Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 8−9 июнь кунлари Қозоғистонда бўлиб ўтган Остона халқаро форумида нутқ сўзлаб, кейинги йилларда Марказий Осиёда янги ҳамкорлик босқичига ўтилганини таъкидлади ва уни ривожлантириш бўйича таклифларни илгари сурди. Бу ҳақда «Казинформ» хабар берди.

«Ҳозир биз иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий таъсири ва энергия инқирози каби муаммоларга дуч келмоқдамиз. Бу омиллар барқарор ривожланишга жиддий таҳдид солмоқда. Бу масалалар ҳам оғир аҳволга тушиб қолган жаҳон иқтисодиётининг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда», — деди Абдулла Арипов.

абдулла арипов, Остона халқаро форуми, Орол муаммоси

Ўзбекистон бош вазири, бундан ташқари, юкларни ташиш учун илгари мавжуд бўлган йўналишларда ҳам ўзгаришлар мавжудлиги, ҳозирги босқичда ҳамкорликда ишлаш ва конструктив мулоқот ўрнатиш ҳамма учун муҳимлигини таъкидлади. Шу ўринда ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида Марказий Осиё мамлакатларини мисол қилиб келтирди.

Унинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан таклиф этилаётган тизимли сиёсий ечимлар мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга хизмат қилмоқда.

«Сўнгги йилларда Марказий Осиёда бутунлай бошқача ва янги ҳамкорлик ривожланди. Бу, ўз навбатида, минтақадаги энг мураккаб муаммоларни ҳал қилади», — деди у.

Ўзбекистон бош вазири Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ортгани ва аввалги кўрсаткичлардан ошишига яқин қолганини билдирди.

абдулла арипов, Остона халқаро форуми, Орол муаммоси

Арипов, шунингдек, хорижий инвесторларни Орол денгизининг экологик муаммоларига эътибор қаратишга чақирди.

«Ушбу платформадан фойдаланиб, халқаро ҳамкорлар ва инвесторлар эътиборини Марказий Осиёдаги экологик муаммоларга қаратмоқчиман. Шу нуқтаи назардан, Орол ҳалокати оқибатларига эътибор қаратиш зарур. Шунингдек, дунёнинг бошқа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтиришга қаратилган Марказий Осиё давлатларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам кун тартибидан ўрин олган. Бундан ташқари, инвесторлар билан биргаликда биз қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика соҳаларини ривожлантиришдан манфаатдормиз», — деди Абдулла Арипов Остона халқаро форумида сўзлаган нутқида.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон 2030 йилгача аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми ўртачадан юқори бўлган давлатлар тоифасига киришга интилмоқда. Шу мақсадда Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, минтақада мавжуд фойдали қазилмалар захираларидан самарали фойдаланиш механизмлари ишлаб чиқилади.

Форум доирасида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам Оролни қутқариш масаласига эътибор қаратди.

«Минтақамизнинг иккита йирик дарёси — Сирдарё ва Амударёдаги сув сатҳи 2050 йилга бориб қарийб 15 фоизга камаяди. Минтақада экологик ҳалокатнинг олдини олиш мақсадида Оролни қутқариш халқаро жамғармасини қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ маблағ ажратишга чақирамиз», — деди президент.

абдулла арипов, Остона халқаро форуми, Орол муаммоси

Унинг таъкидлашича, сув муаммоси ва иқлим ўзгариши бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Марказий Осиё минтақаси сув хавфсизлигига «фақат яқин ҳамкорлик ва тўғри танланган қўшма чора-тадбирлар орқали» эришиш мумкин.

Қозоғистон раҳбари, шунингдек, иинтақадаги иқлим билан боғлиқ шу ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун Олмаота шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари учун лойиҳа офисини ташкил этиш ва 2026 йилда Қозоғистонда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар шафелигида минтақавий иқлим саммитини ўтказишни таклиф қилди.