9 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда дастлаб Ўзбекистон президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи тасдиқланди. Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми сайлов бюллетенига, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари ҳамда сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тартибида киритилади.

Сайлов бюллетени ўртасида оч кўк фонда Ўзбекистон давлат гербининг 88,5 миллиметрли ўлчамдаги тасвири ва унинг оч кўк рангли чизиқли нақши туширилган бўлади. Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби келтирилади.

Бюллетенда 4 нафар номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми алифбо тартибида жойлаштирилади. Унинг рўпарасида «плюс», «икс» ёки «қушча» белгисини қўйиш учун бўш катак бўлади.

Шунингдек, мажлисда айрим сайлов участкаларида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Унга кўра, сайлов куни овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача сайлов участкаларида видеокамера ва бошқа зарур қурилмалар ўрнатиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида сайловни ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудида жойлашган айрим сайлов участкаларида сайлов куни сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилмоқда. Мажлисда тажриба-синов тариқасида айрим сайлов участкаларида сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тартиби тасдиқланди ва қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари, муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловида халқаро ташкилотдан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида МСКнинг қарори билан ЕХҲТ ДИИҲБ, МДҲ каби кузатувчи миссияларнинг 43 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар асосида 25 та оммавий ахборот воситасининг 124 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Хозирги кунга қадар аккредитациядан ўтган ОАВ вакилларининг сони 353 нафарни ташкил этмоқда.