳит яратилган.

Раҳбарият талабаларнинг ижтимоий ҳаёти сифати ҳақида қайғуради. Ҳар йили университетлар маҳаллий юлдузларни таклиф қилади ва концертлар ўтказади, фестиваллар ўтказилади, талабалар эса кўпинча имтиҳонлардан сўнг зиёфат уюштиради. Ҳар семестрда бир университетлараро чемпионатлар ўтказилади, ғолиблар пул мукофоти ва турли буюмлар билан тақдирланади. Бу ҳатто спортга қизиқмайдиган талабаларни ўзига қаратади.
реклама
реклама
Талаба картаси алоҳида эътиборга лойиқ. Унга стипендия тушади, бонуслар йиғилади. Озиқ-овқат дўконида ёки тиббиёт муассасасида турли чегирмалар беради. Карта билан автобус ёки поезд чиптасини ярим пулига сотиб олиш мумкин, бу эса саёҳатни янада қулайроқ қилади.

Биз бу имкониятдан фаол фойдаланиб, Жанубий Кореянинг кўплаб вилоятларига сафар қилдик. 3,5 йиллик ўқиш давомида Кореянинг деярли барча катта шаҳарларида бўлдим. Замонавий Сеул, тарихий Тэгу ва Пусан курорти энг севимли жойларимга айланди. Ульсанни ҳам яхши кўраман — у Япон денгизи бўйида жойлашган. Дарслардан кейин биз тез-тез соҳил бўйлаб сайр қилар, пикниклар уюштирардик.
Кореяда ресторан ва бар маданияти жуда ривожланган.Бу ерда инстаграмбоп интерьер ва таомларни ўзида мужассам қилган масканлар сероб, ўзига хос ичимлигу ширинликлари билан маълум, ажойиб муҳитга эга қаҳвахоналарнинг бир туманда жамлангани эса ҳайратлантиради. Ҳар куни янги жойни кашф қилиш мумкин.

Гастрономик бозорларда танлов катталигига қарамай, ўзига хос бўлган корейс ошхонаси ҳаммага ҳам бирдек маъқул келавермайди. Энг машҳур таомлар чўчқа гўштидан тайёрлангани боис биз университет ошхонаси ва кўчадаги тамаддихоналардан кўра овқат етказиб бериш хизматларини афзал кўрардик. Ётоқхонадан квартирага кўчиб чиққач, бозор қилиб, ўзимиз овқат пиширадиган бўлдик.
Жанубий Корея — яшаш учун қулай мамлакат. Жамоат транспортидан фойдаланилса, маҳсулотлар бозордан ва кийим-кечак маҳаллий брендлардан сотиб олинса, нархлар сизни кўп ҳам қийнамайди. Бу ерда энг қиммат нарса — турар-жой. Коммунал тўловлар учун эса ойига ўртача 50 доллар сарфлардик.
Ушбу мамлакатнинг яна бир афзаллиги — чет эллик талабаларнинг ҳафтасига 20 соатгача ишлашига қонуний жиҳатдан рухсат берилган. Бу ойига тахминан 1000 доллар даромад келтириши мумкин. Ўзим биринчи семестрда тўйхонада официант бўлиб ишладим, кейин кафеда бариста, сўнгра университет маъмуриятида профессор ассистенти бўлиб ишга кирдим.

Энг яхши университетларда ўқиш ёки иш билан боғлиқ ҳар қандай масалаларда сизга ёрдам берадиган International Office бўлади. Агар сизга ярим кунлик иш керак бўлса, ушбу бўлимга мурожаат қиласиз. Ташаббус рағбатлантирилади.
Кореяда ўқиган йилларим давомида ҳаётим жуда ўзгарди. Атрофимда бутунлай бошқача фикрлаш қобилиятига ва қадриятларга эга одамлар бор эди. Улар билан суҳбатлашиб, кўп нарсаларни ўзим учун қайтадан кашф қилдим, дунёга бошқача назар солишни, саёҳат қилишни бошладим. Янги дўстлар орттирдим, янги севимли машғулотларим пайдо бўлди, шунингдек, ёрдам беришга шай бўлганлар ҳар доим ҳам ёнимда бўлмаслиги ва аксарият ҳолларда қийинчиликларга ўзим ечим топишим кераклигини англадим.

Уйингиздан узоқда мустақил бўла бошлайсиз, қарор қабул қилишни ўрганасиз ва ҳаётий тажрибангиз ортади. Шунинг учун бўлса керак, хорижда яшаганларнинг кўпчилиги бутунлай бошқа одам бўлиб қайтади. Мен ҳам бу борада истисно эмасман.
Хорижий олий ўқув юртларига эндигина ўқишга кирганларга маслаҳатим шуки, университетдаги вақтингизни беҳуда ўтказманг — ўқинг, иш топишда ҳақиқатан ҳам қўл келадиган замонавий билимлар эгасига айланинг. Сабрли бўлинг ва ўзингизни ривожлантиришга имкон қадар кўпроқ вақт ажратинг — бундай имконият бошқа бўлмаслиги мумкин.
Университетнинг олдидаги гуллаган сакура
Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.
Рус тилидан Назарбек Назаров таржимаси.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Фотосуратлар Шаҳноза Бурҳонованинг шахсий архивидан.

«Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг