Қишлоқдаги абитуриент дўстимга
Қишлоқдаги абитуриент дўстимга
Фотосуратчи Холида Мусулмон 2022 йил июль ойида Жиззах вилоятидаги хонадонларнинг бирида ташкил этилган абитуриентларнинг ўзига хос тайёрлов марказида икки кун яшаб, уларнинг ўқиш ва турмуш шароитларини тасвирга туширган эди. «Газета.uz» унинг фотоҳикоясини тақдим этади.
Фотосуратчи Холида Мусулмон 2022 йил июль ойида Жиззах вилоятидаги хонадонларнинг бирида ташкил этилган абитуриентларнинг ўзига хос тайёрлов марказида икки кун яшаб, уларнинг ўқиш ва турмуш шароитларини тасвирга туширган эди. «Газета.uz» унинг фотоҳикоясини тақдим этади.
Телефонда онам билан гаплашдим. Қишлоғимиз, турмуш-тарзимиз ҳақида. Онам ногаҳон — лекин ҳазин овозда — сени сўраб қолди: «Дугонанг яна ўқишга тайёрланармикан?».

Яна... тайёрланармикин?.. Бу саволда сен қилган меҳнату курашлар, ўқишдан йиқилиш изтироблари бор аслида…
Бирга тушган суратларимизни кўпдан бери томоша қиламан. Сенга қандайдир ёрдам, далда бериш ҳақида ўйлардим. Аммо ўша далда нималигини билмасдим. Суратларингга қараб: «Сен ўқишга киришинг, бунинг учун тайёргарликни давом эттиришинг керак», дея пичирлардим. Бу курашда манзилга етмай енгилиш ўзингга нисбатан энг катта адолатсизлик бўлиб кўринарди кўзимга.
Эсингдами, қишлоқдаги «тайёрлов маркази» — ётиб ўқиладиган икки ойлик «казарма»га абитуриентлар ҳаётини суратга олгани боргандим. У ерда мени учратишингни ҳеч кутмагандинг, тўғрими?
«Подъём»
Ўша куни эрталаб сен ва яна беш дугонанг «казарма»да навбатчи эди. Ҳали тонг тўла ёришмаган, қуёш-да кўзини энди уқалаётган маҳал.

«Турсанг-чи, тур, бугун навбатчимиз, ҳозир бирпасда дарслар бошланиб кетади, ҳеч нарсага улгурмай қоламиз, ҳали дарс ҳам қилиш керак» деб, куюнчаклик билан шерикларингни уйғотишга уринардинг.
Зум ўтмай навбатчи қизлар жонҳалак ҳовли супураётган, бошқа дугоналаринг эса китобларини қучоқлаганича — бири дераза ёнида, бошқаси маккажўхоризорда, учинчиси қовоқзор ичида — ё мутолаа билан, ё ўзаро савол-жавоб билан банд эди.
реклама
реклама
Супирилаётган ер, сепилётган сув, челакларнинг тақур-туқури ва қизларнинг шиппагидан чиқаётган «шалт-шулт» тонгги сукунатни тўлдирарди; китоб ўқиётган қизларнинг ғўнғир-ғўнғири эса қушларнинг чуғур-чуғурига қўшилиб кетган.
Сен ҳовлига сув сепардинг. Тонг бўлса-да, саратон тупроғидан юрагингнинг жиз-жизи каби ҳароратли ҳовур кўтариларди.

Сен навбатчилик юмушларини тезда битириб, дарсга шошилардинг. Кечаси билан ўқиб чиқилган мавзуларни яна бир бор такрорлашга улгуриш ҳам керак.
Тиббиёт олийгоҳларига тайёрланаётган абитуриентлар учун мўлжалланган бу «казарма»нинг ўзига хос кун тартиби бор эди. Биология, кимё каби асосий фанлар эрталаб, она тили, математика, тарих каби қўшимчалар эса пешинда ёки ундан кейин, ҳатто кечаси ҳам ўтиларди.

Қутилар, сумкаларга тартиблаб солинган ва бирёқда сочилиб ётган кимё, биология китоблари орасида Ўзбекистон тарихи дарсликлари ҳам кўзга ташланарди.
«Кимёгарлар тарихда «нотаниш модда»ларга дуч келиб қолиб, ўзини ўрмонда адашиб қолган боладек ҳис қилмаяптими?», деб ҳазиллашсам, сен она тилидаги метафора, синекдоха, эргаш гапли қўшма гап каби мавзулардан, уларни эслаб қололмаётганингдан ёзғириб қолардинг.

Машғулотларда нафақат сен, балки гуруҳдошларинг ҳам табиий фанлар билан ижтимоийларини бирга бир хил олиб кетишда қийналаётгани сезилиб турганди.
Репетитордошлар оиласи
Тақир гиламли бир хонага «П» шаклида саккиз хонтахта терилган, хонтахталар атрофига гир айлантириб кўрпачалар тўшалган. «Синф»да бир доска, бор-йўғи битта вентилятор, ёруғлик ва шабада манбаи ҳисобланган икки дераза бор.

