Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Газета.uz»
Грозний: Чеченистон
юрагига саёҳат
Чеченистон республикасининг пойтахти Грозний — осмонўпар бинолари, муҳташам масжидлари, гўзал кўчалари ва боғларига эга шаҳар. Шимолий Кавказ минтақасидаги ушбу ҳудуд ўзининг нотинч ўтмишига қарамай, бой тарихи, маданий мероси ва замонавий тараққиёт уйғунлигини намойиш этувчи жонли шаҳар сифатида ўсиб бормоқда. Ўзбек меъмори лойиҳалаштирган Европадаги энг катта масжид, Кавказ тоғларидаги энг чуқур кўл ҳам айни шу ерда.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси 10−14 июль кунлари бир қатор ўзбекистонлик журналистлар ва блогерлар учун Грознийга медиа-тур ташкил этди. «Газета.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров Грознийга саёҳати чоғида ўз кўзи билан кўрган масканлар, овқатлар, қоидалар ва баъзи фойдали маслаҳатлар билан бўлишади.
Грозний турли можаро даврларнинг, жумладан, 1990-йиллар ва 2000-йилларнинг бошидаги чечен урушларининг гувоҳи бўлган. Ҳалокатли оқибатлардан сўнг пойтахтни қайта қуриш бўйича жиддий ҳаракатлар амалга оширилган. Грозний йирик нефть ва газ маркази бўлиб, аҳолиси 300 минг кишидан ошади.

Шаҳар замонавий инфратузилма, жумладан, янги турар жой бинолари, савдо марказлари ва маданий обидалар билан қайта қурилган. Ушбу мақолада биз сизни Грознийга саёҳат қилишга, унинг диққатга сазовор манзиллари ҳамда бетакрор тоғ ёнбағирларини кашф қилишга таклиф этамиз.
Грознийга қандай бориш мумкин?
Uzbekistan Airways 26 июндан бошлаб Тошкент — Грозний — Тошкент йўналиши бўйича мунтазам парвозларни йўлга қўйди. Тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳафтасига икки марта: душанба/сешанба ва пайшанба/жума кунлари (ортга қайтувчи рейслар кейинги кунга ўтади) амалга оширилади.

  • Тошкентдан учиб кетиш: 21:30 (Тошкент вақти) — Грознийга етиб келиш: 22:40 (Грозний вақти);
  • Грознийдан учиб кетиш: 00:10 (Грозний вақти, кейинги кунга ўтувчи рейс) — Тошкентга етиб келиш: 04:45 (Тошкент вақти, кейинги кунга ўтувчи рейс).

Авиачипталар нархи Тошкент — Грозний 1 724 000 сўмдан бошланади. Тошкент — Грозний — Тошкент йўналиши бўйича эса 2 775 000 сўмдан бошланади.
реклама
реклама
Чеченистон ва Россия байроқлари
Шаҳар ҳақида нималарни билиш керак?

Дастлаб шаҳар аэропортига киришингиз билан сизга 2 нусхада миграцион карта берилади, уни тўлдириб, паспорт назорати бўлимига топширасиз, бирини эса сақлаб қўйиб, қайтишингизда беришингиз керак бўлади.

  • Мамлакатда рус тили ҳам чечен тили каби давлат тили ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли икки тилни яхши билади, шунинг учун сиз тортинмасдан улар билан мулоқот қилишингиз мумкин.
  • Ўзбекистон фуқаролари учун мамлакатга киришда виза талаб этилмайди.
  • Шаҳар мўътадил иқлим зонасида жойлашган, ҳарорат ёз ойларида +28…+32 даража атрофида бўлади.
  • Чеченистонда аҳолининг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилади. Шу боис шаҳар бўйлаб очиқ кийимларда юриш тавсия этилмайди — бу нафақат аёлларга, балки эркакларга ҳам тегишли.
  • Эркакларга аёллар, болалар ва ёши катталар олдида чекиш мумкин эмас.
  • Мамлакатда рубль муомалада, АҚШ доллари билан савдо-сотиқ қилиш бироз мушкул.
Ҳа, айтганча, Грознийда жамоат транспорти — автобуслар, микроавтобуслар соат 20:00 гача ишлайди, ундан кейин таксидан фойдаланиш мумкин.

