Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — таниқли журналист, шоир, спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов. Лойиҳа биринчи марта видео шаклида ҳам тайёрланди.

Мутолаа ҳақида

Мутолаа — бу, машҳур адибларимиздан бирининг таърифи билан айтганда, «ўзи асли ишқий жараён». Мен мутолаадан бошқа лаззатланиш мумкин бўлмаган жойда узоқ вақт бўлиб, мутолаа нима эканини, мутолаа билан инсон қандай қилиб саломат қолиши мумкинлигини тушуниб етганман.

Ўтган аср аввалида Домла Ҳиндистоний деган забардаст бир уламо ўтган. Шу кишини қамоққа олишганида, уни руҳан синдириш мақсадида одам бўйи баравар, қимирлаб ҳам бўлмайдиган чуқурликка «қани, қачонгача чидай оларкин», деб тушириб қўйишган экан. Оддий одам бундай шароитга ярим соат ҳам чидолмайди. Домла чуқурга тушган пайти ўзига ўзи «шу жойда Қуръонни хатм қиламан» деган экан; етти соатдан кейин: «Бўлдие, чиқ», деб тортиб олишган экан. Яъни, мутолаа баъзан инсонни мана шундай чуқурликлардан ҳам эсон-омон чиқиб кетишига ёрдам беради.

Китобни ҳамма ҳар хил ўқийди — баъзилар телбаларча, дунёларни унутиб, бир ўқишда тугатмагунча ўқийди, шундайларга қойил қоламан. Мен ҳам кейинчалик бунинг машқини, ҳадисини олдим ва китоб ўқиганимда ўша ҳолатга тушаман, атрофни унутаман. Ҳар бир одам мутолаа асносида завқини топиши керак. Завқини топса, уни бошқа ҳеч нарсага алишмайди.

Ибн Арабийнинг зўр гапи бор: «Агар жаннатда одамлар илм лаззатидек лаззатни ҳис қилса, демак жаннат ҳақиқатан ҳам яхши жой экан». Яъни олим одамлар китоб ўқишнинг лаззатини билади. Бир олимнинг ҳам гапи бор эди: «Ўлим фариштаси менинг жонимни китоб ўқиётган вақтимда олишини истардим, шунда осонроқ жон берсам керак». Бир олимнинг аёли ҳам айтган экан: «Худога қасамки, менга шу кутубхонадаги китоблардан кўра учта кундош яхши эди». Сабаби — учта кундоши бўлса, тўртинчи куни навбати келади-да. Завқ, шавқ топилса, менимча, китоб мутолааси ўзининг чўққисига чиқади.

Аудиокитобларни эшитиб кўрмаганман, эшита олмасам ҳам керак. Телефондан ўқишга ҳам қийналаман. Бирор китобни тополмай, принтердан чиқариб олсам ҳам, ўқиётганимни китобдек тасаввур қилолмайман. Лекин замонавий воситаларни инкор қилмайман — худди Шерали Жўраевни эшитиб қўйган авлод «Уммон»ни инкор қилмаслиги керак-да. Ёш авлодда қай йўсинда ўқиш имконияти бўлса, ўқиши керак. Лекин бир нарсага ҳайрон қоламан — агар китоб қандайдир илоҳий неъмат бўлмаса, ерий хусусиятдан ташқаридаги нарса бўлмаса, ҳозирги талотўп даврида, техника ҳар сонияда ривожланаётган замонда омон қолмаслиги керак эди, аммо у ҳали ҳам яшаяпти.

Сўнгги ўқилган китоблардан тавсиялар

Теодор Драйзер. «Бахтиқаро Керри».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Адабиётнинг икки қаноти бўлса, бири ўзбек адабиёти, иккинчиси жаҳон ва уларнинг ҳар иккиси бирга, параллел ҳаракат қилиши керак. Мен дастлаб жаҳон адабиёти, хусусан, Теодор Драйзер асарлари ҳақида фикр билдирмоқчи эдим. Назаримда, ҳар қандай сермаҳсул адибнинг ҳам иккита шоҳ асари бўлади, шунда ҳам улардан бири асосийроқ бўлади. Мен ҳам одатда у ёки бу ёзувчининг бош асари мутолаасига киришишдан аввал унинг бошқа ёзганларини ўқиб, тайёрланардим — ўзимга шундай тамойил қилгандим (сотиб олиш).

Теодор Драйзер. «Америка фожиаси».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Драйзернинг «Америка фожиаси»га ҳам «Бахтиқаро Керри» орқали тайёргарлик кўргандим. Озодликка чиқишим арафасида, 10 кун қолганида, «Америка фожиаси»ни ўқишга киришдим, аммо ўртачароқ китобни бир кунда ҳам ўқиб тугатиб ташлайдиган одам бу романни ҳис қилиб мутолаа қилолмадим. Озодликка чиққач, биринчи қилган ишларимдан бири — «Америка фожиаси»ни ўқиш бўлди. Киносини кўргандим, китоб киносидан фарқ қилди (сотиб олиш).

Абдулла Қодирий. «Ўткан кунлар».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Кейинчалик икки марта «Ўткан кунлар»ни ўқидим (Қодирийнинг бу романини шу вақтгача жами саккиз марталар ўқиган бўлсам керак). Мен қаерда интервью берсам ҳам «Ўткан кунлар»ни бир гапириб қўйишим, тарғиб қилиб қўйишим керак, деб ҳисоблайман, ҳали киносини кўришга улгурмаган ёшларга китобини ўқи, дейман. Нега? Нега ўзим ҳам ўқийвераман? Қуръоннинг маъноларини таржима қилган раҳматли шайх Алоуддин Мансурнинг охирги ўқиган китоби, у киши диний қатламнинг катта вакили бўлишига қарамай, «Ўткан кунлар» бўлган экан. Бу китоб — миллатнинг дардини ҳис қилиш, тушунишдир. Унда ҳамма нарса бор, у ҳамма нарсани ўзи ичига олган.

Кейин, миллатнинг нафасини берадиган асарлар таржима қилиб бўлмайдиган даражада бўлиши керак. Чунки баъзи сўзлар бор, масалан, «Йиғланилмасин» деган гап — Қодирий буни ўзбекнинг характеридан олган-да, «Йиғлама» дея олмайди, хизматкорига қаратилган бўлса-да, «Йиғламанг» ҳам дея олмайди, мажҳул феълда «Йиғланилмасин» дейиш — ўша кунги маданиятнинг бир кўриниши-да. Ҳа, майда нарсалар, лекин Қодирий шундай нарсаларни ҳар жойда қўшиб кетаверганидан, муштарий уни 8 марта ўқийдими, 10 марта ўқийдими, 20 марта ўқийдими, ўзи учун янгилик топаверади. Кўпда шундай деталлар. Шеърий асар деб ўйлайман — шеърларда ҳам таъбирлар, мажозлар чиқаверади-ку. «Ўткан кунлар» ҳам шунақа (сотиб олиш).

Ёшларга тавсиялар

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг мана шу учинчи қисмга жиддий тайёрландим. Ўқилган китоблар ҳақида ҳикоя қиларкансан, гапга усталик билан вазиятдан чиқиб кетиш мумкин. Мутолаа ҳақида ҳам умумий гапларни гапириш мумкин. Аммо бир кишига бир китобни тавсия қиларкансан, бу ишга чуқурроқ ёндашиш керак, деб ўйлайман. Шу боис ёшларга мўлжалланган тавсияларни бир мавзуга боғлаб, бир мақсад йўлида — фикрлашга чорлаш ниятида туздим.

Айни вақтда, ўқийдиган даражага етиб бориш учун баъзи босқичлар бор. Мисол учун, штанга кўтаришда ҳам қоида бор-ку — янги келган болага тош 10 кило-10 килодан қўшиб, кўтартирилади ва охири у 200 килони ҳам кўтаради. Аммо унга бирдан 200 кило кўтартирилса, бола синади. Шу каби, мутолаада ҳам шундай босқичлар бор (енгилидан қийинига, дегандек).

Муҳаммад Юсуф. «Қора қуёш» достони.

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Баъзилар шеърни ёқтирмайди, аммо шеърият жуда муҳим. Устозимиз Раҳмон ака (Қўчқор)нинг «Ҳайрат» номли ажойиб кўрсатувлари бўларди. Бир сафар шеърият ҳақида тўхталиб, Камбоджада исён бўлиб, инсоният тарихида мисоли йўқ жуда кўп қотилликлар бўлгани, ҳатто ёш гўдакларнинг юраклари суғириб олиниб, энг тансиқ таом дея тановул қилинишигача етиб борилгани, бу воқеалардан сал аввал эса шеъриятни, санъатни йўқ қилиш бошлангани ҳақида гапириб бергандилар. Яъни шеър, сўз тақиқланган, шеърга қарши аёвсиз кураш олиб борилган. Халқдан шеър суғириб олингач, мисли кўрилмаган даражадаги даҳшатли воқеалар содир бўлган. Бунда фақат шеър эмас, барча санъат турларини қайд этса бўлади — мен уларни инсонларни ваҳшийликдан тўсиб турган асосий қўриқчилар, деб ҳисоблайман.

Шунинг боис биринчи тавсия шеъриятдан бўлгани маъқул деб ҳисоблаб, нимани тавсия қилсам экан деб роса ўйладим ва айни дамда жамиятимиз учун энг зарурини танладим. Муҳаммад Юсуф ижодини кўпчилик ҳурмат қилади, қўшиқларини эшитган, лекин «Қора қуёш» достонини кўплар ўқимаган.

Мен тузумлар алмашган 1990 йилларда ўқишга кирганман — бошқачароқ даврлар эди. Ҳозир техника қандай тезлик билан ўзгараётган бўлса, у вақтда фикрлар шундай тез ўзгарарди. Фикрлар тўқнашуви, матбуот ва демократиянинг чўққиси… Ҳозир ўша даврга таъриф бера туриб, «бардак давр» деб қолишади. Аксинча, «ҳамма нарса ўз ўрнига шундай ташлаб қўйилган давр» деган бўлардим — шу боис адабиётда ҳам, шеъриятда ҳам, санъатда ҳам шоҳ асарлар шундай даврларда яратилади, деб ўйлайман. Бир нарсани назорат қилиш бошланса — 2000 йилдан кейин шундай бўлди-ку — катта ижодлар тўхтайди. Назорат яхшиликка деб ўйлашади, аммо ундай эмас — ҳамма нарса ўз йўлида кетса, тўғри рақобат катта нарсаларни юзага чиқаради. 1990 йиллар мана шундай — сўм-купон даври бўлгандир, баъзи одамлар қийналгандир, лекин фикрий томондан етук асарлар яратилган, етук фикрлар ва катта дарғалар чиққан.

Муҳаммад Юсуф «Қора қуёш» достонида 1937−1938 йиллардаги қатағонни ҳар хил ракурслардан кўриб чиққан. Мисол учун, ичида «Онанинг ноласи», «Икки яшар халқ душманлари» деган шеърлар бор — «халқ душманлари»ни қамашганда, уларнинг 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларини сақлаб турадиган махсус жой бўлган — шоир ўша шеърини «Учга кирадими, Худо билади, Икки яшар халқ душманлари», деб тугатган.

Достонда алоҳида «Қора қуёш» деган шеър ҳам бор. У Сталиннинг образини тасвирлаб, айтадики, «у буюк меъмор, ярим одамларнинг бошидан иморат қурган»; Сталинга берилган баҳода нимани таърифласа салбийсини ҳам кўрсатиб кетаверади. Бу қанақа одам ўзи, «ярим халқ қарғару, ярим халқ алқар», дейди ва охирида «Сталин — қуёшдир, Қора қуёшдир», дейди. Достон номи ҳам шундан.

Мен мана шу шеърий асарни ўқиб, шу мавзудаги насрий асарларда ҳис қилмаганимни — қатағон даврини тўла ҳис қилганман. Яна шундай даврларга қайтмаслик учун ҳам бундай асарларни ўқиш, ўша даврларни қайта-қайта эслаб туриш керак.

Асад Дилмурод. «Шердор».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Ўзбек ёзувчиларининг тарихий мавзудаги асарлари кўп — «Навоий» романи бор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировнинг асарлари бор — уларни ҳамма билади ва, менимча, кўп сотиляпти ҳам. Аммо кўпчилик билмайдиган яна бир адиб — Асад Дилмурод ҳам бор. Уни ўзим ҳам 2010 йилдан кейин кашф этганман. Адашмасам, 2019 йили қазо қилдилар — Худо раҳмат қилсин. Шу кишининг кўплаб романлари бор. Улар орасида «Шердор» қиссаси алоҳида ажралиб туради. Самарқандаги шундай номли мадраса бор-ку, ўша ердаги ҳокимият рамзи бўлган шер ва халқ рамзи ҳисобланган кийик мисолида, гўзаллик ичида халқнинг дардини айтиб беради. Кўпчилик бу тарихни билмайди.

Асад Дилмуроднинг исталган китобини олиб ўқийверишларини тавсия қилган бўлардим, лекин шу адибнинг ҳам мен учун иккита шоҳ асари бор. Бири, юқорида таъкидлаганимдек, «Шердор» қиссаси, иккинчиси эса «Маҳмуд Торобий» романидир.

Асад Дилмурод. «Маҳмуд Торобий».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Маҳмуд Торобий халқимиз учун йўқотилган сиймо. У Жалолиддин Мангуберди билан Амир Темур орасида қолиб кетган, гўёки унутилган. Мўғулларнинг биринчи авлоди билан урушган, қўзғолон қилган ва Бухорода қисқа муддат ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб турган (шу жиҳатдан уни Қўқон мухториятига ҳам ўхшатаман), чингизийларнинг жамики қонунларига терс юрган.

«Маҳмуд Торобий» романининг ютуқли томони — роман-ку, романда севги-муҳаббат ҳам бўлиши керак — Асад Дилмурод севги мавзусини француз адабиёти намояндалари даражасида етказиб бера олган. Ўқиб, мазза қилиб юборганман (сюжетга кўра, Торобий Чингизхоннинг гўзал жиянини севиб қолади ва охири у қиз мусулмончиликни қабул қилади). Бундай асарлар ўқувчини ўзида ушлаб тура олади.

Такрор бўлса-да таъкидлай — одамлар Асад Дилмурод деган муаллифни кўришса, китобларини олаверишсин ва ўқийверишсин. Ман ҳам ҳаммасини ҳам эмас, тўрттами асарини ўқиганман. Тили жуда жозибали. Назаримда, озгина «минус»часи бор — шоирона тасвир бироз ошиб кетган жойлари бор. Балки шунинг учун оммавий ўқилмагандир.

Ҳабибулла Қодирий. «Отам ҳақида».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Документал ишлардан ҳам бир тавсия — Ҳабибулла Қодирийнинг «Отам ҳақида» асари. Мен «Отам ҳақида»ни ўқиганимда Абдулла Қодирийни яна бир карра кашф қилганман. Чунки ўғил бошқача ёзади. Шу билан бирга, Ҳабибулла Қодирийнинг ўзини ҳам кашф қилганман. Ҳабибулла Қодирий бутун асар давомида отасининг босиб ўтган йўлини ва отасидан кейин Қодирий фамилияси билан яшаш қанчалик оғир бўлганини кўрсатиб берган.

Ҳабибулла Қодирий ҳам қамалиб чиққан. Унга «фамилиянгни ўзгартирсанг бўлди эди, қамалмасдинг», дейишганида, яна бир марта қамасанглар ҳам ўзгартирмасдим, деган экан. Қизиқ томони, асар охирида Ҳабибулла Қодирийнинг ўғли айтганки, «кўпчилик Абдулла Қодирийга қийинроқ бўлган деб ўйлайди, аслида Ҳабибулла Қодирийга қийин бўлган, чунки Абдулла Қодирий юлдуз эди, чиқди, порлади, кетди, лекин отам отасининг ҳам юкини кўтариб яшади — бу азоб эди».

Зўр асар — нафақат Абдулла Қодирийни кашф этишлари мумкин, ўша қатағон даврини ҳам ҳис қилишлари, қатағонларнинг 1940−1950 йиллардаги кўпчилик унутган, Сталиннинг ўлими туфайлигина тўхтаган иккинчи босқичи нақадар ғалати кечганини ҳам кўришлари мумкин.

Карел Чапек. «Саламандралар билан жанг».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Чех ёзувчиси Карел Чапекни яхши кўраман. Ажойиб сатирик, журналист. Дастлаб бир-икки қиссаларини ўқиганман, «Саламандралар билан жанг» романи — супер асар. Чапек 1936 йили ушбу асарини ёзган бўлса, 1938 йили вафот этган. Фашизм авжига чиқаётган пайтда яшаган. Табиийки, нормал ёзувчилар қатори бу балога қарши чиққан.

«Саламандралар билан жанг» — шу қаршилик маҳсулидир. Унда асар қаҳрамони саламандралар (ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшай оладиган судралиб юрувчилар)ни топади. Бу жонзотларда одам қилиши мумкин бўлган барча хусусиятлар бўлади ва ундан фойдаланиш бошланади. У каттаради, кўпаяди ва охири шу даражага етадики, инсониятни енгади. Зўр асар.

Габриэл Гарсиа Маркес. «Ёлғизликнинг юз йили».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Умуминсоний қадриятларни ўзида жамлаган, сўзга бўлган қаршилик ва сўзни асраб қолиш учун бўлган ҳаракатлар ўз ифодасини топган, одамларни фикрлашга ундайдиган асар. Номи ҳам зўр топилган — китобни ўқиркансиз, Одам Атодан то Қиёматгача борадигна авлод, нима қилса ҳам, ёлғизликда яшаши, инсон нақадар ёлғизлигини ҳис қиласиз.

Мен бу китобни тавсия қилган кўпчилик ярмигача ҳам эмас, 20−30 бет ўқиб, сўнг «ўқимайман, керакмас» деб юборган — қийин асар. Аммо шу босқичдан ўта олган, асар завқини ҳис қила олган одам, киришиб кетади, мутолаа давомида атрофдаги ҳамма нарсани унутади, бус-буткул ёлғиз бўлиб ўқийди — ўқувчини шунга мажбур қиладиган асар. Бошқа асарлар билан бунчалик ёлғиз қолиш қийин.

Жорж Оруэлл. «1984».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Оруэллнинг ҳам иккита шоҳ асари бўлса, бири шу — бутун дунёда қадрланаётган, Европа мактабларида ўқитиладиган «1984». Европани уйғотган, Европанинг ҳозирги ривожланишига энг таъсир қилган асарлардан. Нега мактабларда ўқитилади? Китобда баён қилинган ҳолатга ҳолатга тушмаслик учун. Унда муаллиф ўйлаб топган нарсалар ҳар жойда одамни ўйлатади, тили тушунарли, ҳеч қандай муболаға йўқ. Кузатиб турувчи Оға, нафақат фикрга қарши курашиш, балки умуман фикрлатмай қўя қолайлик деган ғоя қандай фожиаларга сабаб бўлиши, бундай тузум қандай ўрнатилиши кўрсатиб берилган.

Мен, албатта, кишиларимиз Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» китобини ўқишларини истардим — у бугун тавсия этилаётган барча асарлардан юқорироқ туради, деб ҳисоблайман, айни вақтда уни «1984»нинг позитив намунаси дейиш ҳам мумкин. Лекин уни тавсия қилганимиз билан, муштарийлар ўқиб тушунмаса, фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлиб қолмасмикин, деган мулоҳаза бор. Бир кишига «Бобурнома»ни тавсия қилгандим, у ўқишга уриниб кўриб, тилини тушунмай, «ўзбекчаси йўқми?», деб қолди. Шунда ўқувчини қийнамаслик керак, асарларни бугунги кун одамларига тушунарли тилда етказиш керак экан, деб ўйлаб қолдим (сотиб олиш).

Мурод Муҳаммад Дўст. «Лолазор».

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсия

Ҳозир жиноятлар ҳақида ўқишнинг зарурати йўқ деб ўйлайман. Ҳозир халқимизни фикрлашга чорлашимиз керак. Фикрлаганидан кейин, стендапчи Миршакар Файзуллоев айтганидек, халқ бутун бошли босқинчини ҳимоя қилиб турмайди-да.

Ўқувчи юқорида тавсия қилинган асарлани босқичма-босқич ўқиб чиқиб, якунда бадиий савияга эҳтиёж сезса, мазза қилай, инсон характерини олай деса, охирги тавсиям — Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романи.

«Лолазор» — бу эстетика. «Лолазор» — бу ҳар бир одамнинг характери достоевскийона очиб берилган роман. Бу ерда ҳам ўша тузумнинг, ўша куннинг нафаси бор, қандай ғайирликлар қилингани, инсон қанчалик тубанликларга бориши мумкинлиги, одамлар бир-бири билан гаплашиб ўтирганида бир-бири ҳақида қандай ўй-хаёл суриши каби жараёнларни моҳирона ифода этилган.

Юқоридаги «босқич»лар босиб ўтилса, «Лолазор»дан кейин, ўзимча бир хулосам-да энди бу, исталган асарни ўқийверса бўлади, деб ўйлайман (сотиб олиш).