Шавкат Мирзиёевнинг Италияга ташрифи доирасида ўтказилган бизнес форум давомида «Иссиқлик электр станциялари» ва Италиянинг SACE кредит агентлиги ўртасида учта йирик шартнома ва битта меморандум имзоланди. Бу ҳақда «Иссиқлик электр станциялари» матбуот хизмати хабар қилди.

Уларга кўра, жами 2 млрд 263 млн еврога тенг 4 та йирик лойиҳа, шу жумладан, Тошкент ИЭСни модернизация қилиш, пойтахтнинг 6 та туманида газ поршенли қурилма ва сув иситиш қозонларини қуриш лойиҳаси, Юнусобод туманидаги 4-Иссиқлик маркази ҳудудида ҳар бирининг қуввати 4,3 МВтга тенг 24 та газпоршенли қурилма ва ҳар бирининг қуввати 130 МВтга тенг бўлган 4 та сув иситиш қозонларини бунёд этиш ишлари амалга оширилади.

Меморандумга асосан эса 1-, 3-, 5-, 6-, 7-, 8-, 9-, 10- иссиқлик марказларида когенерацион қурилмалар барпо этиш орқали пойтахт аҳолисини қўшимча иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилади. Мазкур лойиҳа ҳам ЭПC+Ф яъни, қуриш ва тўлиқ ишга тушириш даражасида молиялаштириш шартига асосланган. Бу билан Тошкент ИЭСни модернизация қилишга оид келишувга кўра, станциянинг мавжуд қувватини 990 МВтга ошириш кутиляпти.

«Бунда табиий газни замонавий буғ-газ қурилмалари ҳисобига комбинациялашган циклда самарали ёқишни ташкил этиш, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш жараёнига босқичма-босқич замонавий ва юқори самарадор технологияларни жорий этиш орқали кўрсаткичларни ошириш, Тошкент вилояти саноат корхоналари ва уй-жой коммунал хўжаликларини ишончли электр энергияси билан таъминлаш белгиланган. Умумий қиймати 544,5 млн еврони ташкил этадиган лойиҳа асосида ҳудуднинг ижтимоий соҳаларини янада ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган», — дейилади хабарда.

«Лойиҳаларга инвесторларни жалб этиш жараёнида халқаро банк ва молия институтлари кўриб чиқилди. Натижада Италиянинг SACE кредит агентлиги томонидан берилган таклиф қабул қилинди. Молиялаштиришнинг асосий шартларидан бирига кўра, лойиҳаларда бош пудратчи сифатида Италия компаниялари иштирок этади», — дейди «Иссиқлик электр станциялари» АЖ Халкаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Алишер Жураев.

Маълум қилинишича, юқорида келтирилган 4 та лойиҳа ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 январдаги 13-сон «Тошкент шаҳри марказлашган иссиқлик таъминоти корхоналарини фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросига қаратилган.