Ўзбекистон ҳудуди бўйича дам олиш кунлари қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, деб хабар қилди Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Ушбу ҳафтанинг ўртасидан Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудларига Волгабўйидан нисбатан салқин ҳаво кириб келди. Икки кун давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати +7…+10 даражага пасайди ва кеча кундузи +30…+35 даражани ташкил этди.

Жума куни Бухоро, Навоий вилоятларида, шанба ва якшанба кунлари марказий, жанубий ва шарқий вилоятларда иссиқ бироз пасаяди. Бироқ республика ҳудудининг катта қисмида ҳароратнинг пасайиши шимолий ҳудудлардек сезилмайди. Кундузги ҳарорат +33…+38 даражагача пасаяди.

Бугун ва дам олиш кунлари республика бўйича қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат тоғли ҳудудларда шанба ва якшанба кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

9−11 июнь кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда 9−11 июнь кунлари ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5−10 м/с тезликда эсади, 9−10 июнда 12−15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат бугун кундузи +38…+40 даража, дам олиш кунлари +36…+38 даража бўлади.

Ҳароратнинг пасайиши узоқ давом этмайди. Кейинги ҳафтада ҳарорат фони аввалги +35…+40 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +41…+42 даражагача бўлган қийматларга қайтади.