Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2022 йил июлида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича жиноий иш бўйича 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Даулетмурат Тажимуратовни озод қилишга чақирди.

Биринчи инстанция суди Тажимуратовни январь ойида бир қанча айблар, жумладан, ҳокимиятни ағдариб ташлаш ёки ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида фитна уюштириш бўйича айбдор деб топди. Апелляция суди июнь ойи бошида унинг ҳукмини ўз кучида қолдирди. Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров апелляция суди қарорини «адолатсиз» ва «ноқонуний» деб атади.

HRW Тажимуратовнинг июлдаги тартибсизликлар бўйича «инсон ҳуқуқлари юзасидан халқаро қонунчиликка кўра жиноий деб квалификацияланиши мумкин бўлган» баёнотлари ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

«Сиёсий позицияни ифодалаш ва тинч намойишларга чақириш ушбу нормалар билан ҳимояланган баёнотлар қаторига киради», — дейилади унда.

HRW, шунингдек, «суднинг пушаймонлигини билдирган маҳкумлар билан бир пайтда айбсизлигини таъкидлаб, ўзини фаол ҳимоя қилган Тажимуратовга бўлган муносабатидаги фарқ»қа тўхталиб ўтган. «Газета.uz» апелляция шикояти берган бошқа барча маҳкумга озодликни чеклаш ёки муддатларни қисқартириш каби енгиллик берилгани ҳақида ёзганди.

Ташкилотга кўра, Тажимуратов устидан ўтказилган суд жараёни «одил судлов стандартларига жавоб бермаган». HRW Тажимуратовнинг ҳукми суд-тиббиёт экспертизаси хулосалари ва гувоҳлар кўрсатмаларига асосланиб, апелляция судида Сергей Майоров томонидан «ишончли тарзда эътироз билдирилганини» таъкидлади.

«Ҳокимият ҳам Тажимуратов ҳибсга олинганидан кейин унинг қийноқлар ҳақидаги даъволарини самарали текшириб чиқмади», — дейилади HRW хабарида.