«Чеченистон юраги» масжиди

Аҳмад Қодиров номидаги «Чеченистон юраги» масжиди Россия ва Европадаги энг йирик масжидлардан бири ҳисобланади. Уни кўришингиз билан Истанбулдаги Аё София масжиди кўз олдингиздан ўтади. Масжид қурилиши 2006 йилнинг апрель ойида бошланиб, 2008 йилнинг октябрь ойида ниҳоясига етган. У 14 гектарли боғ ўртасида, Сунжа дарёси бўйида классик усмонли услубида бунёд этилган.
Масжид оқ мармарлардан қурилган, унинг 63 метрли тўртта минораси бор. Марказий зал 10 минг кишини сиғдира олади. У Россиядаги Москва собори масжиди ва Қозондаги Қул Шарифдан кейинги учинчи йирик масжид ҳисобланади. У чечен халқи учун катта аҳамиятга эга ҳамда уларнинг маданий ва диний ўзига хослигининг рамзи бўлиб хизмат қилади.

Гуллар боғи

Гуллар боғи (Мўъжизалар боғи, Севишганлар боғи) Грозний марказида Grozny city мажмуаси ёнида жойлашган. Боғ 2017 йил 17 сентябрда Чечен аёли кунида очилган. Унинг майдони 4,5 гектарни ташкил этади. Боғнинг номи унинг ҳудудида экилган 467 та металл конструкцияга ўрнатилган 150 минг туп гул номи билан боғлиқ.
реклама
реклама
Бу ерда гуллардан ташқари 18 минг туп бута ва 500 дан ортиқ дарахт (қайин, чинор) ўсади. Уларни парваришлаш учун замонавий суғориш тизими қўлланади. Боғда 18 метр баландликдаги миллий миноралар билан безатилган фаввора, кафе, болалар майдончаси ҳам мавжуд.

Боғ аҳоли учун дам оладиган, кечки пайт ҳордиқ чиқарадиган, дўстлар ва яқинлар билан сайр қиладиган шаҳар марказидаги ажойиб масканлардан бири.
Шаҳар панорамасини томоша қилиш учун эса Гуллар боғидан бироз юриб, 30 қаватли осмонўпар бизнес маркази томида жойлашган томошагоҳга чиқиш керак. Кузатув майдончаси икки қаватдан иборат.

У ердан бутун Грознийни (президент Рамзан Қодировнинг қўриқланадиган резиденцияси жойлашган ҳудуд бундан мустасно) кўриш мумкин. Бир қарашда бутун пойтахтни кўриш имконини берувчи ҳудуд маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан тўлиб-тошган.

Майдон, шунингдек, вертолёт майдончаси сифатида ҳам ишлатилади.
Эсамбаев бульвари
Бульвар Грознийнинг марказий кўчаларидан бири. Унга таниқли балет ва саҳна раққоси, хореограф, балетмейстер, жамоат арбоби Маҳмуд Эсамбаев номи берилган. 2018 йилда қайта таъмирланган кўча пойтахтнинг марказий майдонидан Чечен драма театри биносигача чўзилади.

Бульвар бўйлаб қатор ресторанлар ва савдо дўконларига кириб ўтиш мумкин. Бир-биридан ажралиб турадиган услуб ва ранг-барангликда қурилган бинолар кишига хуш кайфият бағишлайди.
Хой тарихий-меъморий мажмуаси

Шаҳардан 100 км узоқлашиб, Кавказ тоғлари орасида жойлашган Хой тарихий-меъморий мажмуасига бориш мумкин. Манзилда илгари жангчилар ва уларнинг оилалари истиқомат қилган, шунинг учун уни жангчилар қишлоғи деб ҳам аташади. Қишлоқ хавф туғилганда ҳудудларни ҳимоя қилиш учун туман бўйлаб жанговар отрядларни жўнатган.
Қишлоқда 200 га яқин турар жой, иккита жанговар ва тўртта ярим жанговар минора бўлган. Бутун тарихий мажмуа реставрациядан сўнг иложи борича аслига яқинроқ кўринишга қайтарилган. Бу ерда чеченларнинг узоқ даврлардаги ҳаётига шўнғишингиз, уларнинг руслар билан қадимий алоқалари ҳақида билиб олишингиз мумкин.