Бир-бирига қадрдон бўлиб кетган 30 чоғли ўғил-қиз хонани тўлдириб ўтирибди. Ҳамманинг қўлида қайта-қайта варақланаверганидан титилиб кетган, ёзиб-чизилган дарсликлар, тест китоблари, маърузали қўлланмалар.
Машғулотлар тезда бошлана қолди. Ҳамма индамайгина тест ечарди. Сен ҳам (бу манзарани кузата туриб, одамнинг уйқуси келиб кетарди). Аммо хаёлларинг остонадаги пойабзаллар каби тартибсиз эди.

Эҳтимол, тест ечаётганингда ҳам бу йил албатта ўқишга киришинг шартлигини, серфарзанд оилангнинг сира бут бўлмайдиган кам-кўстини, икки абитуриент фарзандини пулли репетиторга қўйиб, бирмунча қийналиб қолган ота-онангнинг меҳнатларини ўйлаётган, ич-ичингдан шунга куйинаётгандирсан…
Юрагингдаги ҳарорат аллақачон об-ҳавога кўчган, ичингдаги ҳаяжон манглайингда ялтирарди. Ҳаво ҳам, хона ҳам жуда иссиқ эди. Танларингга митти ҳавосовутгич, онда-сонда деразадан «ҳол сўраб кирадиган» шабада ва доим муздек турадиган лойдевор ҳузур бағишларди, холос.

Чанқаганда бир-бирларингга сув қуйиб узатардиларинг. Бунда қошига ўсма қўйилган сен каби курашчан абитуриент дугоналаринг келажакка кўзида умид, юзида кулги билан қараб турарди.
Тестларни текшириб, таҳлил қилишда ўзларинг бош ролда: тарқатар, эгаларига берар, алмаштириб текширар, натижасини ҳисоблаб чиқардиларинг. Хато ечилган ҳар бир савол учун қанчалик хафа бўлганингга, жавобини топган тестингни машғулотларнинг энг жўшқин қисми — умумий муҳокамада таҳлил қилиб бера олганингда ич-ичингдан қувонганингга гувоҳман. Ҳар кун тўғри ечилган тестлар ҳисоб-китоб қилинар, абитуриент натижаларида ўсиш бўлмаса устоз дакки ҳам берарди.
Шу билан куннинг биринчи «дарси» тугаб, кейинги машғулотга тайёргарлик бошланар, бу вақтга хона ҳувилларди.

Қизлардан кимдир тупроқ устига гиламча ёзиб, кимдир ўрик соясида стул қўйиб, яна кимдир бетон девор устида оёқ чўзиб дарс қиларди.
реклама
реклама
Йигитлар эса ўз ётоқхонасида онаси юборган айронни симириб, патир ва олмаларни еб, ака-опалари ишлатган қўлланмаларни ўқиб дарс тайёрларди.
Ўз ҳаётининг фаровонлиги учун курашга киришган бу йигитлар илк бор қадрдон оиласидан узоқда яшаб, қийналаётгани сезилса-да, улар мақсадлари муштарак репетитордош ўртоқлар топганидан хурсанд, бир-бирига елкадош. «Казарма» — абитуриентларнинг катта бир оиласи эди.
«Ухлама, эй абитуриент, асри тараққий вақтида!»
Дарсхона тушликка тайёрланаркан, хонтахталар тозаланади, чанглар артилади, кўрпачалар қайта ёзилади — бу юмушлар китобга қарайвериб чарчаган мияга дам беради.

Уйи «казарма»га айлантирилишига рози бўлган меҳрибон хола, унинг ширингина набираси ҳали ёдингдан чиқмагандир? У уч маҳал овқат пиширар, овқатни емай увол қилаётган болаларга дакки берар, «яхши овқат еган бола яхши ўқийди» деб ҳамманинг кайфиятини кўтарарди.
Овқатни дастурхонга тортиш — эрталаб ҳовлини супуриб юрган навбатчиларнинг вазифаси. «Казарма»да йигитлар камроқ эди, шу боис улар айвонда, қизлар эса дарсхонада овқатланарди.

Университетга киришларингни ўзларингдан-да кўпроқ хоҳлайдиган устозларинг ҳам сенлар бирга таом ерди. Овқатланишларингдан дарсга шошилаётганликларинг билиниб турарди.
Овқатланиб бўлиб, машғулотлар бошлангунича яна дарс қилишга ошиқасан. Узала тушиб китоб ўқийсан, тест ечасан, ёнингда дарслик китоблар, олмаю дугоналаринг — ҳаммаси ҳам китоб ўқиётгани йўқ: кимдир мутолаа жараёнида пинакка кетган, бошқаси ўсма қўйган. Ўсма… Дугоналаринг бирга ўсма қўйганларинг эсингдами?
Бу шунчаки ўсма эмасди; келажакка умид билан қошни эмас, юракни суғоришга ўхшарди. Ўқишга тайёргарлик кўриш учун кўп бор йиғлаб-эланган дугона (лар), оиладаги турли етишмовчиликлар сабаб ўқий олмаган опасининг ушалмаган орзуларини ҳам елкасида сумка каби кўтариб юрган сингил, шу йилиёқ ўқишга кирмаса, уйдагилари уни «Анзират бувининг ёш келинлар мактаби»да ўқитиши аниқ бўлган ўзбек қизларининг ичкин-ичкин кўзёшларини ўзи мужассам қилган ўсма эди бу…
Сенинг қошларинг шу ўсмадан сув ичган, орзуларинг шу — абитуриентларнинг катта оиласида янада чархланган, дардларинг қоришган. Бу оиланинг дами, нафаси ўзгача. Дарс қилар чоғда ҳам мақсадларни эслатади, ҳатто уларни деворларга қадаб чиқади: «СамПИ, 189 балл», «189 балл, оз қолди», «Ухлама, эй абитуриент, асри тараққий вақтида!» — эҳ, булар ўзни овутиш, абитуриент қизларнинг бирга кураши эди. Сен яшаётган хона деразасига қараганимда ҳам китоблару дуоларни кўрардим — дераза ромлари умид билан куйларди.
Сен ўшанда шундай гўзал дамларда эдинг — виртуал оламдан йироқ, яқинлари билан суҳбатлашиш учун умумий уяли телефондан фойдаланадиган, мақсадлари, ширин ташвишлари бир талай.

Кимдир телефонда пичирлаб машғулотлар учун пул сўрарди, яна кимдир имтиҳонларга оз қолганини, бошқаси эса тестларда тўғри жавоблари кам чиқаётганини айтиб йиғларди.
Тўғри, баъзиларга буларнинг ҳеч бири аслида йиғлашга арзимасдек кўринар, аммо келажагини таваккал қўйган, идиш-товоқ ювганида ҳам китоб ўқишни унутмаган қизлар учун бу кураш эди аслида.

Ярим кечаси ҳам дарсда қатнашадиган, кўзларига уйқуни лойиқ кўрмайдиган абитуриентларнинг олий мақсад — таълим йўлидаги ҳаракати эди бу.
Ўқи!
Мандат ҳам чиқди…

Кенжа бўлгани учун пичан ташиган, картошка кавлаган, умуман, уй юмушлари елкасида қолиб кетган, айни вақтда сен билан бир «казарма»да тайёрланган укам ўқишга кирибди. Хурсанд бўлдик.

Укам елкасида опасининг юкларини-да кўтариб, ўқимаса келажаги «эски ҳаммом, эски тос» бўлишини, далада уни мол-қўю ўроқ-кетмон кутиб турганини билиб ўсди. Уни шаҳарга кузатар чоғда онамнинг кўзлари намланди, меҳнатлари учун, қувонч билан сийлагани учун раҳмат айтди.
Қизиқ, олий таълим, олийгоҳ — у билармикан бу курашларни, бу кўзёшларни?!

Тизим билмас, лекин буларни, қандай оғир дамларни бошдан кечирганингни, кечирётганингни мен биламан. Яқинда сени эрга бермоқчиликлари ҳақида ҳам эшитиб, титраб кетдим.

Олий таълим йўлидаги курашларинг бесамар кетишидан қўрқардим. Сен такрор ўқишингни, яна абитуриент бўлишингни, ҳаракатни давом эттиришингни хоҳлардим. Ахир абитуриентлик сенинг энг ёниб меҳнат қилган, қадрдон дўстлар топган лаҳзанг.
реклама
реклама
Ўша лаҳзалар сенга эскирган, янги рангларга муҳтож дарвозадек туйилар, сен унинг бу ишлай олмаётган тизимнинг нуқси уриб қолган дарвоза эканлигини-да биларсан?

Китоб тутиб шу дарвозадан кўзлаган манзилларинг сари боқиб, режаларинг ҳақида ўйларкансан, бу уйни, бу дамни тарк этиш сенга қанчалар оғир бўлиши мумкинлигини ҳам эсда тутишинг керак.

Балки сен китобларни қайта-қайта ўқигани куч топа олмай қийналаётган, балки яқинларингга қарши чиқа олмай ўртанаётган, балки тўлиб дарс ўтилган хоналарда ёлғиз қолдим, дея ўкинётгандирсан. Аммо шуни билки, бу хонада сен ва сенинг орзуларинг дарс қилмоқда, ўқимоқда. Ёлғизмассан.
Бу орзулар нафақат сеники, балки, бутун келажакники, сен тарбиялаб, вояга етказа оладиган келажакчаларники!

Улар учун ўқи!
Материал PressPhoto.Uz фотоагентлиги билан ҳамкорликда тайёрланди.
Матн ва суратлар муаллифи — Холида Мусулмон.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг