Ўзбекистонда мамлакатда йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида яроқсиз ҳолга келиб қолган 600 минг гектардан зиёд ерлар сўнгги 5 йил ичида фойдаланишга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида ташкил этилган «Барқарор ривожланиш мақсадлари: озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув таъминоти» халқаро конференцияси майдонида маълум қилди.
Ушбу ерларда 280 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди ва қўшимча 3,7 млн тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган. Шунингдек, ички бозорни ғалла билан кафолатли таъминлаш тизими жорий этилиб, 4,5 млн тонна ғалла фермерлар ихтиёрида қолган.
Шунингдек, вазир 452 минг гектар майдон лазерли технологиялар ёрдамида текислангани, натижада йилига 4,5 млрд метр куб сув иқтисод қилиш имконияти яратилганини таъкидлаб ўтди.
«Сувдан оқилона фойдаланиш ва суғориладиган ерларда тупроқ эрозиясини олдини олиш учун 2030 йилгача 2,5 млн гектарда лазерли текислаш ва сув тежовчи технологиялар жорий қилинади», — деди Азиз Воитов.
Анжуманда экинларнинг янги серҳосил навли уруғларининг экилиши, ерларнинг лазерли текисланиши, замонавий агротехнологиялар жорий этилиши натижасида пахта ҳосилдорлиги 24,2 центнердан 34 центнерга, бошоқли дон ҳосилдорлиги 57,6 центнердан 69,7 центнерга етгани қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш, юқори даромадли ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2016−2022 йилларда жами 400 минг гектардан ортиқ пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, озиқ-овқат экинлари жойлаштирилди.
2017−2022 йилларда жами 138 минг гектар янги мевали боғлар (74 минг гектар интенсив боғ), 135 минг гектардан зиёд токзор ҳамда 5 минг гектар иссиқхоналар ташкил этилди. Илк бор 23 минг гектар майдонда интенсив усулда сабзавот етиштирилди.
Озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 124 фоизга, аҳоли жон бошига ҳажми 1,3 баробарга ошган. Маҳсулотни қайта ишлаш даражаси мева-сабзавот йўналишида — 14,9 фоизга (+1,5%), гўшт йўналишида — 13,6 фоизга (0,7%) ва сут йўналишида — 23,4 фоизга (+0.6%) етказилди.
Ташқи савдо фаолиятини эркинлаштириш натижасида сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмида ҳам ўсишга эришилди.
Мисол учун, 2016 йилда 560 млн долларли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2022 йилда унинг ҳажми 2 марта ошиб, 1,2 млрд долларни ташкил этди.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорт географияси кенгайиб, ўнлаб янги бозорлар (Македония, Непал, Словения, Чили, Швеция, Канада, Ливия, Молдавия, Сербия ва Сингапур)га мева-сабзавотлар экспорт қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Марказий Осиёда биринчи, Осиёда тўртинчи ва дунёда 13-ўринда турганини маълум қилгани ҳақида ёзган эдик. Айни вақтда мамлакатдаги суғориладиган майдонларнинг 28 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий қилиб бўлинган.