Ҳозирги кунда мажмуада маданий тадбирларни томоша қилиш, табиатдан илҳом олаётган рассомларни учратиш мумкин. Тоғлар орасида жойлашган ушбу манзил ижодкорлар учун илҳом манбаидир.
Кезенойам кўли
Хой қишлоғи яқинида Кавказ тоғлари орасидаги энг чуқур — Кезенойам кўли жойлашган. Денгиз сатҳидан 1854 метр баландликдаги мовий кўл ҳавзасининг майдони 38,8 км квадратни ташкил этади. Унинг сув сатҳи ёғингарчилик миқдорига қараб йил давомида ўзгариб туради.
Кўлдаги сув совуқ, ёзда сиртдаги ҳарорат +17...+18 даражадан ошмайди. Пастки қатламларда ҳарорат тахминан +7...+8 даражани ташкил қилади. Қишда кўл музлайди, унинг қалинлиги баъзи йилларда 70−80 сантиметрга етади.

Кўл ёқасида 58 хонали меҳмонхона, 40 кишига мўлжалланган коттежлар, ресторан, ҳаммом, спорт майдончалари ва қайиқ станциясидан иборат сайёҳлик ва рекреацион кластер қурилган.

У ерда чўмилиш тақиқланади, бироқ сиз оёқ кийимингизни қўлга олиб, кўл ёқалаб ялангоёқ юриш, салқинликни ҳис қилиш имкониятига эгасиз.
«Она юраги» масжиди
Айман Қодирова (биринчи президент Аҳмад Қодировнинг рафиқаси, Рамзан Қодировнинг онаси) номидаги «Она юраги» масжиди Чеченистоннинг Аргун шаҳрида қад ростлаган. У 2014 йилнинг 16 майида очилган.

Бино туркиялик мутахассислар томонидан лойиҳалаштирилган ва турк меъмори Дениз Байкан лойиҳаси бўйича Россиядаги ультра замонавий шаклда қурилган биринчи масжид ҳисобланади. Кун давомида об-ҳавога қараб масжид том қисми ўз рангларини оч кулрангдан фирузагача ўзгартириб туради.

Масжидга кириш эшиги олдида Ислом рамзи — юлдузли ярим ой ўрнатилган. Айман Қодирова номидаги масжид тўрт қаватдан иборат бўлиб, улардан учтаси овал гумбаз остида эркаклар учун мўлжалланган. Масжиднинг юқори қавати аёллар учун ажратилган ва алоҳида кириш эшиги бор.

Бино яқинида боғ ҳам бўлиб, у ердаги мини кўлда денгиз тошбақалари, балиқлар сузиб юради.
«Мусулмонлар ифтихори» масжиди

Муҳаммад (с.а.в.) номидаги «Мусулмонлар ифтихори» масжиди Шали шаҳри марказида қурилган бўлиб, у ўз ичига 30 минг кишини, ён-атрофи билан 70 минг кишини сиғдира олади ва шунинг учун ҳам Европадаги энг катта масжид ҳисобланади.
Лойиҳа муаллифи ўзбек меъмори Абдуқаҳҳор Турдиев бўлиб, у Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси лойиҳачиларидан бири ҳам бўлган.
«Мусулмонлар ифтихори» масжиди
Шунинг учун ҳам масжидни кўришингиз, унга киришингиз билан Тошкентдаги масжидларда юргандек бўласиз. Бинонинг ташқи ва ички томони оқ рангдаги тошлар, ўзбекона услубдаги орнамент ва нақшлар, шарқона безаклар билан уйғунлашиб кетган. Унинг қиёфаси қадимий Бухоро ва Самарқанд масжидлари услубига ўхшаш.
У 2019 йил 23 августда республиканинг биринчи президенти Ахмат-Хожи Қодировнинг таваллуд куни муносабати билан очилган. Масжид атрофидаги 5 гектар майдонда 12 фавворадан иборат парк майдони мавжуд. Бу ерда 2000 тупга яқин дарахт, кўплаб атиргул кўчатлари экилган.

