Қизилдан Мустақилликкача
Ўзбекистоннинг бош майдони фототарихи
Қизилдан Мустақилликкача. Ўзбекистоннинг бош майдони фототарихи
Тошкентдаги Мустақиллик майдони 1866 йилдан буён муҳим қарорлар қабул қилинадиган марказ ҳисобланади. Турли даврларда бу ерда турар жой мавзеси, черков бўлган, унда ҳарбий парадлар ўтказилган. Мустақилликнинг 32 йиллиги муносабати билан «Газета.uz» мамлакатнинг бош майдони фототарихини тайёрлади.
Тошкентдаги Мустақиллик майдони 1866 йилдан буён муҳим қарорлар қабул қилинадиган марказ ҳисобланади. Турли даврларда бу ерда турар жой мавзеси, черков бўлган, унда ҳарбий парадлар ўтказилган. Мустақилликнинг 32 йиллиги муносабати билан «Газета.uz» мамлакатнинг бош майдони фототарихини тайёрлади.
Туркистоннинг Россия империяси томонидан мустамлака қилингунига қадар, ҳозирги Мустақиллик майдонининг ўрни ҳувиллаган бир жой эди. Очиқ манбаларда бу ерда Қўқон хонининг саройи бўлган дейилади, аммо тарихчи Борис Голендер бу фаразни рад этади. Қўқон хонининг қароргоҳи Қўқонда бўлган. Тошкентда эса, Голендер маълумотларига кўра, Тошкент ҳокимининг саройи бўлган, лекин у ҳам ҳозирги Мустақиллик майдонида эмас, балки Олимпия шон-шуҳрати музейи ва «Жасорат» монументи ўрнида бўлган.
Туркистон генерал-губернатори қароргоҳининг орқа ҳовлисидан очиладиган манзара, 1871−1872 йиллар.
Фото: Туркистон альбоми, АҚШ Конгресси кутубхонаси
Борис Голендернинг сўзларига кўра, майдон 1865 йилдан то 1992 йилга қадар, русча «красивая» — «чиройли» сўзидан олингани ҳолда, Красная (Қизил) майдони деб аталган. Аммо «Тошкент» энциклопедиясида ёзилишича, ҳудуд 1917 йилга қадар Собор майдони, 1917−1956 йилларда Қизил майдон, 1956 йилдан 1992 йилга қадар эса Ленин номли Қизил майдон деб аталган.

Майдон ҳудуди чор Россия Тошкентни эгаллагач ўзлаштирила бошлаган, дея ҳикоя қилади Борис Голендер. 1866 йили Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори Константин фон Кауфманнинг келишига қароргоҳ — бир қаватли узун оқ рангли ва шу сабабли «Оқ уй» номини олган бино қурилган. Унда совет ҳокимияти ўрнатилгунига қадар Туркистонни бошқарган бошқа 12 генерал-губернатор ҳам ўз оила аъзолари билан бирга яшаган.
«Оқ уй» билан бирга майдон ҳудудида бошқа хонадонлар ҳам пайдо бўла бошлаган. Улар европача усулда унча катта бўлмаган ҳовлилар солишган. XX аср бошларида бу ердаги маҳалла «элита» ҳисобланган, аммо 1966 йилги зилзила уни бутунлай вайрон қилган.
реклама
реклама
1870 йиллар бошида «Оқ уй» қаршисида Ҳарбий Спасо-Преображенский собори қурила бошлаган. Черков анчагина жойни эгаллаган. Қурилиш ишлари 1888 йилда якунланган. Черков ёнида қўнғироқли баланд минора ҳам бўлган.

«Авваллари соборлар ё диний идорага, бўлмаса ҳарбий идорага тегишли бўлган. Фарқи шундаки, ҳарбий идорага қарашли черковларда капелланлар — диний фаолиятни дунёвий ишлар билан бирга олиб борувчи руҳонийлар хизмат қилган», — дея тушунтиради Борис Голендер.
Спасо-Преображенский собори. Фото: Борис Голендернинг шахсий архивидан
Тарихчининг сўзларига кўра, Спасо-Преображенский соборининг тўрт тарафига кўзга кўринган ҳарбий қўмондонлар, хусусан, генерал-губернаторлар дафн этилган. Иншоот ва генерал-губернатор қароргоҳи атрофида Тошкентнинг энг биринчи Ботаника боғи сифатида талқин этиладиган Туркистон флораси боғи барпо этилган.

Совет ҳукумати аввалига ибодатхонани худди Олмаотанинг бош черкови каби музейга айлантириш истагини билдирган бўлса-да, аммо бу режа амалга ошмаган — Спасо-Преображенский собори 1929 йили советлар томонидан портлатиб юборилган.

Борис Голендер генерал-губернаторларнинг жасадлари эксгумация қилинмаган, деб ҳисоблайди.

«Уларнинг жасадлари тупроқдан олингани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ваҳоланки, у ерда 29 кишининг қабри бўлган. Бирини 1918 йили Боткин қабристонига кўчиришган. Зилзиладан сўнг бу майдонни қандай қилиб ер билан битта қилиб юборишганини мен ўз кўзим билан кўрганман», — дейди Голендер.
ЎзССР Халқ комиссарлари совети биноси. Фото: The Constructivist Project
Октябрь инқилобидан то 1930 йилларга қадар «Оқ уй»дан музей сифатида фойдаланилган. 1930 йил 17 августда Ўзбекистон пойтахти Самарқанддан Тошкентга кўчирилгач, «Оқ уй» реконструкция қилиниб, унинг негизида республика ҳукумати — Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари совети учун бино қурилган. Бинога киришда ўзбек (лотин ёзувида) ва рус тилларида лавҳалар бўлган.

Борис Голендер Қизил майдонда ҳарбий парадлар ўтказиш амалиёти 1930 йилларда бошланган деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бунгача бундай тадбирларни ўтказишга майдондаги черков халал берган. Чор Россияси ҳукмронлиги даврида парадлар ҳозирги Амир Темур хиёбони олдида жойлашган Бош штаб биноси олдида ўтказилган.
реклама
реклама
1936 йил ноябрида Қизил майдонга Ленин шарафига биринчи ҳайкал ўрнатилган. Пиджак кийган коммунистлар доҳийси монументи ҳайкалтарош Борис Королёв томонидан ясалган. Орадан 20 йил ўтиб, 1956 йилда майдон ободонлаштирилиб, трибуна қурилган, Лениннинг пиджаки эса пальтога алмаштирилган — янги ҳайкални Матвей Манизер ясаган.
1965 йили майдонда Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг янги — Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ҳозирги бинсоини қуриш бошланди. Министрлар Совети ва «Оқ уй» зилзиладан зарар кўрмаган бўлса-да, фалокатдан сўнг Қизил майдонни бошдан-оёқ реконструкция қилиш ишлари бошланган эди.

Ушбу ишлар давомида майдон ҳудуди 3,5 баробарга кенгайди, Министрлар Советининг биноси олдида эса Тошкент рамзларидан бирига айланган улкан ва машҳур фаввора пайдо бўлди.

1975 йили Ленин ҳайкали яна бир бор янгиланди. У ҳозир халқ орасида кўпроқ «глобус» номи билан машҳур Мустақиллик (Озодлик) обидаси турган постаментга жойлаштирилган эди.

Ўша йили Иккинчи Жаҳон урушидаги Ғалабанинг 30 йиллиги шарафига «Номаълум аскар қабри» ёдгорлик мажмуаси барпо этилади. Ансамблни реконструкция қилишда иштирок этган архитекторлар — С.Одилов, Л.Адамов ва бошқалар СССР Давлат мукофоти билан тақдирланади.

1970 йиллардан бошлаб майдонда йилига икки марта — 7 ноябрь куни Октябрь инқилоби тантаналари вақти ва 9 майда Ғалаба куни муносабати билан парадлар ўтказилган.
Мустақиллик эълон қилингач, Ленин номли Қизил майдон Мустақиллик майдони дея қайта номланди. «Номаълум аскар қабри» ўрнида Хотира майдони пайдо бўлди. Министрлар Совети биноси 1999 йилги Февраль воқеаларидан сўнг Вазирлар Маҳкамаси учун буткул реконструкция қилинди. 1990 йиллар бошларида Мустақиллик байрамининг асосий тантаналари айнан шу майдонда ўтказилар эди.
Мамлакатнинг Тошкентдаги бош майдонида Мустақиллик куни тантаналари, 1992 йил.
Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви
Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов 2004 йили ҳудудни ободонлаштириш ҳақида кўрсатма бергач, майдоннинг ҳозир биз ўрганган кўриниши шакллана бошлади. Яшил ҳудудлар, янги фавворалар айнан ўшанда пайдо бўлганди, «Оқ уй» эса Сенат учун мослаштирилган бинога айланди (ҳозир унда Президент администрацияси жойлашган). 2005 йили Бахтиёр она ҳайкали ва «Эзгулик» аркаси очилди.
«Газета.uz» тақдим этилган ахборот учун Борис Голендер ва Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архивига миннатдорлик билдиради.
Материални Жаҳонгир Азимов тайёрлади.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан
бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг