7 июнь куни Самарқанд шаҳридаги маҳаллардан бирида ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди, дея хабар бепмоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, фуқаро «Шукрона» маҳалласида маиший хизмат кўрсатиш йўналишида тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида «Халқ банки» Самарқанд шаҳар филиалидан кредит олмоқчи бўлган. Шунда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс унга банкдаги мансабдор танишлари орқали 150 миллион сўм миқдорида кредит чиқариб беришини айтган, эвазига 1500 доллар миқдорида пул талаб қилган.

Вилояти ИИБ ва ДХХ бошқармаси ходимлари хамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида маҳалла биноси ёнида ҳоким ёрдамчиси фуқародан 1,5 минг доллар миқдоридаги пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.