Масжиднинг кириш эшиги форс айвонлари услубида ясалган бўлиб, Мир Араб мадрасаси, Тож Маҳал ва бошқа иншоотлар каби темурийлар ва мўғуллар аркларини эслатади. Уни ҳар бирининг баландлиги 63 метрли тўрт минора ўраб туради.
Нихалой шаршаралари

Нихалой шаршаралари Чанти-Аргун дарёсининг ўнг ирмоғида Нихалой қишлоғи яқинида жойлашган ва бир нечта шаршаралардан иборат.
Улардан энг кичигининг баландлиги 2 метр, энг баланди эса 32 метрни ташкил этади. Энг баланди томон зинапоялар орқали чиқиб бориш мумкин.

Шаршаралар яқинида ёғоч коттежлар, ёзги майдонлар, ресторан, спорт зали, меҳмонхона, мини футбол майдончаси, теннис кортларидан иборат мажмуа жойлашган. У 200 нафаргача сайёҳни қабул қила олади.

реклама
реклама

Жисмоний ва реабилитацион тиббиёт инновация маркази


Аргун шаҳридаги Жисмоний ва реабилитацион тиббиёт инновация маркази 100 ўринга мўлжалланган, кундузи 130 кишига хизмат кўрсата олади. Муассасада жарроҳлик амалиётидан сўнг тиббий ёрдамга муҳтож бўлганлар, шунингдек, ногиронлиги бор инсонларга реабилитация ва тиббий хизматлар кўрсатилади. Термотерапия, магнетотерапия, массаж, физиотерапия хоналари шулар жумласидандир.
Марказ маъмурий бино, ётоқхоналар, ошхона, ижтимоий ва тиббий реабилитация бўлими, спорт зали, очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзалари, маданий-кўнгилочар майдон, масжид ва дам олиш масканларидан иборат. Ушбу марказ орқали мамлакат тиббиёт туризмини ривожантириш мақсад қилинган.
Чечен миллий таомлари

Чечен ошхонасининг асосини гўшт, саримсоқпиёз, пишлоқ, қовоқ, творог, маккажўхори кабилардан тайёрланган таомлар ташкил қилади.
Хамирли таомлар ҳам ушбу халқ таомномасидан етарлича жой олган. Улардан бири эса жижиг-галнаш. Чечен тилида «жижиг» сўзи «гўшт», «галнаш» — «чучвара» деган маънони англатади. У суякли товуқ, қўзичоқ ёки мол гўштидан тайёрланади.

Гўшт катта бўлакларга бўлиниб, туз қўшилган ҳолда қайнатилади, унинг ёнига буғдой ёки маккажўхори унидан тайёрланган табиий макарон солинади. Овқат дастурхонга оддий шўрва ва саримсоқпиёзли шўрва билан бирга тортилади.

Яна бир миллий таом — хингалш, чепалгаш. У ичида творог ёки қовоқ солинган хамирли егулик. Печда пиширилган хингалш устига эритилган сариёғ суртилади. Кўпчиликка унинг қовоқлиси манзур бўлиши эҳтимоли юқори.
Пресс-тур якунида Uzbekistan Airways компанияси ва Чеченистон Туризм вазирлиги вакиллари ҳамда мамлакатдаги бир қатор тур агентлик раҳбарлари иштирокида мулоқот ташкил этилди. Тадбирда компания вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, шаҳарлари ва сайёҳлик йўналишлари борасида маълумотлар берилди, фильмлар намойиши ўтказилди.

Агентликлар Тошкент, Бухоро, Самарқанд шаҳарларига эътибор қаратди, сайёҳлар учун қандай шароит яратилгани, йўлга қўйилган авиақатновлар нархи билан қизиқди.
Материални Шоҳруҳ Ҳайдаров тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи: Шоҳруҳ Ҳайдаров/ «Газета.uz».

«Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг